Жаҳон | 17:00 / 31.03.2026
2659
6 дақиқада ўқилади

Исроил парламенти «терроризм»да айбланган фаластинликлар учун ўлим жазоси киритди

Кнессет депутатлари ўлим билан боғлиқ ҳужумларда айбдор деб топилган фаластинликлар учун ўлим жазосини стандарт жазо сифатида белгиловчи қонунни қабул қилди. Исроилнинг ўта ўнг қанот миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир илгари сурган қонун – шунга ўхшаш жиноятларни содир этган яҳудий миллатига мансуб исроилликлар учун тааллуқли бўлмайди.

Итамар Бен-Гвир қонун қабул қилинишини нишонламоқда / Фото: AFP

30 март куни қабул қилинган бу қонун билан – бош вазир Бинямин Нетаняҳу ўта ўнг радикал иттифоқчиларининг ваъдасини бажарди.

Reutersʼнинг ёзишича, қонун фақат «Исроил мавжудлигига чек қўйиш»ни мақсад қилган қотилликда айбдор деб топилган исроилликларга нисбатан қўлланади, яъни у фаластинликлар учун ўлим жазосини назарда тутади. Аммо шунга ўхшаш жиноятларни содир этган яҳудий миллатига мансуб исроилликлар учун бу қонун тааллуқли эмас.

Чора-тадбир ҳукм чиқарилганидан кейин 90 кун ичида осиш орқали қатл этишни талаб қилувчи қоидаларни ўз ичига олади. Бунда жазони ижро этишни бироз кечиктиришга рухсат берилади, аммо афв этиш ҳуқуқи берилмайди. Ҳужжат ўлим жазоси ўрнига умрбод қамоқ жазосини тайинлаш имкониятини ҳам кўзда тутади, аммо бу фақат аниқлаштирилмаган «махсус ҳолатларда» мумкин.

Аслида Исроил 1954 йилда қотиллик учун ўлим жазосини бекор қилган эди. Шунга қарамай, Ғарбий соҳилдаги ҳарбий судлар фаластинлик маҳкумларни аллақачон ўлимга ҳукм қилиши ваколатига эга бўлган. Аммо улар буни амалга оширмай келаётганди.

Фаластинликларни камситувчи ушбу чоралар – овоз бериш арафасида сиртмоқ шаклидаги нишон тақиб юрган, Исроилнинг ўта ўнг қанот миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир томонидан илгари сурилган. Қонун Кнессетнинг 120 аъзосидан 62 нафари томонидан қўллаб-қувватланган.

Итамар Бен-Гвир қамоқхоналарни қайта ислоҳ қилиш жараёнига раҳбарлик қилди, бу эса фаластинлик маҳбусларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш ҳақидаги айловларга сабаб бўлди. Ушбу чоралар – Нетаняҳу ва унинг тарафдорларини танқид қилиб келаётган Исроилнинг Ғарбдаги иттифоқчилари ўртасида хавотир уйғотган навбатдаги қадамдир.

Овоз беришдан олдин ҳам ушбу қонун лойиҳаси Германия, Франция, Италия ва Британия ташқи ишлар вазирлари томонидан танқид қилинган. Улар қонун фаластинликларга нисбатан «де-факто камситувчи» хусусиятга эгалигини ва «Исроилнинг демократик тамойиллари»га путур етказишини таъкидлаганди.

БМТ экспертлари гуруҳининг таъкидлашича, қонун лойиҳасида «террорчи» сўзининг ноаниқ таърифлари мавжуд бўлиб, бу ўлим жазоси «ҳақиқий террорчилик бўлмаган хатти-ҳаракатлар» учун ҳам қўлланиши мумкинлигини англатади.

Фаластинликлар қонунни рад этмоқда

Ушбу қонунчилик Исроилга нисбатан халқаро танқидларни келтириб чиқарди. Зеро, Исроил босиб олинган Ғарбий соҳилда яҳудий кўчманчиларнинг фаластинликларга зўравонлиги ва Ғазодаги геноциди туфайли аллақачон халқаро босим остида қолмоқда.

Хусусан, Фаластин маъмурияти президенти Маҳмуд Аббос қонунчиликни халқаро ҳуқуқнинг бузилиши ва фаластинликларни қўрқитишга қаратилган муваффақиятсизликка маҳкум уриниш сифатида қоралади.

«Бундай қонунлар ва чоралар Фаластин халқининг иродасини букиб қўймайди ва уларнинг матонатини заифлаштирмайди. Шунингдек, бу уларни озодлик, мустақиллик ва пойтахти Шарқий Қуддус бўлган мустақил Фаластин давлатини барпо этиш йўлидаги қонуний курашни давом эттиришдан тўхтата олмайди», дейилади Аббос идораси баёнотида

Ҳамас ва бошқа қуролли гуруҳлари эса фаластинликларни қонун учун қасос олиш мақсадида ҳужумлар бошлашга чақирди.

Камситувчи нормалар

Исроилнинг етакчи ҳуқуқни муҳофаза қилиш гуруҳлари қонунни «фаластинликларга нисбатан институционаллашган камситиш ва ирқчилик зўравонлиги акти» сифатида қоралади. Исроилдаги Фуқаролик ҳуқуқлари ассоциацияси қонун устидан Исроил Олий судига апелляция берганини маълум қилди.

Reutersʼнинг ёзишича, халқаро норозиликнинг олдини олиш мақсадида Нетаняҳу қонунчиликнинг айрим қисмларини юмшатишни сўраган.

Хусусан, дастлабки лойиҳада Ғарбий соҳил ҳарбий судларида ўлим билан боғлиқ террорчилик ҳаракатларида айбдор деб топилган, Исроил фуқароси бўлмаган шахслар учун ўлим жазосини мажбурий қилиб белгилаган эди. Қайта кўриб чиқилган таҳрирда умрбод қамоқ жазоси варианти ҳам киритилган.

Нетаняҳу ва Бен-Гвир / Фото: Reuters

Энди Исроил судларида янги қонун лойиҳаси «Исроил мавжудлигига чек қўйиш мақсадида шахснинг ўлимига қасддан сабаб бўлишда» айбдор деб топилган ҳар қандай шахсга нисбатан ё умрбод қамоқ жазосини, ё ўлим жазосини белгилайди.

Қонун лойиҳаси танқидчиларининг айтишича, ушбу таъриф амалда ўлим жазосига ҳукм қилиниши мумкин бўлган исроилликларни – ўзини фаластинлик деб ҳисоблайдиган араб озчилиги вакиллари билан чеклайди.

Ўлим жазоси тўғрисидаги қонунларни қўлловчи мамлакатларни кузатиб борувчи Amnesty International ташкилоти «ўлим жазоси жиноятчиликни камайтиришда умрбод қамоқ жазосидан кўра самаралироқ эканига ҳеч қандай далил йўқ» деб таъкидлайди.

Исроил ҳуқуқий тузилмасидаги мутахассислар қонун лойиҳасининг конституцияга зидлигини, бу эса Олий суд томонидан қонуннинг бекор қилиниши эҳтимолини оширишини таъкидлаган.

Исроилнинг «B'Tselem» ҳуқуқни муҳофаза қилиш гуруҳи эса Ғарбий соҳилда фаластинликлар гумон қилинаётган жиноятлар бўйича судда айбдор деб топиш даражаси 96 фоизни ташкил этишини айтади. Бундай вазиятларда қийноқлар орқали иқрорлик олиш ҳолатлари кузатилган. 

Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид