Яқиндагина класикода ғалаба қозониб, Испания чемпионатида жиддий фарқ билан пешқадамлик қилаётган «Реал» бирданига муаммолар гирдобига тушиб қолди. Қониқарсиз натижалар, ишонарсиз ўйин, жароҳатлар ва энг эътиборлиси Ҳаби Алонсо билан муаммолар – испан нашрлари ёзда жамоа бошқарувига келган мураббийга муҳлат берилгани, кейинги уч ўйиндан бирортасида ғалаба қозона олмаса, истеъфога чиқарилиши мумкинлиги ҳақида ёзишмоқда.

Албатта, бундай хабарлар турли мураббийлар билан кўп чиқиб туради, одатда нашрлар кўпинча тахминларни бўрттириб ёзишади. Аммо Англиядан фарқли равишда Испанияда журналистлар бироз бошқача ишлашини, нашрлар у ёки бу клуб, шу жумладан, «Реал»нинг ҳам манфаатларига хизмат қилишини инобатга олсак, вазиятга жиддийроқ қараш мумкин. Зеро бундай хабарлар чиқаётгани, шу билан бирга, клуб расмийлари томонидан раддиялар йўқлиги, табиийки, дарахтнинг учи бекорга силкинмаётганидан далолат беради. Қуйида шу саволга жавоб изланади – Мадридда нима бўляпти ўзи?

Тизимли мураббий нима?

Сўнгги йилларда бу атама тез-тез ишлатилмоқда, нафақат Европада, балки маҳаллий матбуотда, шарҳловчилар томонидан ҳам мураббийлар тизимли ва эски классик услубга риоя қилувчилар сифатида ажратилишига гувоҳ бўламиз.

Ҳаби Алонсо ва «Реал» мавзусида ҳам бу атамага мурожаат қилишга тўғри келади, зеро у немис футболида шаклланган тизимли мураббий бўлса, «Реал»нинг олдинги бош мураббийи Карло Анчелотти аксинча, эски мактаб мураббийларининг ёрқин ва энг муваффақиятли вакили эди. Қисқа муддатда бу қадар қутблашиш табиийки, аввалдан бу мавзу тилга олинишига сабаб бўлганди.

Хуллас, эски мактаб асосан футболчиларнинг хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда тактика ва услуб танлаш, айниқса етакчиларнинг ўзини қулай ҳис қилиши ёрдамида самаралироқ фойлаланишни кўзда тутади ва ижрочиларга имкон қадар эркинлик тақдим этади. Базавий талаблар – зич ўйнаш, позициялар, прессингга амал қилинган ҳолда, муайян вазиятларда импровизацияга кенгроқ йўл очилади.

Тизимли футболда эса бирламчи – футболчи эмас, жамоадир. Албатта, ҳар қандай тизим ҳам мазкур жамоадаги футболчиларнинг хусусиятларига таянади ва шундан келиб чиқади. Аммо тўп қандай эгалланишидан тортиб, ҳар бир нуқтада қандай ҳаракатланиш, тўпни кимга етказиш ва қайси йўл билан вазиятлар яратиш мураббий томонидан олдиндан белгиланади. Шу асосда жамоа узоқ машғулотлар ёрдамида аниқ услубни автоматизм даражасига олиб чиқади. Ҳа, бироз мураккаб, аммо тўлиқ ишлаганда, рақибдан қатъи назар соатдек ишлайдиган механизмга айлантириш мумкин.

Таққослаш учун мисол келтирамиз. Тасаввур қилинг, бир жамоа таркибида  ўртача даражаси 7 баҳолик бўлган 11 нафар футболчи бор. Классик услубда бу жамоа ҳар ўйинда камида 6, муваффақиятли ҳолларда 8 баҳога лойиқ ўйин кўрсатиши мумкин. Аммо агар бу тизимлашса, жамоа 9-10 даражадаги футбол намойиш қилишга лойиқ бўлади. Шу билан бирга, тизим ишламаганда, баъзида жамоа ўйини 4-5 даражага тушиб кетиши ҳам мумкин. Шундан хулоса қилиш мумкинки, тизим нисбатан кучсизроқ таркиб ва футболчилар билан ҳам яхши ишлайди – шу орқали умумий даражани ошириш, ўртача футболчилар билан ҳам юқори натижаларни кўзлаш мумкин.