Ўзбекистон | 11:41 / 08.04.2024
4669
2 дақиқада ўқилади

Венгрия Ўзбекистондан меҳнат муҳожирларини жалб қилади

Ўзбекистон ва Венгрия меҳнат муҳожирларини Венгрияга жалб қилиш масаласини муҳокама қилди.

Ўзбекистон дипломатик ваколатхонаси кўмагида Венгриянинг Worknet Kft. компанияси директори Давид Пензеш ва Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги бошлиғи ўринбосари Ҳожиакбар Файзуллахўжаев ўртасида видео-конференц-алоқа форматида музокаралар ташкил этилди.

"Дунё" хабарига кўра, онлайн мулоқот чоғида Ўзбекистондан меҳнат муҳожирларини Венгрияга жалб қилиш, Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги ва ушбу компанияси ўртасида ҳамкорлик шартномасини тузиш масалалари муҳокама қилинди.

Музокаралар давомида агентликнинг чет тилларини танлаш, тайёрлаш, ўргатиш соҳасидаги фаолияти, Ўзбекистондан бўлажак меҳнат мигрантлари учун давлат томонининг кафолатлари ва шартлари ҳақида батафсил маълумот берилди.

Венгрия томони Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ва агентлик томонидан юборилган меҳнат мигрантларини Венгрияга ёллаш ва ишга жойлаштириш соҳасида шартнома тузишга тайёрлигини билдирди.

Учрашув натижасида Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги ва Worknet Kft. компанияси ўртасида ҳамкорлик шартномасини имзолаш тўғрисида келишувга эришилди.

Давид Пензеш, шунингдек, жорий апрел ойидан бошлаб 100 нафар ўзбекистонликларни Венгриядаги қурилиш объектларида иш билан таъминлашга тайёрлигини билдирди.

Мавзуга оид