Жаҳон | 14:24 / 21.08.2025
7249
9 дақиқада ўқилади

Исроил ҳарбийлари Ғазо шаҳрига ҳужум бошлади. Нетаняҳу ҳукумати эса ҲАМАС қабул қилган сулҳни «кўриб чиқмоқда»

Исроил армияси Ғазо шаҳрини тўлиқ эгаллаш ва ҲАМАСни бутунлай йўқ қилиш мақсадида янги уруш бошлади. Шаҳар осмонида дронлар ва қирувчи самолётлар учмоқда: фаластинликлар вайрон бўлган уйларини тарк этмоқда. Геноцид айбловлари ва халқаро танқидлар Нетаняҳу ҳукуматининг қарашларига таъсир қилмаяпти. Шу кунга қадар Исроилнинг ҳужумлари оқибатида Ғазода 62 мингдан ортиқ инсон ҳалок бўлди, уларнинг 20 мингга яқини болалар.

Исроил армияси чоршанба куни Ғазо шаҳрини эгаллаш бўйича операциянинг илк босқичлари бошланганини эълон қилди ва ўн минглаб захирадаги аскарларни сафарбар қилди. Айни шу вақтда Исроил ҳукумати қарийб икки йилдан бери давом этаётган урушни вақтинча тўхтатиш учун янги сулҳ таклифини кўриб чиқмоқда.

«Биз Ғазо шаҳрига ҳужумнинг дастлабки амалиётларини ва биринчи босқичларини бошладик, ҳозирнинг ўзида IDF кучлари Ғазо шаҳрининг чеккаларини эгаллаб турибди», деди Исроил армияси матбуот котиби Эффи Дефрин журналистларга.

Reuters’нинг ёзишича, чоршанба куни журналистларга маълумот берган яна бир ҳарбий расмий захирадаги аскарлар сентябргача хизматга чақирилмаслигини, бу вақт воситачиларга ҲАМАС ва Исроил ўртасида сулҳ шартларини мувофиқлаштириш учун бироз имкон беришини айтди.

Фото: Reuters

Бироқ Исроил аскарлари чоршанба куни Ғазода Ҳамас аъзолари билан тўқнашганидан сўнг, бош вазир Бинямин Нетаняҳу офиси Ҳамаснинг таянчларини қўлга олиш ва гуруҳни мағлуб этиш муддатларини тезлаштирганини билдирди.

Дефриннинг айтишича, қўшинлар аллақачон Ғазо шаҳрининг чеккаларида фаолият юритмоқда, Ҳамас эса «аёвсиз зарбалардан ҳолдан тойган» партизан кучига айланган. «Биз Ҳамасга қарши ҳужумни чуқурлаштирамиз. Ғазо шаҳри Ҳамас ҳукумат ва ҳарбий таянчи ҳисобланади», деди у.

Исроил кучлари аллақачон Ғазо шаҳри чеккаларини эгаллаб олган ва Зайтун маҳалласида операция ўтказмоқда. Бу ҳудуд Фаластин шимолидаги юз минглаб одамларга уй бўлиб келмоқда.

«Осмондан дрон ва қирувчи самолётларнинг овози тинмаяпти. Одамлар эса вайронага айланган кўчаларда озиқ-овқат ва бошпана излаб юришмоқда, аммо ҳеч нарса топишолмаяпти. Исроил бу ҳудудларга ҳужумларни «ҳарбий операция» деб тасвирлаган амалиёт аслида – кундалик ҳаётни тизимли равишда вайрон қилишга айланиб кетди. Бу ерда оилалар учун оддийгина тирик қолиш ҳам тобора оғир синовга айланмоқда», деди Al Jazeera билан гаплашган маҳаллий аҳоли вакили.

Тонгдан буён Ғазода Исроил ҳужумлари ва мажбурий очлик оқибатида камида 81 нафар фаластинлик ҳалок бўлди. Al-Jazeera мухбири Ҳани Маҳмуд Ғазо шаҳридан хабар беришича, Исроил кучлари шаҳар ичидаги Зайтун маҳалласида ҳамда шимолдаги Жабалияда ҳужумларни кучайтирмоқда.

Фото: Reuters

«Бу уйларнинг тизимли тарзда вайрон қилиниши натижасида узлуксиз портлашларни ҳам ўз ичига олади. Бу Исроил армиясининг асосий стратегияси бўлиб, ягона мақсадга йўналтирилган: одамларни уйсиз қолдириш орқали Ғазони аҳолидан бўшатиш», деди Маҳмуд. «Халқ ўзлари сўнгги ҳафталарда зўрға топиб олган озиқ-овқатларини ҳам, мол-мулкларини ҳам ташлаб кетмоқда», дея қўшимча қилди у.

Нетаняҳу раислигидаги Исроилнинг хавфсизлик кенгаши бу ойда Ғазодаги кампанияни кенгайтириш ва Ғазо шаҳрини эгаллаш режасини тасдиқлади. Урушнинг илк босқичида Исроил кучлари Ҳамас билан шиддатли кўча жангларини айнан шу ерда олиб борган эди. Ҳозирда Исроил Ғазо секторининг тахминан 75 фоизини назорат қилмоқда.

Фото: Reuters

Исроил расмийлари Ғазо шаҳри аҳолиси учун эвакуация буйруқлари берилишини маълум қилди. Қуддусдаги ягона католик черкови – Ғазо шаҳридаги кичик паришни назорат қилувчи Лотин патриархлиги хабар беришича, черков яқинидаги маҳаллаларда эвакуация хабарномалари тарқатила бошланган.

Халқаро танқидлар

The Guardian нашрининг ёзишича, Исроилнинг энг яқин иттифоқчилари ҳукуматни режани қайта кўриб чиқишга чақирмоқда. Аммо Нетаняҳу коалициясидаги ўта ўнг кучлар вақтинчалик сулҳни рад этишга, урушни давом эттиришга ва ҳудудни аннексия қилишга босим ўтказмоқда.

Иордания ташқи ишлар вазири Айман Сафади чоршанба куни Исроилнинг Ғазодаги ҳужуми Яқин Шарқда тинчлик истиқболини «бутунлай йўқ қилаётганини» айтди. Франция президенти Эммануэл Макрон ҳам бу фикрни такрорлаб, режалаштирилган ҳужум «ҳақиқий фалокат» келтириб чиқаришини ва минтақани абадий уруш ботқоғига тортишини таъкидлади.

Германия ҳукумати матбуот котиби Стеффен Меер эса: «Бу ҳаракатлар қандай қилиб барча асирларни озод қилишга ёки сулҳга олиб келишини тушуниш тобора қийинлашмоқда», деди.

Исроил чоршанба куни яна Ғарбий Соҳилда йирик ноқонуний посёлка қуриш режалари тасдиқланганини ҳам маълум қилди. Исроилнинг ўнг радикал молия вазири Бетсалел Смотричга кўра, бу ҳудудни икки бўлакка бўлиш — Фаластин давлати истиқболини буткул йўқ қилишга қаратилган.

Фото: AFP

Буюк Британия бош вазири Давид Ламми, агар бу режа амалга оширилса, «халқаро ҳуқуқни очиқчасига бузади ва икки давлат ечимини жиддий равишда издан чиқаради», деди.

Ҳамас эса ўз баёнотида Исроилни «айбсиз тинч аҳоли устидан давом этаётган ваҳшиёна урушни давом эттириш»да айблади.

«Нетаняҳунинг воситачилар таклифини менсимаслиги ва жавоб бермаслиги унинг ҳар қандай келишувни тўсаётган асл сабабчи эканини, [Исроилда] асирларнинг ҳаёти унга қизиқ эмаслигини ва уларни қайтаришга жиддий муносабатда эмаслигини исботлайди», дейилади Ҳамас баёнотида.

Ошаётган қурбонлар ва очарчилик

Ҳамас араб воситачилари тақдим этган 60 кунлик сулҳ режасини қабул қилганди. Режа қолган гаровдагиларнинг бир қисмини озод қилиш ва Исроилдаги фаластинлик маҳбусларни қўйиб юборишни ўз ичига олади. Исроил ҳукумати эса 50 нафар қолган гаровдагиларнинг барчаси бирданига озод қилиниши кераклигини айтиб, таклифни ўрганмоқда. Исроил расмийлари уларнинг 20 нафарини тирик деб ҳисобламоқда.

Фото: Anadolu

Сулҳ келишувлари борасидаги яна бир муаммо – Ҳамас урушни тугатиш эвазига барча қолган гаровдагиларни озод қилишини билдирган. Исроил эса Ҳамас қуролсизланмагунча урушни тугатмаслигини айтмоқда.

Исроилнинг ҳарбий кампанияси Ғазо секторида кенг кўламли вайроналикка олиб келди. Урушгача бу ҳудудда 2,3 миллион фаластинлик яшарди. Кўплаб бинолар, жумладан уйлар, мактаблар ва масжидлар вайрон қилинди. Ҳарбийлар Ҳамасни тинч аҳоли инфратузилмасидан фойдаланишда айбламоқда, Ҳамас эса буни инкор этмоқда.

Ғазода Исроил сиёсати натижасида кенг кўламли очарчилик юзага келгани ва геноцид айбловлари фонида, халқаро жамоатчиликнинг кескин ғазабига қарамай, Исроил ўз қарашларини ўзгартирмаяпти. Шу пайтда тобора кўпроқ давлатлар Фаластин давлатини тан олиш режаларини эълон қилмоқда. Шу кунга қадар Исроилнинг ҳужумлари оқибатида Ғазода 62 мингдан ортиқ инсон ҳалок бўлди, уларнинг 20 мингга яқини болалар.

Бундан ташқари, Исроилнинг оғир блокадаси ва давом этаётган ҳужумлари озиқ-овқат, ёқилғи ва дори-дармонларни буткул тўсиб қўйганидан Ғазода очарчилик хавфи ортиб бормоқда.

Фото: Anadolu

GISHA - исроиллик ҳуқуқий ташкилот Исроил ҳукуматининг Ғазодаги очарчилик инқирози бўйича масъулиятни камайтириш ёки бўйнидан соқит қилишга қаратилган баёнотларини рад этди. «Исроил ҳарбий ҳужумнинг биринчи кунидан бошлаб ёрдамни киритиш устидан назоратни уруш қуроли сифатида ишлатиб келмоқда. Исроил Ғазога ёрдам етказишни деярли имконсиз қиладиган шароитларни яратди ва яратишда давом этмоқда», дейилади баёнотда.

БМТнинг Жаҳон озиқ-овқат дастури огоҳлантиришича, Исроилнинг ёрдам блокадаси фонида Ғазода тўйиб овқатланмаслик кескин ортмоқда. «Бу шунчаки очлик эмас. Бу — очарчилик», — дея таъкидлади ташкилот. У бутун умрга таъсир қиладиган ривожланиш нуқсонларини келтириб чиқариши, иммунитетни заифлаштириши ва «одатдаги касалликларни ҳам ўлимга айлантириши»ни қайд этди.

БМТнинг Фаластинлик қочқинлар агентлиги маълумотича, Ғазо шаҳридаги болаларнинг қарийб учдан бири энди тўйиб овқатланмайди.

Мавзуга оид