Ўзбекистон | 13:08 / 01.05.2024
16818
2 дақиқада ўқилади

Андижон вилоятида кун давомида учинчи туманда ҳоким ўзгарди

Марҳамат тумани собиқ ҳокими Андижон туманига ҳоким бўлди.

Фото: Андижон вилояти ҳокимлиги

Андижон вилоятининг Андижон туманига янги ҳоким тайинланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги хабар бермоқда.

Тўрт йилдан буён Марҳамат тумани раҳбари бўлган Бобур Йўлдошев Андижон тумани ҳоким лавозимида иш бошлади.

Бобурбек Йўлдошев 1986 йили Андижон шаҳрида туғилган. 2008 йили Андижон муҳандислик иқтисодиёт институтини тамомлаган. 

Меҳнат фаолияти давомида статистика, иқтисодиёт, ахборот-таҳлил ва бир қанча соҳаларда мутахассис, бошлиқ ўринбосари, бўлим бошлиғи ҳамда Ўзбекистон президенти администрацияси Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан ишлаш шуъбаси бош инспектори лавозимларида ишлаган. 

Бобур Йўлдошев Марҳамат туманига 2020 йил майидан буён ҳокимлик қилиб келаётганди. У 2022 йил февралида тумандаги ўқитувчиларни ота-оналар мажлисида узр сўрашга мажбур қилгани билан машҳур бўлганди.

У энди 2022 йил декабридан буён Андижон туманига ҳокимлик қилиб келган Бахтиёр Маматкаримов ўрнини эгаллади.

  • Бундан олдин Булоқбоши ва Марҳамат туманларига янги раҳбарлар тайинланганди. Хусусан, Булоқбоши туманига 7 йил ҳокимлик қилган Ўткирбек Маъмуров Марҳамат тумани ҳокими лавозимига ўтказилди. Булоқбоши туманига Фурқатбек Бўтахонов янги ҳоким бўлди. У ушбу туман ҳокимининг биринчи ўринбосари лавозимида фаолият юритиб келаётган эди.

Мавзуга оид