Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Италияда грандлар жанги, “Реал”да навбатдаги жиддий синов. Ҳафта ўйинлари анонси
Терма жамоалар билан боғлиқ навбатдаги танаффус олдидан клублар мусобақалари айни қизғин паллага кирмоқда. Сўнгги ҳафта омадсизлари “Челси” ва “Ливерпул” Лондонда орани очиқ қилса, Туринда “Ювентус” “Милан”ни қабул қилади. Барча ўйинларни ўз фойдасига ҳал қилган кучли бешликдаги ягона жамоа “Бавария” эса Франкфуртда синовдан ўтади.
Фото: Getty Imagеs
ЧЕЛСИ – ЛИВЕРПУЛ (4 октябр, 21:30)
Мавсумни жуда яхши бошлаган бу икки жамоа сўнгги пайтларда муваффақиятсизликлар гирдобида қолишди. “Ливерпул” юз фоизлик натижа билан пешқадам бўлиб турганди, аммо сўнгги турда Лондонда “Кристал Пэлас”дан мағлубиятга учради. Кейин эса Чемпионлар Лигасида “Галатасарай”га қарши учрашув ҳам мағлубият билан тугади. Шу тариқа мавсумни идеал бошлаган Слот жамоаси агар “Челси” устидан ғалаба қозона олмаса, иккинчи ўринга тушиб кетиши мумкин. Чунки “Арсенал” бу турда ўз майдонида “Вест Ҳэм”ни қабул қилади ва бу ўйинда мезбонларнинг имконияти анча юқори эканига ҳеч ким шубҳа қилмаса керак.
“Челси”нинг ҳолати янада оғирроқ. Энцо Мареска бир неча фронтда курашишда тажрибасиз экани кўриниб қоляпти. Тўғри, ўтган йили ҳам жамоа еврокубокларда қатнашган ва ҳатто ғолиб ҳам чиққан эди. Аммо Мареска Конференциялар лигасида бутунлай бошқа таркибни тушириб ҳам керакли натижани қўлга кирита оларди. Чемпионлар Лигаси эса анча юқори даража. Мареска дастлаб “Бавария”га тайёргарлик сифатида Брентфордда ротация қилди ва очко йўқотди. Кейин “Бавария”дан мағлубият “Олд Траффорд”даги муваффақиятсизлик билан давом этди. “Брайтон”га қарши уй учрашувида ҳам жамоа ҳисобда олдинда бораётган бўлса-да, қизил карточкадан кейин меҳмонлар ғалабани илиб кетишди. Ўзи умуман “Челси”нинг жуда кўп мағлубиятлари, хусусан охирги 5 мағлубиятидан 4 таси қизил карточка таъсирида содир бўлганини таъкидлаш керак. Қизиғи, “Челси” ҳафта ўртасида бўлиб ўтган ЕЧЛ ўйинида “Бенфика”ни енгиб, уч ўйиндан иборат омадсиз серияга чек қўйди ва шу ўйинда ҳам Жоао Педро сўнгги дақиқаларда қизил карточка олиб майдонни тарк этди. Хуллас “Челси” турнир жадвалида 8 очко билан и8-ўринда бормоқда, аммо агар яна очко йўқотадиган бўлса, кучли ўнликдан ҳам пастга қулаши мумкин.
Таркибларга келадиган бўлсак, мезбонларда йўқотишлар жуда кўп. Колвил ва Делап шундоғам анчадан бери сафда йўқ, Палмер ва Тосин ҳам ушбу ўйинда қатнаша олишмайди. “Брайтон”га қарши ўйинда Сантос ҳам жароҳат туфайли майдонни эрта тарк этганди, майдон марказига тушиши мумкин бўлган Эссугуда ҳам жароҳат бор. Трево Чалоба эса “Брайтон”га қарши ўйиндаги қизил карточкаси туфайли дисквалификацияга эга. Меҳмонлар таркибида асосий йўқотиш албатта, дарвоза чизиғида. Истанбулдаги ўйинда жароҳат олган Алисон катта эҳтимол билан бир ойдан кўп вақт мобайнида майдонга туша олмайди. Шунингдек Экитикенинг ҳам бу учрашувга тайёр бўлиши сўроқ остида қолмоқда.
Ўзаро ўйинларга келсак, май ойида бўлиб ўтган сўнгги учрашувгача “Челси” “Ливерпул”га қарши қаторасига 10 ўйинни ғалабасиз ўтказиб келаётганди. Шу сўнгги учрашувда “Челси”нинг қўли баланд келди, аммо бу вақтда “Ливерпул” чемпионликни расман ҳал қилиб бўлганини ҳам таъкидлаш керак. Яъни Слот шогирдлари “Челси” қадар бу ўйинга жиддий қарамаган бўлиши мумкин, демак муҳим ўйинларда “Челси”нинг ғалабасиз серияси ҳали ҳам давом этмоқда, деб айтсак бўлади.
АЙНТРАХТ – БАВАРИЯ (4 октябр, 21:30)
Компанининг “Бавария”си иккинчи мавсумдирки мавсумни жуда кучли бошламоқда. Бу балким тўғри стратегиядир, зеро энг бошидан сезиларли фарқни юзага келтириб олинса, ҳам асосий рақобатчиларга руҳий зарба бўлади, ҳам кейинроқ бошқа мусобақаларга ҳам кўпроқ урғу қаратиш имконияти яратилади. “Бавария” айни дамда Европада юз фоизлик натижа кўрсатган ягона жамоа бўлиб турибди. Компани шогирдлари 5 учрашувда 22 гол уришган, шунингдек, Чемпионлар Лигасидаги 2 ўйинни ҳам қўшсак, жами 30 гол бўлади. Мавсум бошидаги Суперкубок ўйинини айтмаса, кейинги 8 учрашувда “Бавария” ҳар ўйинни камида 3 гол уриб тарк этмоқда. Харри Кейн эса умуман космос даражада сермаҳсуллик кўрсатмоқда – 7 ўйинда у гол+пас бўйича 20 очкони қўлга киритиб бўлди.
Қизиқ томони, “Бавария”нинг навбатдаги рақиби айнан шу сценарийнинг давом этиши учун энг мос жамоадир. “Айнтрахт” бу мавсумда майдонга тушган 8 ўйиннинг ҳаммасида тўрттадан ортиқ гол урилган. Охирги 3 ўйинда жамоа 13 гол ўтказиб юборди. Гол уриш бўйича ҳам ёмон эмас – Бундеслигада 5 ўйинда 17 гол. Фақат “Бавария”да кўпроқ холос. Қизиғи, Чемпионлар Лигасидаги натижалар ҳам ғалати. Биринчи ўйинда 5:1 ҳисобида ғалаба, иккинчисида худди шу ҳисобдаги мағлубият. Сўнгги турдаги Менхенгладбахда ҳам тарихий сценарий рўй берди. “Айнтрахт” биринчи таймда 5:0 ҳисобида устунлик билан тугатиб, иккинчи тайм бошида олтинчи голни ҳам урди. Аммо ўйин охиригача мезбонлар 4 гол билан жавоб беришди. Ҳатто бу жамоаларнинг ўзаро ўйинларига қарасак ҳам юқоридаги статистикага ўхшаш натижаларни кўрамиз. Франкфуртдаги ўтган мавсумдаги учрашув 3:3 ҳисобида тугаган бўлса, ундан аввалгисида мезбонлар 5:1 ҳисобида ғалаба қозонишган. Уч йил олдин эса “Бавария” меҳмонда 6:1 ҳисобида устун келган. Мана шундай қувноқ жамоанинг “Бавария”га қарши ўйинини ўтказиб юбориш асло мумкин эмас. Голлар жуда кўп бўлиши шубҳасиз ва балким ҳар икки дарвозага ҳам.
РЕАЛ – ВИЛЯРЕАЛ (4 октябр, 23:55)
Мадрид дербисидаги оғриқли мағлубиятнинг алами “Қайрат” дарвозасига урилган жавобсиз 5 гол билан чиқмагани аниқ. Ростанам қайтиш учун жамоа каттароқ ўйинда ўзини кўрсатиши керак ва “Виляреал” мана шундай статусга жавоб беради. Зеро “сариқлар” Ла Лигада ёмон кетишмаяпти – 7 ўйинда 16 очко билан учинчи ўринни эгаллаб туришибди. Яъни мабодо Мадридда ғалаба қозонадиган бўлишса, ҳатто “Реал”ни ҳам қувиб ўтиб, 2-ўринга кўтарилиб олади.
Дербидаги йирик мағлубият жуда юқори кайфият билан бошланган Алонсо лойиҳасига кичик зарба бўлди. Биринчидан, энди бошқа рақиблар ҳам мукаммал кўринган “Реал”га қарши муваффақиятли ўйнаш формулаларини ўрганиб олишлари мумкин, иккинчидан, Алонсо системаси, баъзи футболчиларнинг позицияси бўйича саволлар пайдо бўла бошлади. Аввалроқ, энг яхшисини Алонсо билади, деб ҳар қандай қарори тўғри ўлароқ қабул қилинган бўлса, йирик мағлубиятдан сўнг саволлар бериляпти. Нега Мастантуонога кўпроқ имконият бериляпти? Беллинҳэмнинг ҳақиқий позицияси қайси? Гулер тортиб кета оладими? Янги ҳимоя чизиғи қанчалик ишончли? Эндрик қани? Асенсио қанотда эплай оладими? Энд0и Алонсо мана шундай ёқимсиз саволларга ҳам матбуот анжуманларида жавоб беришга мажбур бўлмоқда.
Таркибдаги муаммоларга келсак, “Реал” ўнг қанотда муаммоларга дуч келди. Аввалига Трент Александр-Арнолд, кейин эса Дани Карвахал жароҳат олди. Анчелотти бундай вазиятларда Валвердега ишонган бўлса, Алонсо Асенсиони синаб кўрмоқда. Шунингдек яна бошқа ҳимоячи Антонио Рюдигер ҳам ҳали тўлиқ тиклангани йўқ ва майдонга тушишга тайёр эмас. Меҳмонлар сафида ҳам йўқотишлар асосан ҳимоя чизиғида. Фойт ва Камбвала ўйнай олишмайди. Яқиндагина тикланиб “Тоттенҳэм”га қарши учрашувда майдонга тушган Айозе Перес ҳам яна жароҳат олди ва катта эҳтимол билан терма жамоалар билан боғлиқ танаффусдан сўнг қайтса керак.
Ўзаро учрашувларга қарасак, “Виляреал” охирги 30 учрашувда атиги 4 марта ғалаба қозонган, аммо бу ғалабаларнинг ярми айнан “Сантяго Бернабеу”да бўлганини ҳам таъкидлаш керак. Умуман Мадриддаги ўйинларда “Виляреал” ўзини жуда яхши ҳис қилади – охирги 14 учрашувдан 5 тасида мағлубиятга учрамасликни уддалаган. Пешқадам майдонида бу жуда яхши натижа деб айтиш мумкин.
СЕВИЛЯ – БАРСЕЛОНА (5 октябр, 19:15)
Бу жамоалар ўртасидаги охирги 7 ўйин “Барселона”нинг ғалабаси билан тугаган бўлса-да, барибир, “Севиля” тарихан топ рақибларга қарши, айниқса ўз майдонида муносиб қаршилик кўрсата олишини яхши биламиз. Турнир жадвалида эгаллаган ўрнидан қатъи назар, андалусияликлар ҳар қандай алоҳида учрашувда жуда кучли жамоага айлана олиши сир эмас. Бу сафар ҳам нимадир бўлишидан умид қилсак бўлади.
Айниқса, “Барселона”нинг “ПСЖ”га қарши муваффақиятсиз ўйинидан кейинги ҳолати барча учун қизиқ. Гап фақат мағлубиятда эмас, парижликларга қарши учрашувнинг иккинчи тайми кўпчиликда саволлар уйғотди. Бу бир марталик тактик хатоми ёки навбатдаги инқирознинг бошланишими? Эсингизда бўлса, Флик жамоаси ўтган мавсумни ҳам жуда яхши бошлаган, аммо кузнинг охирига келиб бир қатор салбий натижаларни қайд этганди. Таркиб борасида “Барселона”да муаммолар борлиги аниқ, клуб ёзги трансфер ойнасида кутилганидек кучая олмади. Турли жароҳатлар туфайли қаторасига бир неча ўйинларда деярли айни таркибда тушишга тўғри келяпти. “Камп Ноу”даги қурилишлар битмаётгани туфайли қаторасига бир нечта ўйинларни сафарда ўтказишга тўғри келди. Табиийки, сафардаги ўйинлар оғирроқ кечади ва учрашув тақдирини эртароқ ҳал қилиб етакчиларга дам бериш имкони камаяди. Хуллас мана шундай жуда кўп факторлар бирлашиб, “Барселона”да мавсум боши бўлишига қарамасдан хорғинлик кузатиляпти. Бу турдан кейин рўй берадиган терма жамоалар билан боғлиқ танаффус қайсидир маънода жамоа фойдасига ишлаши ҳам мумкин. Бунинг учун эса аввало “Севиля”га қарши баҳсни муваффақиятли якунлаб олиш лозим.
“Севиля” бу мавсумда ҳам ўзига хос қандайдир парадоксал. Жамоа сафардаги 4 ўйиннинг 3 тасини ўз фойдасига ҳал қилган ва бу борада Ла Лига пешқадамларидан бири. Ҳатто “Барселона” ҳам очко йўқотишга мажбур бўлган “Райо Вальекано” майдонидан ҳам ғалаба билан қайтишнинг уддасидан чиқишди. Аммо уй учрашувларига натижалар тескари – икки мағлубият ва бир дуранг. Мавсумдаги илк ғалабани маҳаллий мухлислар наҳотки “Барселона”га қарши учрашувда кўришса? Умуман олганда “Севиля”нинг “Барселона” устидан айнан чемпионат доирасидаги охирги ғалабаси 10 йил олдин содир бўлганди. Неймарнинг пеналтидан урган голига Крон Дейл ва Иборра жавоб беришганди.
Юқорида айтилганидек, “Барселона”да жароҳатлар кўп. Дарвозабон Жоан Гарсия, “ПСЖ”га қарши ўйинда жароҳат олган Эрик Гарсия, узоқ муддатга сафдан чиққан Гави, ҳамда Рафиня ва Фермин Лопеслар майдонга туша олишмайди. Табиийки, Флик яна ЕЧЛда ҳам ҳафта ўртасида майдонга тушган таркибга мурожаат қилишга мажбур. Сўнгги ўйинини бир ҳафта олдин ўтказган “Севиля”да албатта, бу борада бироз устунлик бўлади.
ЮВЕНТУС – МИЛАН (5 октябр, 23:45)
Италияда эса бизни грандлар тўқнашуви кутиб турибди. Нафақат “А Серия”, балки барча мусобақаларда бу йил ҳали мағлубият нималигини билмай келаётган “Ювентус” ўз майдонида турнир пешқадами “Милан”ни қабул қилади. Мавсумни ўз майдонида “Кремонезе”дан кутилмаган мағлубият билан бошлаган Аллегри шогирдлари кейинги 4 ўйинни ўз фойдасига ҳал қилди. Ўтган турда эса пешқадам “Наполи”ни енгиб 1-ўринга кўтарилиб ҳам олишди. Айниқса, “Наполи”га қарши ўйин, жамоа деярли бир тайм бир киши кам ўйнаб ҳам рақибга етарлича имконият бермагани кўп мутахассислар томонидан ижобий баҳоланди. Шунингдек, “Милан” бу мавсумда еврокубокларда иштирок этмаётганини ҳам эслаб ўтиш керак. Ўтган мавсумда худди шундай устунликка эга бўлган “Наполи” якунда чемпион бўлгани ҳам миланлик мухлисларни умидлантириши мумкин. Мисол учун “Ювентус” ушбу ўйиндан уч кун олдин “Виляреал”га қарши сафарда қийин учрашув ўтказган.
Юқорида “Ювентус”нинг мавсумда мағлубият нималигини билмаётган жамоалардан бири деб айтдик. Лекин бошқа томони ҳам бор. Туринликлар мавсумни уч ғалаба билан бошлаган бўлишса-да, кейинги икки ўйин дуранг билан якунланди. Сафарда “Верона”, ўз майдонидаги “Аталанта”га қарши учрашувлар бир хил 1:1 ҳисобида тугади. Бунга Чемпионлар Лигасидаги икки дурангни ҳам қўшинг. Яъни “Ювентус” барча мусобақаларда қаторасига 4 ўйинда ғалаба нималигини ҳам билмаяпти. Бошқа бир факт – “Ювентус”нинг мавсум бошидаги ғалабалари ҳам асосан сўнгги дақиқаларда, 2-таймдаги голлар эвазига юзага келган. Бу ҳам туринликларнинг ўйинларни назорат қилишда қийинчиликка дуч келаётгани, жуда кўп ўйинлар дуранг ва шунга яқин сценарийда кечаётганини кўрсатади.
Ушбу ўйиндан кейин “Ювентус”ни учта қийин сафар кутиб турибди. “А Серия”да “Лацио” ва Фабрегаснинг “Комо”си. Улар орасида эса Мадридда “Реал”га қарши учрашув. Чемпионлар Лигасида икки ўйиндан атиги 2 очко билан қолаётганини эътиборга олсак, жуда муҳим учрашув. Мана шу қийин уч сафар олдидан “Ювентус” ўз майдонида ғалабасиз серияга чек қўйиб олиши шарт. “Милан” эса агар мағлубиятга учрайдиган бўлса, нафақат пешқадамликни бой беради, ҳатто 5-ўринга ҳам тушиб кетиши мумкин. “Наполи”, “Интер” ва “Рома” ҳам жуда яқин туришибди.
Ҳар икки жамоада ҳам катта йўқотишлар йўқ. “Ювентус” асосий ҳимоячи Бремерсиз, “Милан” эса Томорисиз ҳаракат қилади. Ўз вақтида “Ювентус”да ҳам анча йиллар ишлаган Аллегрининг яна “Милан” мураббийи сифатида Туринга ташрифи ҳам шудоғам катта ўйиннинг интригасини оширса керак.
БОШҚА ЎЙИНЛАР
4 октябр. Лидс – ТОТТЕНҲЭМ (16:30), БАЙЕР – Унион (18:30), БОРУССИЯ Д – ЛЕЙПЦИГ (18:30), ЛАЦИО – Торино (18:00), АРСЕНАЛ – Вест Ҳэм (19:00), МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД – Сандерленд (19:00), Метц- МАРСЕЛ (20:00), ИНТЕР – Кремонезе (21:00), АТАЛАНТА – Комо (23:45),
5 октябр. НЮКАСЛ – Ноттингем Форест (18:00), Фиорентина – РОМА (18:00), Брентфорд – МАНЧЕСТЕР СИТИ (20:30), НАПОЛИ – Женоа (21:00), Лилл – ПСЖ (23:45)
Мавзуга оид
11:04 / 21.12.2025
Мбаппе Роналдунинг рекордини такрорлади, Ҳоланд янгилади. Кун ўйинлари
14:40 / 15.12.2025
«Сити»да йирик ғалаба, бразиллар Алонсони қутқарди
18:16 / 14.12.2025
«Реал»даги кичик инқироз. Клубнинг муаммоси нимада ва Алонсо энди нима қилади?
11:57 / 11.12.2025