Фуқароларни онлайн кредит фирибгарлигидан сақловчи чоралар белгиланди. Янги механизм қандай ишлайди?
Марказий банк 1 ноябрдан янги антифрод қоидаларини ўрнатмоқда. Кредитларни онлайн расмийлаштиришда 48 соатлик “музлатиш даври” жорий этилади: бу вақт мобайнида то мижоз кредит ташкилоти билан алоқага чиқиб, фирибгарлар таъсирисиз ариза берганини тасдиқламагунча, картага келиб тушган пулни Ўзбекистондан бевосита хорижга олиб чиқиб кетиш имконсиз бўлади.
Марказий банк жисмоний шахслар номига фирибгарлик йўли билан онлайн кредит расмийлаштириш ҳолатларининг олдини олиш учун вақтинчалик тартиб жорий қиляпти. Бу тартиб 2024 йил 1 ноябрдан 2025 йил 1 апрелгача амал қилади.
Марказий банкнинг Киберхавфсизлик маркази раҳбари Олимжон Толипов Kun.uz'га кутилаётган ўзгаришлар ҳақида батафсил сўзлаб берди.
Маълумки, фирибгарлар бир кунда бир неча банкдан бир фуқаро номига кредит расмийлаштиради. Шу сабабли эндиликда кредит ташкилотлари фуқаро кредит олиш учун ариза юборганидан кейин унинг кредит бюролари маълумотлар базасидаги кредит тарихини 2 босқичда (ариза тушгандан сўнг ва кредит маблағлари ажратилишидан олдин) текширишдан (скоринг) ўтказади. Текширув натижасида мижознинг салбий кредит тарихи ёки қарз юки кескин ошгани аниқланса, қисқа давр ичида бир нечта кредит расмийлаштирилган ва қарз юки кескин ошган бўлса, кредит ажратиш рад этилиши ёки бошқа суммада ажратилиши тўғрисида хабар берилади.
“Фирибгарлар тузоғига шу пайтгача ҳеч қаердан онлайн кредит олмаганлар тушади, олиб юрганлар ўзи кредит оляпти деб баҳолаймиз. Иловага биринчи марта уланган ва биринчи марта кредит олмоқчи бўлганлар банклар учун “қизил байроқча” бўлади.
Биринчи босқичда банклар кредит олувчининг қарз юкини ўрганади. Мисол учун, мижоз бир банкдан мен 10 млн сўм олмоқчиман дейди. Банклар бугуннинг ўзида бу одамнинг қарз юки ўзгардими ёки йўқми, бошқа банклардан кредит олишга ариза бердими ёки йўқми, ўрганади. Агар унинг қарз юки қисқа вақтда кескин ошса, банклар кредит расмийлаштиришни тўхтатади”, – дейди у.
Фирибгарлар одамларни алдаб, уларнинг номига кредит расмийлаштиргач, бир неча каналлар орқали пулларни Ўзбекистондан ташқарига олиб чиқиб кетади. Марказий банк жорий этган вақтинчалик тартибда онлайн кредит расмийлаштирилгач, ушбу кредит маблағлари ҳисобидан қуйидаги амалиётларни бажаришга 48 соатлик чеклов жорий қилинади:
- P2P амалиётлар (картадан картага ўтказмалар);
- жисмоний шахслар ҳисобварақлари ва электрон ҳамёнларга ўтказмалар;
- мобил алоқа операторлари орқали телефон рақами ҳисобини тўлдириш;
- чет элга пул ўтказмалари ҳамда онлайн валюта айирбошлаш операциялари.
“Ўрганишларимиз шуни кўрсатдики, кредит олинганидан кейин фирибгар уни чиқариб олишга ҳаракат қилади. Пулни картадан картага ўтказма (P2P) қилиб, бошқа карталарга ўтказиб оляпти. Уларнинг қўлларида дроп карталар бор (айримлар моддий манфаат эвазига картасини сотган), ўша карталарга ўтказиб олади. Кейин криптоактивларга жўнатиб юборади. Биз фирибгарлар пулни Ўзбекистондан ташқарига олиб чиқиб кета олмаслиги учун асосий каналларга чеклов ўрнатдик. Фуқаро 48 соат ичида банк билан боғланиб, бу кредитни фирибгарлар таъсирисиз олаётганини маълум қилганидан кейин чеклов шу заҳоти ечилади”, – дейди мутахассис.
Кредит ажратиш маъқуллангани ҳақида SMS хабарни олган мижоз хабарда кўрсатилган телефон рақами орқали банк билан боғланиб, фирибгарлар таъсирисиз кредит олаётганини тасдиқлаши керак. Фирибгарлар ҳам анойи эмас: сизнинг номингиздан банкка телефон қилиши ва тасдиқлашга уриниши мумкин. Банк ходими эса буни текшириши шарт. Фирибгар банкни алдамаслиги учун банк ходими мижозга, у рўйхатдан ўтган рақамга қайта алоқага чиқади.
“Агар биз ҳақиқий мижозга телефон қилиб туша олмасак, 48 соат ичида идентификациядан ўтмаган тақдирда P2P қилиш ва бошқа юқорида назарда тутилган фирибгарлар пулни олиб чиқиб кетиш йўллари блокланади. Лекин агар сиз бирор дўконга, Ўзбекистондаги бирор юридик шахсга бу кредит маблағлари билан бемалол тўлов қилсангиз бўлади. Ўз ихтиёрингизга кўра нақдлаштиришингиз ёки товар ва хизматлар учун тўловлар қилишингиз мумкин; бу операциялар ҳеч бир чекловларсиз амалга оширилади.
Мақсад пулни Ўзбекистон ҳудудида ушлаб қолиш”, – дейди Олимжон Толипов.
МБ вакилига кўра, бу тартиб дунёнинг бир қатор давлатларида бор. Масалан, Европа Иттифоқининг “Истеъмол кредитлари тўғрисида”ги 2008/48/EC директивасида мижозга онлайн кредит (микрозайм) ажратилганда фирибгарлик ҳолатлари мавжуд ёки йўқлиги текширилгунга қадар пул маблағларига 14 календар кунлик, Россияда 14 календар кунлик, АҚШда 3 календар кунлик, Канадада 2 календар кунлик, Австралияда 14 календар кунлик “музлатиш даври” амалиёти жорий қилиниши қайд этилган.
Юқорида келтириб ўтилган тартиб 2024 йилнинг 1 ноябридан тест режимида барча онлайн кредит берадиган банкларда жорий қилинади. Вақтинчалик тартибнинг амал қилиш муддати ҳозирча 2025 йил 1 апрелгача деб белгиланган.
Мавзуга оид
19:16 / 12.12.2024
“Эски намунадаги 100 долларлик купюраларни айирбошлашда чекловлар йўқ” – Марказий банк
13:16 / 12.12.2024
Марказий банк асосий ставкани 13,5 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирди
08:58 / 12.12.2024
Kun.uz суриштирувидан сўнг: “Halal Auto Leasing” фирибгарлик схемасига нисбатан тергов бошланди
17:52 / 11.12.2024