Жамият | 10:01 / 26.10.2025
1999
2 дақиқада ўқилади

Янги Ўзбекистон университетида Сунъий интеллект кластери ишга туширилади

Университет биринчи проректори Баҳодир Аҳмедов мактабларда барча ўқувчилар ва ўқитувчилар сунъий интеллект бўйича ўқитилишини маълум қилган.

Фото: Видеодан кадр

Тошкент шаҳридаги Янги Ўзбекистон университетида «тармоқолийгоҳҳамкор» тамойилида ишлайдиган сунъий интеллект кластери ишга туширилади.

Университет биринчи проректори Баҳодир Аҳмедов «Ўзбекистон 24» телеканалининг «Менимча» дастурига берган интервюсида мактабларда барча ўқувчилар ва ўқитувчилар сунъий интеллект бўйича ўқитилишини маълум қилган. Махсус таълим дастурлари ташкил қилиниб, республика бўйича 1 400 нафар иқтидорли ўқитувчилар танлаб олиниб, соҳа бўйича ўқитилади ҳамда уларнинг энг яхши 50 нафари АҚШга юборилади.

«Бундан ташқари, 19 та университетда сунъий интеллект бўйича лабораториялар ташкил қилинади. Янги Ўзбекистон университетида университет – саноат – халқаро ҳамкор тамойили асосида сунъий интеллект кластери яратилиб, бу бошқа сунъий интеллект лабораторияларига таянч вазифасини ўтайди», – деган проректор.

Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев раислигида 22 октябр куни ўтказилган йиғилишда мамлакатда сунъий интеллектни тезроқ жорий этиш масалалари муҳокама қилинган, президент соҳа учун йилига 2 минг нафар мутахассис тайёрлаётган олийгоҳларнинг бирортасида сунъий интеллект лабораторияси йўқлигига эътибор қаратиб, 10 та олий таълим муассасасида шундай лаборатория ташкил этиш таклифини билдирганди.

Шу билан бирга, олийгоҳларда сунъий интеллект, финтех, киберхавфсизлик, IT муҳандислик, аэрокосмик ва булутли технологиялар каби йўналишлар учун давлат гранти квоталари 35 фоизга оширилиши маълум қилинган.

Йиғилишда «Янги Ўзбекистон» университетида Сунъий интеллект кластери ташкил этилиши бўйича қарор қабул қилинган.

Янги кластер илмий тадқиқотлар, IT стартаплар ва инновацион лойиҳаларни бирлаштиради. Шунингдек, университетда сунъий интеллект ва информатика бўйича халқаро докторантура дастурлари ишга туширилиб, ёш мутахассислар учун янги имкониятлар яратилмоқда.

Тайёрлаган:  Kun.uz Admin

Мавзуга оид