Ўзбекистонда ҳафта охирига бориб ҳаво ҳарорати янада кўтарилади
Ўзбекистон бўйича 15-19 апрел кунларига об-ҳаво прогнози берилди.
Бугун кундузи Ўзбекистон ҳудуди бўйича ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлиши мумкин. Марказий вилоятларда ва республика жанубида айрим жойларда ёмғирлар кучли бўлади. Фарғона водийси вилоятларида ёмғир кечга томон бошланади. Фақат Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида ёғингарчиликсиз об-ҳаво бўлиши кутилмоқда.
“Ўзгидромет” хабарига кўра, ҳаво ҳарорати +15...+20 даража атрофида бўлади. 16 апрел куни Фарғона водийсида, кечаси ва эрталаб эса Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё вилоятларида ёмғир ёғиши кутилмоқда. Республиканинг қолган ҳудудларида ёғингарчилик кутилмайди.
17-19 апрел кунлари Ўзбекистоннинг барча ҳудудлари бўйича асосан кам булутли об-ҳаво бўлади, ёғингарчилик кутилмайди. Ҳаво ҳарорати аста-секин кўтарилади ва иш ҳафтасининг охирига бориб +25...+28 даражага, шимолда ва жанубда +29...+31 даражага етади.
Тоғолди ва тоғли ҳудудларда 15-16 апрел кунлари ёмғир ёғади, 15 апрелда баъзи жойларда кучли бўлади. Сел-сув тошқин ҳодисалари юзага келиши мумкин. Тоғларда қор кўчиши хавфи сақланиб туради. Республиканинг айрим жойларида шамол тезлиги 15-20 м/с гача кучайиши мумкин.
Пойтахтда 15 апрелда кундузи вақти-вақти билан ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлиши мумкин. 16 апрелда кечаси ва эрталаб бироз ёмғир ёғади. Ҳарорат кундуз кунлари асосан +15...+20 даража бўлади. 17-19 апрел кунлари ёғингарчилик кутилмайди. Кундуз кунлари ҳарорат +23...+27 даражагача аста-секин кўтарилади. Ҳарорат кечалари асосан +7...+12 даража бўлади.