Ўзбекистон | 12:43 / 03.02.2022
6029
2 дақиқада ўқилади

Сирдарёда фуқарога 15 кун муддатда «права» олиб беришни ваъда қилган шахслар ушланди

Сирдарё вилояти Гулистон туманида фуқарога 15 кун муддатда ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб беришни ваъда қилган шахслар ушланган. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар бермоқда.

Фото: Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти

Маълум қилинишича, Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ҳамда ДХХнинг Гулистон тумани бўлимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилган. Тадбирда, фуқаро И.Б. фуқаро М.га ўқув дарслари ва имтиҳонга қатнашмасдан “С.” исмли таниши орқали “В”, “С” тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномасини 15 кун муддатда олиб бериш эвазига 350 доллари олган вақтида ушланган. Унинг кўрсатувига асосан давом этган тадбирда, И.Б.нинг шериги М.Ш. 250 доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Аввалроқ, президент Шавкат Мирзиёев автомактаблар бўйича бош прокурор ва вазирларга топшириқлар берганди.

26 январь куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида президент йўл ҳаракати қоидалари бузилиши ва авария ҳолатлари кескин ошаётганига эътибор қаратди. Президент ҳайдовчилик гувоҳномаси олишда порахўрлик одатий ҳолга айланганини танқид қилди.

«Шу ўринда, бир муҳим масалага барчанинг эътиборини қаратмоқчиман. Умуман, ҳайдовчилик гувоҳномасини ўқимасдан олиш оддий ҳолга айланиб қолди. Мана биз ўқиганмиз, уч йил ўқитарди. Ҳозир 3 ой ўқияпти, яна бормасдан гувоҳнома оляпти. Нима, Ўзбекистонда қонун йўқми? Шунинг учун, авариялар сони соат сайин ошиб бормоқда. Агар биз ўзимиз тан олмасак, чора кўрмасак, давом этаверади.

Бу муаммони бартараф қилиш учун, Давлетов, Бобожонов, Йўлдошев, аввало ўқитиш тизимини тубдан такомиллаштириш, иккинчидан, ўқитмасдан ва ўргатмасдан гувоҳнома бериш «жинояти»га қарши жазони кучайтириш бўйича, бир ой муддатда қонунчиликка қўшимча киритиш юзасидан таклиф киритсин», деди давлат раҳбари.

Мавзуга оид