Ўзбекистон | 16:47 / 07.01.2025
7161
2 дақиқада ўқилади

Тошкентдаги автобусларда йўлкирани нақд пул шаклида берганлар жаримага тортилади

Янги қоидаларга кўра, йўловчи йўл ҳақини нақд кўринишда берадиган бўлса, ҳайдовчи қабул қилмаслиги керак. Нақд пул орқали тўлов учун QR-чипта сотиб олиш шарт.

Фото: Kun.uz

Тошкент шаҳридаги барча автобусларда 1 январдан йўлкира тўловларини нақд пул шаклида қабул қилиш тўхтатилди. Агар йўловчи йўл ҳақини нақд пул кўринишида беришга уринса, чиптасиз йўловчи сифатида жаримага тортилади. Бу ҳақда Транспорт назорати инспекцияси Тошкент шаҳар ҳудудий бўлими инспектори Салимжон Нишонбоев маълум қилди.

«Агар йўловчи йўл ҳақини нақд кўринишда берадиган бўлса, ҳайдовчи қабул қилмаслиги керак. Вазият Транспорт инспекциясининг ҳудудий инспекторлари томонидан назорат қилинади. Биринчи сафар огоҳлантириш берилади. Чиптасиз йўловчи жаримага тортилади», деди Нишонбоев.

Тошкент шаҳар транспорт бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Аллаёр Норбўтаев сўзларига кўра, нақд пул орқали тўлов учун QR-чиптани инфокиосклар орқали харид қилиш лозим.

«Пойтахтда 1 январдан автобусларда нақд пул орқали тўловлар қабул қилинмайди. Йўлкира учун тўловларни нақд тўлаш амалиёти бекор қилиниши ортидан чиптачилар фаолиятидан воз кечилди. Пойтахтда 2644 та автобекат бўлса, улар атрофига 5500 та QR-чипта олиш учун шохобча ўрнатилган. Айни дамда пойтахтдаги мавжуд бўлмаган бекатларга инфокиоскларни интеграция қилиш ишлари кетмоқда. Агар нақд пул орқали тўлов қилмоқчи бўлсангиз, QR-чиптани харид қилиш учун тўлов инфокиоскидан фойдаланишингиз мумкин. Бир марталик тўлов учун QR-чипта олсангиз йўл ҳақи 3000 сўм, «АТТО» картаси ёки мобил илова орқали тўлашда 1700 сўмни ташкил этмоқда», деди Норбўтаев.

Таъкидланишича, чипта текширилиши мумкин, уни қатнов охиригача сақлаш лозим.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид