Жаҳон | 15:11 / 13.10.2024
29494
10 дақиқада ўқилади

Анатолий Собчакнинг сирли ўлими: Россиядаги таниқли сиёсатчининг жонига қасд қилинганмиди?

2000 йил феврал ойида Светлогорскдаги меҳмонхонада россиялик таниқли сиёсатчи, Путиннинг устози Анатолий Собчак сирли равишда вафот этади. Сиёсатчи жон бераётганда унинг ёнида тадбиркор Шабтай Калманович бўлган. Орадан 9 йил ўтгач, Шабтайни ҳам ўлдириб кетишади.

СССР парчаланиб кетгач, Россия ички муаммолар гирдобида қолади. Кавказда чеченларнинг бош кўтариши, ҳукуматдаги келишмовчиликлар ва Москвадаги ҳукумат уйининг ҳарбийлар томонидан ўққа тутилиши мамлакат учун оғир оқибатлар келтириб чиқаради.

Алал-оқибат, 1996 йилда иккинчи муддатга сайланган президент Борис Елцин истеъфо беради ва унинг ўрнига мамлакатни собиқ ФСБ раҳбари Владимир Путин бошқара бошлайди.

Санкт-Петербургдан чиққан ва 1990-йиллар бошларида Россиядаги энг таниқли сиёсатчилардан бири бўлган Анатолий Собчакнинг шогирди Путин 2000 йил 26 март куни ўтказилган президентлик сайловида ғалаба қозонади.

Сайловдан 35 кун аввал Собчак Светлогорскдаги меҳмонхонада сирли равишда вафот этади. Ўшанда уни айримлар юрак хуружига учраганди деса, бошқалар қотиллик қурбони бўлганини айтиб чиққанди.

Инқилобчи Собчак

Анатолий Собчак 1937 йилда Чита шаҳрида туғилган. Унинг болалиги Ўзбекистонда, Тошкент ва Қўқон шаҳарларида ўтган.

Гап шундаки, Собчакнинг отаси Қўқонда туғилган. Сўнг умрининг охиригача Тошкент ва Қўқон шаҳарларида яшаган. Анатолий онаси Читага борган пайтда Россияда туғилган.

У мактабни битиргач 1956 йилда Ленинград (ҳозирги Санкт-Петербург) давлат университетининг юридик факултетида таҳсил олади.

Ўқишни битиргач, бир қанча ҳудудларда адвокат бўлиб ишлайди ва 1962 йилда Ленинградга қайтиб аспирантурада ўқийди. 1964 йилда номзодлик диссертациясини ёқлайди.

1965-1968 йилларда Ленинграддаги милиция мактабида, 1968-1973 йилларда Ленинград технология институтида ўқитувчилик қилади.

1982 йилда аввалига юридик фанлари доктори, сўнг профессорга айланади. 1985 йилда Ленинград давлат университетида кафедра мудири бўлади.

Анатолий Собчак рафиқаси билан, 1970-йиллар

Сиёсий фаолият

Собчак КПССга анча кеч, 1988 йилда 51 ёшида аъзо бўлади ва 1990 йилда ундан чиқиб кетади. 1989 йилда у СССР халқ депутатлиги учун номзодини қўяди.

Россиялик журналист Николай Сванидзе ўшанда Собчакнинг ишончли вакили Россиянинг бўлажак президенти Дмитрий Медведев бўлгани ва тарғибот варақаларини у бошчилигидаги талабалар тарқатгани ҳақида ёзган.

Кейинчалик, Медведев Россия-1 телеканалига берган интевюсида Собчакнинг тарғибот варақаларини ва афишаларини кўчаларга ёпиштириб юрганини айтган.

Ўша сайловда Собчак ғалаба қозонади ва СССР халқ депутатига айланади. Шундан сўнг Собчак Медведевни Ленинград шаҳар кенгашига чақириб олади.

1990 йилда Собчакнинг жамоасига Ленинград давлат университети ректорининг ёрдамчиси, КГБнинг биринчи бош бошқармаси подполковниги Владимир Путин ҳам қўшилади.

1990 йил апрелда Собчак Ленинград шаҳар кенгаши (Ленсовет) депутати бўлиб сайланади. Орадан бир ой ўтиб у Ленсовет раиси бўлади.

Ана шу пайтда у Москвадагига ўхшаб Ленинградда ҳам мэр лавозимини жорий этиш ҳақидаги таклифини тасдиқлатиб олади.

Орадан бир йил ўтгач Ленинградда шаҳар мэрини сайлаш учун сайлов ўтказилади ва унда Собчак ғалаба қозонади. Унинг биринчи қилган иши шаҳарга Санкт-Петербург номини қайтариш бўлади.

Россиянинг ҳозирги президенти бир пайтлар Собчакка "шогирд" бўлган

ГКЧПга қарши

1991 йил август ойида СССРнинг бир гуруҳ юқори лавозимли шахслари давлат тўнтариши уюштиришади ва давлат бошқарувини қўлга олишади.

Ана шунда Собчак уларга қарши чиқади ва Россия раҳбари Борис Елцинни қўллаб-қувватлайди. СССР парчаланиб кетгач, у Россиянинг янги конституцияси устида ишловчи гуруҳ таркибига киради.

Ўша пайтларда Собчакнинг обрўси жуда кўтарилиб кетади ва унинг 1996 йилда Россия президентлиги учун номзодини қўйиши ҳақида гап тарқалади.

Бироқ, 1995 йил декабрда Елцин жамоасидагиларнинг босими остида у президентлик учун номзодини қўймаслигини маълум қилади.

Кейинчалик, унинг қизи Ксения Собчак 1995 йилда бир гуруҳ давлат амалдорлари отасини заҳарлаб йўқ қилишга уринганини айтган.

Собчак қизи Ксения Собчак ва хотини билан

Ксенияга кўра Собчакка қасд қилганлар орасида Россия бош прокурори Юрий Сакуратов, ФСБ ходими, Елциннинг шахсий қўриқчиси Александр Коржаков, ФСБ раҳбари Михаил Барсуков ва Россия мудофаа вазири Анатолий Куликов кабилар бўлган.

1996 йилда у Санкт-Петербург губернаторлиги учун ўтказилган сайловларда Елциннинг жамоасига яқин бўлган Владимир Яковлевга ютқазади. Ўшанда унинг сайловолди штаби раҳбари Путин бўлган.

Шундан сўнг Собчакнинг боши узра қора булутлар айлана бошлайди ва уни Россия бош прокуратураси тергов қилади. У мэр бўлиб ишлаган пайтда коррупцияга қўл уришда гумонланади.

1998 йилда Собчак пора олишда айбланади ва унга нисбатан жиноят иши қўзғатилади. Орадан бир йил ўтгач жиноят иши ёпилади.

Ўша пайтларда Путин Собчакнинг "сояси" бўлган ва барча жойда унинг ёнида юрган

1999 йилда Россиядаги сиёсий вазият кескин ўзгариб кетади. Путин аввалига бош вазир этиб тайинланади. Сўнг Елцин президентликдан воз кечади ва Путин Россияни вақтинча бошқара бошлайди.

2000 йил баҳорда Россияда президентлик сайловлари ўтказилиши эълон қилинади. Ўша йили 14 феврал куни Собчак Путиннинг ишончли вакили этиб тайинланади. Бироқ у сайловгача яшамайди ва тўсатдан вафот этади.

Ўлим ва шубҳалар

2000 йил феврал ойида Собчак Калининград областидаги Светлогорск шаҳрига боради ва «Рус» меҳмонхонасига жойлашади.

Кечки овқатни егандан сўнг у хонасига боради ва ўша ерда мазаси қочади. Шу пайтда унинг олдида таниқли тадбиркор Шабтай Калманович бўлган. Собчак тадбиркорнинг қўлида жон берган. Ўша пайтда у 68 ёшда эди.

Шифокорларнинг хулосасига кўра сиёсатчи юрак хуружига учраган. Бироқ омма орасида «жуда кўп нарсани биладиган» Собчак қотиллик қурбони бўлгани ҳақида гап-сўзлар чиқади.

Бошқа томондан Собчак меҳмонхонада меъёрдан ошиқ миқдорда спиртли ичимликлар ичгани ва юраги бунга дош бермагани ҳақида миш-мишлар тарқалади.

Собчакнинг жасадини экспертизага жўнатишади, Калининград вилояти прокуратураси Собчакнинг ўлими юзасидан қотиллик моддаси билан жиноят иши қўзғатади.

Ўшанда бутун мамлакат экспертиза натижаси қандай чиқишини қизиқиб кутади. 2000 йил август ойи бошларида прокуратура Собчакнинг қонида спиртли ичимликлар топилмагани, унда юрак етишмовчилиги касаллиги бўлгани ва у шундан вафот этгани ҳақида хабар тарқатади. 2000 йил 4 августда иш ёпилади.

Анатолий Собчак Ўзбекистонга келганида ҳам Путин унинг ёнида бўлган

Россиялик сиёсатчи ва жамоат арбоби, Собчакнинг хотини Людмила Нарусова мустақил экспертиза ўтказади ва эри юрак хуружидан ўлмаганини айтиб чиқади.

Россиялик журналист Олга Романованинг версиясига кўра, Собчак табиий вафот этмаган, у қотиллик қурбони бўлган.

Анатолий Собчак вафот этганига бу йил 24 тўлди. Ўшандан буён кўпчилик таҳлилчилар у ўз ажали билан вафот этмагани, Собчакни ўлдиришгани ҳақида айтиб келишади.

2009 йилда Собчак вафот этаётганда унинг ёнида бўлган тадбиркор Шабтай Калманович Москва марказида ўлдириб кетилади.

Ўшанда Калманович Mercedes-600 да кетаётганда чорраҳаларнинг бирида унинг ёнига енгил машина келиб тўхтайди ва унда ўтирганлар ўт очишади. Калманович шу жойда ҳалок бўлади.

Шундан сўнг омма яна Анатолий Собчакни эслаб қолади. Одамлар Калмановични бекорга ўлдиришмаганини, у Собчакнинг сўнгги онлари ҳақида муҳим маълумотларни билгани учун ўлдирилганини гапира бошлайди.

Калмановични ўлдирган шахслар 2019 йилда қотилликдан 10 йилдан ўтиб «ушланади». Улар ингушетиялик икки йигит бўлиб чиқади. 2022 йилда улар узоқ муддатга қамалади.

Шабтай Калманович

Собчакнинг ўлимига ФСБнинг алоқаси борми?

Собчакнинг сирли ўлими ҳақида гап кетар экан, айримлар бу ишда ФСБнинг қўли борлиги ҳақида гапиришади. Улар бунга сабаб сифатида ўша пайтда Россияда Собчакнинг обрўси жуда баланд бўлганини ва бу нарса кимларгадир хуш келмаганини келтиришади.

Бироқ Собчак Россия раҳбари бўлиш учун «ўлиб-тирилмаётганди». Ҳатто 2000 йилда бўлиб ўтадиган президентлик сайловига ҳам ўз номзодини қўймаганди.

2024 йил 1 август куни Россия Ғарб билан маҳбусларни алмаштирди. Россия бир қатор сиёсий маҳбуслар, жумладан, Владимир Кара-Мурза, Иля Яшин, Пол Уилан ва Эван Гершковични озод қилди.

Ғарб эса ФСБ ходими Вадим Красиков, Роман Селезнов, ФСБ зобити Вадим Коношенок, Артём ва Анна Дулцевлар ва бошқаларни озод қилди.

Бу алмашувда иштирок этганлар орасида чечен мухолифатчисини ўлдиргани учун Германияда умрбод қамоқ жазосини олган Вадим Красиков дунё ОАВ диққат марказида бўлди. Чунки маҳбуслар алмаштирилганда Путин Красиковни бағрига босиб кутиб олди.

Ғарб ОАВда ёзилишича, Красиков Путин билан у Санкт-Петербургда Собчакнинг ёрдамчиси бўлиб ишлаб юрган пайтларидаёқ «дўст» тутинган. Ўша пайтда улар бирга овларга чиқиб юришган. Сўнг Красиков Путинга тансоқчилик қилган.

Путин президент бўлганидан кейин ҳам Красиковни ёнига олган. У президентни қўриқлайдиган тансоқчилар гуруҳига ўтган ва Путинга садоқат билан хизмат қилган.

Алмашувдан сўнг айрим ОАВ яна Анатолий Собчакни эслаб қолишди. Уларда ёзилишича, Вадим Красиков бир пайтлар Собчакка ҳам хизмат қилган ва унинг тансоқчиси бўлган. Сиёсатчи заҳарланиб вафот этган куни у ҳам Светлогорскдаги меҳмонхонада Собчак билан бирга бўлган.

Маҳбуслар алмашувидан кейин Красиков Россияга қайтгач ўшанда кимларнингдир буюртмаси билан Собчакни у заҳарлаб ўлдиргани ҳам ёзилди.

Красиковнинг Собчакнинг заҳарлаб ўлдирилишида қатнашгани узил-кесил тасдиқланмаган. Сиёсатчининг ўлими билан боғлиқ тафсилотлар қачонлардир ошкор бўлади ва балки уни ким заҳарлагани ўшанда очиқланар.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади

Мавзуга оид