Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ҳудудларда гиёҳвандликка қарши тезкор тадбирларда йирик партиялар фош этилди
Фото: Видеодан кадр
Давлат хавфсизлик хизмати, Божхона қўмитаси ҳамда Ички ишлар органлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирлар давомида Андижон вилояти, Тошкент шаҳри, Наманган вилояти ва Сирдарё вилоятида гиёҳвандлик ва кучли таъсир қилувчи дори воситалари ноқонуний муомаласига оид бир қатор ҳолатлар аниқланди. Жами қарийб 6 кг мефедрон, 350 гр клофедрон, 1 кгдан ортиқ героин, шунингдек 2516 дона “Регапен” дориси мусодара қилинди.
1-ҳолат (Андижон вилояти):
Хўжаобод тумани ҳудудида ҳаракатланаётган BYD русумли автомашина тўхтатилиб, кўздан кечирилди. Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманида яшовчи, 1991 йилда туғилган, муқаддам судланган шахсга тегишли транспорт воситасининг салон қисмида 6 дона полиэтилен ўрамда жами 5 кг 946 гр “мефедрон” синтетик гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланди. Маълум бўлишича, у ушбу моддани “закладка” тарзида қолдирилган жойдан олиб, Тошкент шаҳрига олиб кетаётган бўлган.
2-ҳолат (Тошкент шаҳри):
Пойтахтда ўтказилган тадбирда хориждан куръерлик жўнатма орқали қандолат маҳсулотлари орасига яширилган 350 гр “клофедрон” синтетик наркотик моддасини қабул қилиб олган вақтида Чилонзор туманида яшовчи, 2006 йилда туғилган шахс ушланди. Тадбир давом эттирилиб, унинг шериги — Яшнобод туманида яшовчи, 1991 йилда туғилган шахс ҳам қўлга олинди. Аниқланишича, мазкур фуқаро яшаш хонадонида нарколаборатория ташкил қилган бўлиб, у ердан тахминий оғирлиги 5,3 кг бўлган синтетик моддалар, гашиш ва марихуана мойларига ўхшаш моддалар, электрон тарозилар, колба идишлар, уяли алоқа воситалари ҳамда лаборатория жиҳозлари ашёвий далил сифатида олинди.
3-ҳолат (Наманган вилояти бўйича тадбир):
ДХХ Наманган вилояти бўйича бошқармаси ҳамда Ички ишлар ва Божхона органлари ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда Фарғона вилояти Бувайда туманида яшовчи, 1981 йилда туғилган, муқаддам судланган шахс 1 кг 23 гр “героин” моддасини шартли харидорга 18 500 АҚШ долларига сотган вақтида ушланди. Тергов маълумотларига кўра, гиёҳванд модда Қирғизистондан Андижон вилоятига ноқонуний олиб ўтилган.
4-ҳолат (Сирдарё вилояти):
Сайхунобод туманидаги “Сайхун” ЙПХ масканида “Кобалт” русумли автомашина тўхтатилиб, холислар иштирокида кўздан кечирилди. Сурхондарё вилояти Денов туманида яшовчи, 1993, 1996 ва 1997 йилларда туғилган 3 нафар шахс ҳаракатланаётган ушбу автомашинанинг эшик қисмидаги хуфиёна жойда 2516 дона “Регапен” номли кучли таъсир қилувчи дори воситалари яширилгани аниқланди. Маълум бўлишича, улар мазкур дори воситаларини Қўқон шаҳрида “закладка” тарзида қолдирилган жойдан олишган.
Ҳозирда барча ҳолатлар бўйича қонунбузарларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Мавзуга оид
08:48 / 06.02.2026
Қашқадарёда йирик миқдорда гиёҳвандлик воситаси мусодара қилинди
11:14 / 09.01.2026
Фарғонада чегара-божхона постида гиёҳвандлик воситалари қўлга олинди
08:59 / 20.12.2025
Самарқанд ва Сурхондарёда йирик миқдордаги гиёҳвандлик воситалари олиб киришга уриниш тўхтатилди
08:20 / 29.11.2025