Ўзбекистон | 23:10 / 05.07.2021
43975
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда барча турдаги оммавий тадбирлар вақтинча тўхтатилди — Махсус комиссия

Республика махсус комиссияси томонидан очиқ майдонлар ёки ёпиқ мажмуаларда бўлишидан қатъи назар, Ўзбекистонда барча турдаги оммавий байрам тадбирлари, спорт мусобақалари, шунингдек, концерт, фестиваль, театр ва кино дастурлари вақтинча тўхтатилиши белгиланди.

Спорт турлари бўйича мусобақаларни мухлисларсиз ўтказишга рухсат берилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.

Бу чеклов мамлакатда коронавирус билан боғлиқ эпидемиологик вазият ёмонлашаётгани фонида киритилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, концерт-томоша дастурларининг ёпиқ маданият саройларида ўтказилиши шу йил 1 майдан вақтинча тўхтатилган эди.

Махсус комиссиянинг бир неча кун олдинги карантинга доир қарори амалга ошмаган эди. Эпидемиологик сиёсатни белгилаётган бу орган 28 июндан Тошкентга ўта зарурат бўлмаган ҳолларда автотранспортда киришни тақиқлаган, овқатланиш жойлари ва кўнгилочар объектлар 8:00дан 20:00гача ишлаши режимини киритган эди.

Ундан аввал эса, 23 июндаги қарорга кўра, автобус ҳайдовчилари ва метро кузатувчилари ниқобсиз шахсларни транспорт воситалари салонига чиқармаслиги керак эди.

Сўнгги пайтларда, карантин бўлишига ва касалланиш ҳолатлари ортиб бораётганига қарамай, минглаб одамлар иштирокида оммавий тадбирлар республика миқёсида такрор-такрор ўтказилаётгани жамоатчилик танқидларига сабаб бўлаётганди.

Мавзуга оид