«Реал» «Сити»га ютқазди, «Арсенал»да яна йирик ғалаба. Кун ўйинлари
|16:57 / 11.12.202514 69720 мин
«Арсенал» 100 фоизлик кўрсаткич билан амалда плей-оффни ҳал қилди, «ПСЖ» гол уролмади. Чоршанба оқшомида ЕЧЛнинг 6-тури доирасидаги асосий воқеалар, ўйинлардаги голлар ва турнир жадвалидаги вазият.
Фото: Jose Breton/Getty ImagesФото: Jose Breton/Getty Images
«Реал»да қулашда давом этди, бу сафар жамоа ўз уйида «Манчестер Сити»га ютқазди – 1:2.
Ҳаби Алонсони тўғри тушуниш мумкин, ҳозирда «Реал» мудофааси аянчли кўринишда қолган – Милитао, Ҳаусен, Карваҳал, Трент ва Менди жароҳатланган. Натижада Алонсо марказий ҳимояда Рюдигерга ёш Асенсиони шерик қилиб туширди, захира ўриндиғида ўтирган Мартинес ва Валдепеняс каби футболчиларни жамоа мухлислари ҳам танимасди. Ҳужумда эса бундан ҳам жиддийроқ йўқотиш бор эди, Килиан Мбаппе ўйиндан бир кун олдин оёғида оғриқ ҳис қилди ва машғулотларни ҳам ўтказиб юборди, ўйин куни эса захира ўриндиғида қолдирилди. Унинг ўрнига ҳужумда клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида порлаган, лекин шундан буён ўйин амалиётига эга бўлмаётган Гонсало Гарсияни туширишга тўғри келди.
Шунга қарамай, мезбонлар ўйинни ҳужумкор бошлаган ва тезкор гол уриши мумкин эди. Ўйиннинг 2-дақиқасидаёқ бош ҳакам Клеман Тюрпен аввалига меҳмонлар дарвозасига пеналти белгилади, аммо VAR унинг хатосини тузатди: видеотакрорда Матеуш Нунеш Винисиусни жарима майдони ташқарисида йиқитгани маълум бўлди. Мезбонлар ҳужумкорликни давом эттиришди, 28-дақиқада эса «Сити»га қарши ўйинларда порлайдиган Родриго яна ўзини кўрсатди.
Бразилиялик вингер бунгача қаторасига 32 ўйинда (март ойидан буён) гол ура олмаганди, лекин ўзи учун севимли бўлган рақибга қарши ўйинда бу сериясини бузишга қарор қилди.
Ўтказиб юборилган гол «Сити»га ижобий таъсир кўрсатди ва дарҳол жавоб қайтарилди. Гол бурчак зарбасидан кейин урилди: Гвардиол тўп учун курашда Беллингҳэмдан устун келди ва бош билан зарба йўллади, Куртуа тўпни қайтарди, аммо тўпга биринчи бўлиб О'Райли етиб келди.
43-дақиқада эса мезбонлар дарвозаси томон пеналти белгиланди: Антонио Рюдигер жарима майдони ичида Эрлинг Ҳоландни ушлаб қолди. 11 метрлик нуқтага яқинлашган Эрлинг зарбани аниқ ижро этди.
Мавзуга оид
Шундан кейин «Реал» очиқчасига сочилиб кетди ва фақат Куртуанинг сейвлари жамоани йирик мағлубиятдан қутқариб қолди.
Иккинчи бўлимда ўйин қарама-қарши курсларда кечди. «Реал» ва «Сити» навбати билан ҳужум уюштирди, аммо шундай хаотик ўйинда ҳам мадридликлар вазиятни ўз томонига оғдира олмади. «Сити» асосан Докунинг қанотидан олдинга ўтди ва иккинчи бўлимда ҳам Куртуа Доку ва Шеркининг мураккаб зарбаларини қайтариб, жамоасини ўйинда олиб қолди.
Мезбонларда ҳам бир неча яхши вазиятлар бўлди, аммо Беллингҳэм ва Винисиусга қулай позициялардан зарба беришда аниқлик етишмади. Ўйин охирларида, Алонсо ва-банкка қўл уриб, Эндрикни ҳам майдонга туширганида эса Вини суперимкониятни йўққа чиқарди – у олис устун яқинида туриб тўғри зарба беролмади. Эндрикнинг бошда йўллаган зарбасидан кейин эса тўп тўсинга тегиб, майдондан чиқиб кетди. «Реал» ўйинни ажабланарли статистика билан якунлади: жамоа ўйин давомида жами 16 бор зарба берди ва шундан фақат биттаси (Родригонинг голи урилган вазиятда) дарвоза соҳасига тўғри борди.
● «Реал» сўнгги саккиз ўйинда атиги икки ғалабага эришган: бу оралиқда «Ливерпул» ва «Селта» каби клублардан ҳам ютқазди, яна уч ўйинда дуранг ўйнади.
● «Манчестер Сити» «Реал»ни 2023 йилдан буён сўнгги беш ўйинда илк бор мағлуб этди.
● Ҳоланднинг голи – ЕЧЛдаги 55-гол бўлди. У турнирдаги ўйинлари сонидан голлари сони кўпроқ бўлиб турган ягона футболчи.
Кейинги турда «Реал» «Монако»ни қабул қилади, «Сити» Ҳоланднинг ватанига сафар қилиб, «Буде-Глимт» меҳони бўлади.
Таркиб борасида муаммоларга учраётган Артета ЕЧЛдаги вазият енгилроқ эканини ҳисобга олиб, «Брюгге»га қарши аралаш таркибни туширди. Сака, Эзе, Райс, Тимбер, Калафиори каби етакчиларга дам берилди, яримҳимоячи Норгар эса марказий ҳимояда тушди.
Яқинда мураббийни алмаштирган мезбонлар эса ўйинга катта иштиёқ билан тушишганди ва қатор вазиятларга эга бўлди, аммо Давид Райя ишончли ҳаракат қилди. Бўлим ўрталарида эса шу куни Сака ўрнида ўнг қанот ҳужумида тушган Нони Мадуэке шедевр гол муаллифига айланди. У майдон марказига яқин ҳудудда тўпни эгаллаб, жарима майдони атрофигача борди ва қайтариб бўлмас зарба йўллади.
Шундан кейин «Арсенал» ўйинни хотиржам назорат қилди. Иккинчи бўлим бошида аввалига Мадуэке дублни расмийлаштирди, 56-дақиқада Габриэл Мартинелли турнирда қаторасига бешинчи ўйинда гол уриб, ҳисобни йириклаштирди. Ўйин тақдири ҳал бўлгач, Артета узоқ вақт (қарийб бир йил) жароҳатини даволаган Габриэл Жезусни, шунингдек, 16 ёшли ҳимоячи Марли Салмонни ҳам майдонга туширди. Райя эса ўйин охиригача 7 та сейв амалга ошириб, дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолди.
● «Арсенал» АПЛда «Астон Вилла»га қарши ўйинда қайд этилган 1:2 ҳисобидан кейин ўзига келиб олганини намойиш этди. Жамоа ўша мағлубиятгача уч ой давомида мағлубият нималигини билмаган (18 ўйин), аммо собиқ бош мураббийи Унаи Эмеридан яна бир бор енгилиб (5), турнир жадвалида таъқибчиларини яқинлаштириб олганди. Аммо Микел Артета босимни енгиб ўта олди.
● «Арсенал»нинг ЕЧЛдаги ишлари идеал даражада: олти ғалаба, 18 очко ва тўплар нисбати 17:1. Ҳозирча умуман очко йўқотилмаяпти ва амалда кейинги босқич масаласи ҳал қилинди.
● Габриэл Мартинелли ЕЧЛда ўзи тушган қаторасига беш ўйинда гол урди. Бунақаси «Арсенал» тарихида кузатилмаган: у «Атлетик Билбао», «Олимпиакос», «Атлетико», «Бавария» ва «Брюгге»га қарши ўйинларда голли серия қайд этди.
Кейинги турда «Арсенал»ни «Интер» майдонига қийин сафар кутмоқда; «Брюгге» Қозоғистонда «Қайрат» меҳмони бўлади.
«ПСЖ» 90 дақиқа давомида «Атлетик» дарвозасига йўл топа олмади ва ЕЧЛда иккинчи бор очко йўқотди (аввалроқ «Бавария»га ютқазганди – 1:2). Умуман олганда, парижликлар бу мавсумда барқарор ўйин намойиш эта олмаяпти, ноябр ойида ички чемпионатда бир киши кам бўлиб ўйнаган «Монако»га ютқазган (0:1), ЕЧЛда «Тоттенҳэм»дан учта гол ўтказиб юборганди (5:3). Ҳозирча Луис Энрике шогирдлари ЕЧЛ турнир жадвалида 13 очко билан кучли саккизликда қолмоқда, аммо энди қолган икки турда «Спортинг» ва «Нюкасл»га қарши ўйинларнинг аҳамияти ортиб кетди.
Ҳозирги «Ювентус»га ҳеч қайси ўйинда ишониб бўлмайди. Ўйиннинг биринчи бўлимида туринликлар фақат дарвозабон Ди Грегорионинг қаҳрамонликлари эвазига гол ўтказмади. Кипрликлар мунтазам равишда хавфли қарши ҳужумлар уюштиришди, бу ҳужумлардан бири Андерсоннинг зарбаси устунга бориши билан якунланди, яна бир ҳужумда дарвозабон Драгомирнинг зарбасидан кейин тўсин остига бораётган тўпни қайтариб қолди.
Аммо иккинчи бўлимда вазият ўзгара бошлади. Франсишку Консейсау захирадан тушиши «Юве»нинг ўйинини кучайтирди ва 67-дақиқада Давид Луиз бошчилигидаги меҳмонлар ҳимояси барибир гол ўтказиб юборди: Камбиязонинг узатмасидан кейин Маккенни ҳисобни очди. Олти дақиқа ўтиб Кенан Йилдиз Дэвидни дарвозабон билан яккама-якка вазиятга чиқарди ва шу билан ўйин тақдири ҳал бўлди.
Кейинги турда «Ювентус» «Бенфика»ни қабул қилади, «Пафос» «Челси»га қарши сафар ўйинига боради – бу Давид Луиз учун муҳим ўйин бўлиши тайин.
«Байер» уйда «Нюкасл» билан дуранг ўйнади – 2:2. Ўйин қарама-қарши курсда кечди ва якуний натижа ўйинга мос бўлди.
Немислар 13-дақиқадаёқ ҳисобни очишди: Роберт Андрих бурчакдан оширилган тўпга у қадар муваффақиятли зарба бера олмаганди, аммо тўп меҳмонлар сардори Бруно Гимараэснинг орқасига тегиб, дарвоза тўрига йўл олди. «Байер» шундан кейин ҳам ҳужумкор ўйнашда давом этди, «Нюкасл» эса одатдаги каби сафар ўйинида қийналди.
Аммо танаффусдан кейин дарвозабон Марк Флеккен Эдди Ҳау шогирдлари жонига ора кирди: у оддий вазиятда тўпни йўқотди ва рақиб форварди Ник Волтемадега қўполлик ишлатишга мажбур бўлди. Энтони Гордон эса бу фол учун белгиланган пеналтини аниқ ижро этди.
Шундан кейин «Нюкасл» ташаббусни қўлга олди ва вазият яратиш борасида мезбонлардан ўзиб кетди. Бу ҳисобда ҳам акс этди ва 74-дақиқада Майли Гордоннинг узатмасини голга айлантириб, жамоасини ҳисобда олдинга олиб чиқди. Меҳмонлар ўйин тақдирини ҳал қилиб қўйиши мумкин эди, аммо Флеккен айбини ювди ва муқаррар голдан қутқарди, яна бир вазиятда тўп дарвоза устунига тегди. 88-дақиқада эса мезбонлар ҳимоячиси Грималдо яна бир бор катта саҳнага чиқиб, ҳисобни тенглаштирди. «Байер» характер кўрсатди ва муҳим очкога эга бўлди.
Кейинги турда «Байер» «Олимпиакос» меҳмони бўлади, «Нюкасл» ўз уйида ПСВни қабул қилади.
«Да Луж»даги ўйиннинг биринчи бўлими бошида икки мураббийда ҳам майдонда бўлаётган воқеалар учун ҳақли эътирозлар юзага келди. Антонио Конте ўз шогирдларининг бу қадар иложсиз ҳолда қолганини тушана олмасди, Жозе Моуринио эса «Бенфика» футболчилари вазиятларни кўкка совиришидан фиғони фалакка чиқарди. Хусусан, шу куни марказий ҳужумчи позициясида тушган Иванович меҳмонлар дарвозабони Милинкович-Савич билан яккама-якка вазиятдан фойдалана олмади.
Аммо бўлим ўрталарида мезбонлар барибир ҳисобни очишди, Иванович «Наполи» жарима майдонида иккинчи қаватда тўп учун курашда Мактоминайдан устун келди ва қулай позицияда ўзини таклиф этган Риосни голли пас билан таъминлади. Иккинчи бўлим ҳам ушбу колумбиялик яримҳимоячининг голли ҳаракати билан бошланди, унинг қанотдан узатмасини Леандру Баррейру дарвоза тўрига тўғрилаб юборди – 2:0. Моуринио аста-секинлик билан лиссабонликларнинг ҳолатини яхшиламоқда (охирги икки турда икки ғалабага эришган жамоа турнир жадвалининг қуйи қисмидан 25-ўринга кўтарилди). ЕЧЛдаги барча сафар ўйинларида ютқазаётган (бунгача «Сити» билан 0:2, ПСВ билан 2:6 ҳисоблари қайд этилганди) «Наполи» эса 23-ўринга қулади ва бу темпда ўтиш ўйинларига ўтиш имкониятини қўлдан чиқариши мумкин.
Кейинги турда «Наполи» «Копенҳаген» меҳмони бўлади, «Бенфика» «Ювентус» майдонига сафар қилади.
Дортмундликлар кутилмаганда ўз уйида «Буде-Глимт» билан дуранг ўйнади – 2:2. Ҳолбуки барчаси яхши бошланганди: 18-дақиқада мезбонлар иккита пас билан «Буде» ҳимоясини ёриб ўтиб, Юлиан Брандт ҳисобни очганди. Танаффус арафасида эса муаммолар бошланди, аввалига «Боруссия» жароҳат туфайли Валдемар Антонни йўқотди. Кейин эса норвегияликлар ҳисобни тенглаштиришди.
Бу ҳолатни эса жамоанинг собиқ футболчиси ва содиқ фанати Марко Ройс трибунада маъюс ҳолда кузатиб ўтирди.
Иккинчи бўлим ҳам немислар учун яхши бошланди: 51-дақиқада Брандт дубл расмийлаштирди, кейин эса яна бир неча голли вазиятлар яратилди, аммо шу куни дарвозабон Никита Хайкин ишончли ҳаракат қилди. Кейин эса «Буде» яна бир бор ҳисобни тенглаштирди – вингер Йенс Ҳеуге ўз номини таблога ёздириб қўйди. Қолган вақт мобайнида меҳмонлар матонат кўрсатишди ва дуранг ҳисобни ушлаб қолишди. Бундай Хайкиннинг хизматлари катта бўлди: «Буде» дарвозабони етти бор муқаррар голдан қутқарди.
Натижада «Боруссия» кучли саккизликни тарк этди, Нико Ковач шогирдларини кейинги турда «Тоттенҳэм» майдонига қийин сафар кутмоқда.
«Копенҳаген» бунгача еврокубокларда бирор марта ҳам испан жамоаларини мағлуб этолмаганди: тўрт дуранг ва саккиз мағлубият. Аммо бу сафар данияликлар «Вилярреал» билан ўйинда нохуш анъанага барҳам берди. «Сариқ субмариналар» бу мавсум Ла лигада қанчалик муваффақиятли иштирок этаётган бўлса («Атлетико»дан олдинда ва захира ўйинда ғалаба қозониб, «Реал»ни ҳам қувиб ўтиши мумкин), ЕЧЛда шунчалик ёмон ўйнамоқда.
Марселино Торал шогирдларига бу турда нисбатан осонроқ рақиб дуч келганди, лекин 71-сониядоқ гол ўтказиб юборилди. Иккинчи бўлим бошида ҳисоб тенглаштирилди, аммо мезбонларнинг қувончи узоққа чўзилмади ва бир дақиқа ўтиб Ашури яна меҳмонларни ҳисобда олдинга олиб чиқди. Мезбонлар шундан кейин ҳам ўйинга қайта олишди ва 56-дақиқада Олувасейи мувозанатни тиклади. Аммо «Копенҳаген» 90-дақиқада барибир ғалаба голини уриб кетди. Натижада 6 турда атиги бир очко олган испанлар «Қайрат» билан охирги ўринларни бўлишиб турибди. «Копенҳаген» эса 24-ўринга кўтарилди ва ўтиш ўйинлари учун имконият сақлаб турибди. «Вилярреал» кейинги турда «Аякс»ни, «Копенҳаген» «Наполи»ни қабул қилади.
«Қорабоғ» ўйин давомида икки бор ҳисобда олдинга чиқиб олди, аммо барибир инқироздаги «Аякс»ни мағлуб этолмади. Амстердамликлар бунгача ЕЧЛнинг беш турида ҳам ютқазганди. Ва улар фақат 79-дақиқага бориб ўйинда бурилиш ясади ва ўйин якунида 1:2 ҳисоби 4:2 кўринишига келтирилди. Оскар Глуҳ иккита гол билан ўйин тақдирини ҳал қилди. Натижада ЕЧЛда 1135 кундан буён илк ғалабасига эришган «Аякс» Нидерландиянинг турнир гуруҳ босқичида қаторасига олти ўйинда ютқазган илк жамоаси бўлишдан қутулиб қолди. Дастлабки турларда сенсация кўтарган «Қорабоғ»нинг вазияти эса ёмонлашмоқда. Жамоа ҳозирча ўтиш ўйинларига йўлланма олиш имкониятини сақлаб турибди, аммо кейинги турларда «Айнтрахт» (уй) ва «Ливерпул» (сафар) каби кучли рақиблар кутмоқда.