Спорт | 21:59 / 11.06.2018
10427
2 дақиқада ўқилади

«Бунёдкор» стадиони номи «Миллий» деб ўзгартирилди

Фото: ЎФА матбуот хизмати

Ўзбекистон футбол ассоциацияси ижроқўми «Бунёдкор» стадиони номини «Миллий» деб ўзгартириш ҳақида қарор қабул қилди.

Унда Ўзбекистон миллий ва олимпия терма жамоаларининг уй ўйинларини ўтказиш белгилаб қўйилган. «Миллий» стадион шунингдек, Ўзбекистон Кубогининг юқори босқичли ўйинларига, халқаро даражадаги футбол баҳсларига ҳам мезбонлик қилади. У мамлакатнинг бош аренасига айланади.

ЎФА стадионга мухлисларни жалб қилиш устида иш олиб боради. Ишқибозлар фақатгина футбол учрашувлари вақтида эмас, қолган кунларда ҳам стадион атрофида эркин сайр қилишлари, кўнгил ёзишлари учун босқичма-босқич шароитлар яратилади. Стадион мухлисларга яқинлашиш йўлидан юради.  

Стадионга туташ ҳудудда барпо этилган футбол академияси эса Ўзбекистон футбол ассоциациясига қарашли академияга айлантирилади. Режага кўра яқин вақт ичида Ўзбекистоннинг 14 та ҳудудий бирлигида 1 тадан болалар ва ўсмирлар футбол академиялари иш бошлайди. Мазкур академияларни эса ЎФА қошидаги республика футбол академияси бирлаштириб туради. Яъни, ҳудудий академияларнинг энг яхши футболчилари республика футбол академиясига қабул қилинади.

Фото: ЎФА матбуот хизмати
Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид