Жаҳон | 11:30 / 25.11.2018
4506
2 дақиқада ўқилади

Калифорниядаги ўрмон ёнғинлари деярли бартараф этилди

Фото: AP

АҚШнинг Калифорния штатида 3 ҳафтадан бери давом этаётган ҳамда штатнинг замонавий тарихида энг вайронкори деб тан олинган ўрмон ёнғинлари 95 фоизга бартараф этилди. Бу ҳақда Калифорниянинг ўрмон хўжалиги ва ўт ўчириш хизмати бошқармасига иқтибос келтирган ҳолда CNN телеканали маълум қилди. 

8 ноябрда Бьютт округида бошланган ёнғин 620 квадрат километрдан кўпроқ ҳудудни қамраб олган ва 14 мингга яқин уйнинг кулини кўкка совурган. Охирги маълумотларга кўра, “Camp Fire” (Гулхан) номини олган ушбу ёнғинда 87 киши ҳалок бўлган, 1475 киши бедарак йўқолган.

“Ёнғиннинг бартараф этилмаган қисми қояли жойда бўлиб, ўт ўчирувчилар кучли ёмғирлар сабабли у ерга етиб бора олмаяптилар”, дейилган хабарда.

Калифорния шимолига келган ёмғирлар ёнғинни ўчиришни енгиллаштирди. Бироқ шу билан бирга ёғингарчилик ҳалок бўлганлар жасадларини қидиришни мураккаблаштириши мумкин, чунки сув оқимлари жасадларни оқизиб кетиши ёки кул билан қориштириб юбориши мумкин.

Ёнғин муносабати билан Калифорняниинг бир қатор округларида фавқулодда вазият тартиби амал қилмоқда. АҚШ президенти Дональд Трамп вазиятни жойида баҳолаш ҳамда жабрланганлар ва маҳаллий раҳбарият вакиллари билан учрашгани ўтган ҳафта Калифорнияга келган.

Тайёрлаган:  Шуҳрат Раҳимов

Мавзуга оид