Жаҳон | 09:35
1335
3 дақиқада ўқилади

Нетаняҳу: Исроил Эрон ва Ливандаги нишонларга ҳужумни тўхтатмайди

Исроил ҳарбийлари Эрон ва Ливандаги нишонларга зарбалар беришда давом этмоқда, деб маълум қилди Нетаняҳу. Теҳрон ҳам Исроилга қарши ракета учирди. Бундан олдин Трамп Эрон раҳбарияти билан “самарали музокаралар” бўлганини айтган эди.

Фото: Ibrahim Amro/AFP

Исроил Эрон ва Ливандаги нишонларга зарбаларни давом эттирмоқда. Бу ҳақда Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу 23 март, душанба куни X ижтимоий тармоғида эълон қилинган видео мурожаатида баёнот берди.

“Биз ҳам Эронга, ҳам Ливанга зарбалар беришда давом этмоқдамиз. Биз (Эроннинг) ракета ва ядровий дастурини яксон қиляпмиз ҳамда ‘Ҳизбуллоҳ’га жиддий талафот етказишда давом этяпмиз”, — деди Нетаняҳу. “Бир неча кун олдин биз яна икки нафар (эронлик) ядровий олимни йўқ қилдик, бу эса ҳали охири эмас”.

Шу баёнотида Исроил бош вазири АҚШ президенти Доналд Трамп билан бўлиб ўтган телефон суҳбати ҳақида ҳам маълум қилди. Нетаняҳунинг сўзларига кўра, суҳбат давомида Америка раҳбари Исроил ва АҚШ армияларининг “улкан ютуқлари”дан “томонларнинг ҳаётий муҳим манфаатларини” ҳимоя қиладиган келишув доирасида ҳарбий мақсадларга эришиш учун фойдаланишга умид билдирган.

Трампнинг ўзи эса бундан олдин Эрон билан “самарали музокаралар” ва Яқин Шарқдаги ўзаро келишмовчиликларни “шартсиз тарзда ҳал этиш” ҳақида маълум қилган эди. Шу муносабат билан АҚШ президенти Truth Social ижтимоий тармоғидаги постида “Эроннинг электр станциялари ва энергетика инфратузилмасига ҳар қандай ҳарбий зарбаларни беш кунга кечиктириш”ни топширгани айтилган.

Бироқ Эрон ҳукумати Трампнинг баёнотларини рад этди. Вашингтон билан музокаралар “бўлмаган ҳам, ҳозир ҳам йўқ”, деб хабар қилди Эрон давлат ахборот агентлиги Tasnim, юқори лавозимли манбага таяниб.

24 мартга ўтар кечаси Эрон Исроил шимолига ракета билан ҳужум қилди, деб хабар берди Исроил мудофаа армияси (ЦАҲАЛ) ва ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари “таҳдидни бартараф этиш устида ишлаётгани”ни маълум қилди.

Жабрланганлар ҳақида хабар берилмаган.

Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси (ИИМК) эса Димона ва Эйлат шаҳарлари, шунингдек, минтақадаги АҚШнинг бир нечта ҳарбий базаларига зарба берилганини маълум қилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид