Ўзбекистон | 07:55 / 24.04.2021
5549
3 дақиқада ўқилади

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тасдиқланадиган ҳужжатлар рўйхати кенгайтирилди

2021 йил 20 апрелдаги «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги қонун президент томонидан имзоланди.

Қонуннинг янги таҳрири 8 боб ва 60 моддадан иборат (аввалги таҳририда – 7 боб ва 44 модда бўлган). Шунингдек қонунга илова тариқасида, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини, шунингдек уларга илова қилинадиган ахборот-таҳлилий материалларни юридик-техник жиҳатдан расмийлаштириш ягона услубиёти қабул қилинди.

Қонун билан фуқароларнинг «Ўзбекистон Республикаси референдуми тўғрисида»ги қонунда белгиланган тартибда ўтказиладиган референдум йўли билан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар (НҲҲ) қабул қилиш ҳуқуқи мустаҳкамланди.

НҲҲ билан тасдиқланадиган ҳужжатлар рўйхати кенгайтирилди. Энди булар жумласига регламентлар, стратегиялар, концепциялар, доктриналар, дастурлар («йўл хариталари») ва бошқа ҳужжатлар ҳам киритилди. 

НҲҲ лойиҳалари Адлия вазирлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиши тўғрисидаги модда киритилди. Адлия вазирлиги томонидан ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш муддатлари белгиланди.

НҲҲ ва улар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизадан ўтказишнинг ўзига хос жиҳатлари тартибга солинди. Мазкур экспертиза давлат органлари ва ташкилотлари томонидан фаолиятнинг тегишли турлари бўйича ўтказилади.

НҲҲ лойиҳалари манфаатдор давлат органлари ва ташкилотлар ҳамда қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда бошқа давлат органлари ва ташкилотлар билан мажбурий тартибда келишилиши белгиланди. Келишиш НҲҲ лойиҳаларини келишишнинг махсус ахборот тизими орқали электрон шаклда амалга оширилади.

НҲҲ лойиҳасини НҲҲ қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган органга киритиш ҳамда уни қабул қилиш тартиби алоҳида бобда берилган. Хусусан, тайёрланган НҲҲ лойиҳаси НҲҲ қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган органга давлат тилида киритилиши белгиланган. Зарур бўлган ҳолларда, унинг бошқа тиллардаги таржимаси тақдим этилиши мумкин. Ушбу бобда ҳуқуқий эксперимент, тартибга солиш таъсирини баҳолаш тушунчалари ҳам берилган.

Шунингдек фуқаролар, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари, ННТ, ОАВ «Жамоатчилик назорати тўғрисида»ги қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ НҲҲ ижроси мониторинги ва назоратини амалга ошириши мумкинлиги белгиланган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид