18:39 / 29.04.2024
44443

Қурбонлар ярим миллионга етмоқда: ўзбекистонликларни молиявий пирамидалардан ким қутқаради?

Ҳар куни юзлаб одамлар бир неча минг долларларини молиявий пирамидаларга тикиб, куйиб қолишмоқда. Қанча огоҳлантирилмасин, бонг урилмасин, одамлар барибир алданишда давом этяпти. Ўнлаб алдов лойиҳалар ҳуқуқ посбонларининг “бурунлари остида” гуркираб бормоқда. Аммо уларни тўхтатадиган на бир ташкилот, на бир идора йўқ, борлари ҳам “жабрланувчи ёки ариза йўқ” деган баҳона билан ўзларини четга олишади. Kun.uz тайёрлаган ушбу кўрсатувда фирибгарлик ва бировларни талаш устига қурилган ўнлаб “бизнес”лар ҳақида гап боради.  

Оғзи куйганлар қатиқни пуфлаб ичмаяпти  

Ўзбекистонда молиявий пирамидалар сони кундан кунга ортиб бормоқда. Афсуски, одамлар бирига чув тушиб, иккинчисига яна ишонишда давом этмоқда.

2024 йилнинг бошида “Parker” номли молиявий пирамида авж олди. Kun.uz лойиҳа авж олган палладаёқ бу молиявий пирамида экани ҳақида суриштирув эълон қилганди. Аммо вилоятларда ҳам филиаллари очилганини, ҳатто шу йўналишда МЧЖлар давлат рўйхатидан ўтказилганини кўрган одамлар топганини шу лойиҳага – powerbank ижарасига тикди. Охир-оқибат эса кўплаб инсонлар алданиб қолди.  

Шундан сўнг интернетда “Sun Eco” номли яна бир шубҳали лойиҳа пайдо бўлди. Унда одамлар қуёш панелларига пул тикишга чақирилди

Бугун “Parker” ва “Sun Eco” каби Ўзбекистонда фаол тарғибот қилинаётган, фаолияти турлича бўлса-да, асоси ва мақсади битта – одамларни чув тушириш бўлган бир нечта лойиҳаларга тўхталамиз.

Табиат ғамхўри ниқобидаги “қопқон”

“Blue culture” номи билан оммалашиб бораётган лойиҳанинг ишлаш услуби “powerbank ижараси”дан даромад олишни таклиф этиб, кўплаб одамларни чув туширган “Parker”ники билан бир хил: қанча кўп пул тиксангиз, шунча катта даромад. Афсуски, қармоқ учидаги мана шу “хўрак”ка илинаётганлар сони кундан кунга ортиб бормоқда.

“Blue culture”нинг Ўзбекистонга кириб келиши бошқа молиявий пирамидаларникига ўхшаш. Айни пайтда вилоятларда лойиҳанинг ҳудудий офислари очилиб, ижтимоий тармоқларда кенг тарғибот ишлари бошлаб юборилган. 

Лойиҳани тарғиб қилиш ишлари ҳатто таълим масканларигача кириб борганини кўриш мумкин.

Барча молиявий пирамидада лойиҳанинг асл мақсадини яшириб турувчи “ташқи қобиқ” бўлади. Масалан, “Parker”да ушбу вазифасини powerbank ижараси бажарган. “Blue culture” эса “ташқи қобиқ” сифатида табиатга ғамхўрликдан фойдаланмоқда.

Лойиҳа тарғиботларида келтирилишича, “Blue culture” компанияси 2023 йилда Ню-Йорк шаҳрида ташкил этилган бўлиб, асосан углерод нуқталарини йиғиш ва сотиш билан шуғулланади. Углерод нейтраллигига эришиш учун ҳар бир киши компанияга қўшилиб, кам углеродли ва экологик тоза хатти-ҳаракатлар орқали шахсий углерод балларини олиши мумкинлиги айтилади.

Яъни фойдаланувчи компанияга қўшилади, пул тикади, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича кундалик ҳаракатларини бажариш орқали балл олади ҳамда ушбу балларни долларга айлантиради. 

Лойиҳанинг даражалар ва даромадлар жадвалига кўра, CNT1 даражасига 100 АҚШ доллари тиккан одам кунига 3, ойига эса 90, йилига 1080 доллар даромад олади. CNT2 даражасида эса 500 доллар тикиб, кунига 15, ойига 450 ҳамда йилига 5400 доллар фойда кўриш таклиф этилади. Бу йиллик минг фоиздан ортиқ дегани. Шунинг ўзиёқ бу лойиҳа “қопқон” эканини кўрсатиб турибди аслида.

“Совға беринг, совға олинг”

“Дари получай” лойиҳаси ўз молиявий пирамидасини шу шиор устига қурган: беринг ва олинг. Асосан Telegram ботда ишлайдиган лойиҳа асосчилари бу бирор компания ҳам, тармоқ бизнеси ҳам, молиявий пирамида ҳам эмаслигини таъкидлашади. Лойиҳага халқаро ҳамжамият “тўни кийдирилган”.

Шартлар эса оддий: 7 та совғалар доскаси яратилган. Фойдаланувчи ҳар бир доскада бир марта совға бериб, 8 кишидан совға олиши мумкин экан. Доскаларга пул тикиш миқдори эса ошириб борилган. Масалан, биринчи доскага 150 минг сўм тикиб, совға сифатида 1,2 млн сўм олиш таклиф этилади. Бронза доскада 450 минг тикиб, 3,6 млн сўм, кумуш доскада 1,5 млн сўмга 12 млн сўм, шу тариқа миқдор ошиб бориб, еттинчи титанли доскада 150 млн сўм тикиб 1,2 млрд сўм фойда кўриш айтилган.

Шунингдек, фойдаланувчи лойиҳага одам қўшиши керак. Ўз-ўзидан кўриниб турибдики, фойдаланувчи оладиган қарийб минг фоизлик даромад лойиҳага янги одамларни қўшиш орқали келади. Яъни шартга кўра, совға қабул қилувчининг ўрнига бориш учун сиз совға қиймати бўйича бир хил бўлган 1 нафар иштирокчини ёки чексиз хамкорларни шахсан таклиф қилишингиз керак бўлади. Бу эса яққол молиявий пирамида.

Ҳозирда Ўзбекистонда “Дари получай”нинг ҳам тарғиботи фаол олиб борилмоқда. Ижтимоий тармоқларда лойиҳанинг ўнлаб ўзбек гуруҳ ва каналлари ишлаб турибди.

“Бошлиғи” йўқ лойиҳа

Ўзбекистонда фаол тарғибот қилинаётган навбатдаги молиявий пирамида бу – “Charoit”. Лойиҳадаги “қопқон” қуйидагича: унда бошлиқ йўқ, ҳамма тенг ва барча фойда олиши мумкин.

“Charoit” шартлари қуйидагича: лойиҳада char номли ички пул бор. Telegram ботда рўйхатдан ўтасиз, шахсий кабинет очасиз. Бунда ҳам бир неча босқичлар бор. 100 минг сўм тикиб, биринчи босқичдан жой оласиз ҳамда иккита танишингизни таклиф этасиз. Тўлов қиласиз, фоизи билан қайтариб оласиз. 

“Charoit”да биринчи босқичда 100 минг сўм тикиб, 600 минг сўм фойда олиш таклиф этилади.

Барча молиявий пирамидалар каби кейинги босқичларда тикиладиган пул ва даромад миқдори ошириб борилади. Даромад фойдаланувчининг шахсий кабинетида йиғилиб бориши ва уни пластик картага ўтказиб олиш мумкинлиги айтилади.

Тармоқ бизнесими ёки “қармоқ бизнеси”?

“Ubuntu” лойиҳасини катта даромад манбаи – тармоқ бизнеси дея тарғиб қилишмоқда. Аммо бу лойиҳада на бизнес, на бошқа нарса бор, шунчаки пул тикиш, одам қўшиш ва катта даромад олиш таклиф этилади.

Мазкур лойиҳанинг ишлаш услуби ҳам юқоридагиларга ўхшайди: бир нечта босқичлар – доскалар бор. Пул тикасиз ва бошқаларни қўшиш ҳисобига даромад оласиз. Масалан, биринчи поғона – мис босқичида 12,5 доллар тикиб, 100 доллар совға олиш таклиф этилади. Охирги босқичда эса 20 минг долларга 160 минг доллар соға!

Мазкур лойиҳага кўплаб одамлар пул тикмоқда, ўзининг дўст ва қариндошларини, яқинларини ишонтириб, пул тикишга кўндирмоқда. Бироқ “Ubuntu” ҳам ўз нуқтасига етганида, шубҳасиз, қумга томган томчидек бир лаҳзада ғойиб бўлади. Сабаби, унинг молиявий пирамида экани кундек равшан.  

“Кооператив савдо” ортига яширинган “Imalliance”

Ўзбекистонликлар яқин ойларда чув тушиши мумкин бўлган навбатдаги молиявий пирамида “Imalliance” ҳисобланади.

Лойиҳа тарғиботчиларининг келтиришича, компания 2018 йилда ташкил этилган ва штаб-квартираси АҚШнинг Колорадо шаҳрида жойлашган, у Америка қитъасида энг йирик Интернет маълумотларини тарғиб қилувчи компания ҳисобланар экан. “Imalliance”нинг асосий фаолияти электрон тижорат платформаларида маҳсулотни илгари суришдан иборат экани айтилади. Гўёки, сиз қўйган меҳнат депозити кооператив савдо дўконидан маҳсулот сотиб олишга сарфланади, харид муваффақиятли бўлгандан сўнг савдогар “Imalliance” компаниясига комиссия тўлайди. Ҳар бир инсон ҳар куни “Imalliance”нинг буюртма топшириқларини бажариш орқали комиссия олиши мумкин.  

Қайд этилишича, компания фойдаланувчининг маблағлари ва даромадларини суғурта қилди. Агар бахтсиз ҳодиса туфайли фойдаланувчи манфаатларига зарар етказилса, “Imalliance” суғуртаси товон тўлайди. Шунингдек, лойиҳада бошқа молиявий пирамидалардан фарқли равишда фойдаланувчилар бир йиллик меҳнат шартномасини имзолаши кераклиги айтилади. Бу ҳам аслида одамларни ишонтириш учун “қурол” сифатида фойдаланиладиган жиҳатлардан бири.

“Imalliance”да фойдаланувчи ВИП2 даражага аъзо бўлса, 100 доллар тикиб кунига 4, ойига 120 ҳамда йилига 1460 доллар ишлаб олиши мумкин экан.

Агар у А дўстини қўшса 10 фоиз, яъни 10 доллар йўналтирувчи мукофот олиши, А ўзининг Б дўстини қўшса 5 фоиз реферал мукофот олиши мумкинлиги айтилган. 

Бундан кўриниб турибдики, даромад пул тикиш ва кимларнидир лойиҳага қўшиш эвазига келади. Бу эса молиявий пирамиданинг энг оммабоп шакли холос.

Самолёт билан “жарликка” учиш

“Humokapital” лойиҳаси Ўзбекистонда иқтисодий ўйин кўринишида одамларни ўзига жалб этишни мақсад қилган. Бошқа молиявий пирамидалардан фарқли равишда бу лойиҳанинг сайти бор. У ерда фойдаланувчиларга самолёт сотиб олиш кўринишидаги ўйин орқали даромадга эга бўлиш таклиф этилмоқда.

Ўйинга қўшилиш учун турли даражадаги самолётларни сотиб олиш керак бўлади. Шунингдек, лойиҳада 3-х даражали шериклик дастури таклиф этилади. Лойиҳада ҳамма нарса автоматик режимда ишлаши маълум қилинган.

 Ўйин 12 босқичдан иборат. Биринчи босқичда 42 минг сўмга икки ой муддатга сотиб олинадиган самолёт ойига 56 фоизлик даромад келтириши айтилади. Шу тариқа босқичга қараб тикиладиган сумма ва кўриладиган даромад ошириб борилган. Энг охирги босқичда 1,4 млн сўмга 20 кун муддатга самолёт олиш мумкин. Унинг ойлик даромади 176 фоизга тенглиги кўрсатилган.

Шакли бошқача бўлгани билан “Humokapital” ҳам моҳиятан бошқа молиявий пирамидалар билан бир хил: юқори даромад билан одамларни қизиқтириш ва охир-оқибат чув тушириш.

“Шерик топинг ва фойда олинг”

Ўзбекистонда “New Millenium” лойиҳасига ишонаётганлар ҳам кўпчиликни ташкил қилади. Бироқ бу лойиҳанинг молиявий пирамида эканлиги унинг ишлаш услубида яққол намоён бўлиб турибди.

 “New Millenium”да фойдаланувчининг даромад олиши “занжирли” услубга асосланган: сиз одам топасиз ва лойиҳага қўшасиз, ўз навбатида улар ҳам одам қўшади ҳамда шу тариқа тикилган пулдан даромад шаклланади.

Тарғибот тадбирларида келтирилишича, компанияда 5 та актив даромад келтирадиган ва 3 та жамғариб бориладиган пассив даромад келтирувчи дастурлардан босқичма-босқич ўтиб борилади. Гўёки, фойдаланувчи беш босқичли йўлни босиб ўтади ва мол-мулкка, катта миқдордаги пулга эга бўлади.

“1000 рубл сармоя ва чексиз даромад”

“DREAM рекламная платформа” лойиҳаси одамлар қулоғига шунақа “лағмон илмоқда”.

Бир нечта тарифлардан иборат ушбу лойиҳада ҳам фойдаланувчиларга лойиҳага одам қўшиш ҳисобига уларнинг тиккан пулидан даромад олиши таклиф этилмоқда.

“DREAM рекламная платформа”сининг ишлаш услуби бошқа молиявий пирамидаларники каби босқичлардан иборат: пул тикиб кирасиз ва сиз қўшган одамлар ҳисобига даромадга чиқасиз. Бу меҳнат қилиб топилган пулни очиқчасига бировга тутқазиб юборгандай гап.

Биз шунчалик соддамизми?

Халқаро молиявий пирамидалар ёки улар кўринишидаги лойиҳалар асосан Марказий Осиё давлатларига, хусусан, Ўзбекистонга “ин қуриб” олмоқда. Албатта, бунга сабаб бўлувчи омиллар кўп. Шулардан бири молиявий саводхонликнинг пастлиги.

Ўйлаб қарайдиган бўлсак, фаолияти давлат томонидан тартибга солинадиган, даромади ҳам давлат томонидан муайян тарзда кафолатланган банклар ҳамда молия ташкилотлари миллий валюта – сўмда кўпи билан 25 фоизгача, хорижий валюта (долларда) 10 фоизгача даромад таклиф қилади. Моҳияти молиявий пирамидадан иборат қисқа муддатли юқоридаги лойиҳаларда эса “хўрак” сифатида йиллик 300-400, ҳатто минг фоизгача фойда таклиф этилади. Бу на бизнес қоидаларига ва на энг оддий мантиққа тўғри келади. Молиявий саводхонлиги деярли нолга тенг содда халқ эса бу рақамларни кўргач, табиийки, шошиб қолади, бор-будини олиб бориб топширади. 

Нега улар Ўзбекистонда бемалол ишлаб юрибди?

Гап шундаки, аксарият молиявий пирамидачилар тадбиркор ниқобига кириб олган. Ўзбекистонда сиёсат тадбиркорларга эркинлик бериш, улар фаолиятига аралашмаслик принципларига қараб иш тутади.

Ҳар қанча шубҳали бўлмасин молиявий пирамидаларга ҳам тадбиркордай қараб, улар фаолиятига аралашилмаяпти. Кўп ҳолларда ҳуқуқ органлари жабрланувчиларнинг аризалари йўқлиги важи билан бу каби қинғир ишларга эътибор қаратмайди. Аммо бу тўғри эмас.

Аслида кибержиноятлардан одамларни ҳимояловчи ўнга яқин идоралар бор: Киберхавфсизлик маркази, ИИВ тузилмалари, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти, солиқ органлари, банкларнинг киберхавфсизлик бўйича тузилмалари, Марказий банк ва ҳоказо. Ўрганишларимиз шуни кўрсатдики, бу идораларнинг бирортасида айнан шубҳали бизнес лойиҳаларни кузатадиган, уларнинг фаолиятини шубҳага қўядиган ҳамда бу бўйича тезкор чоралар кўрадиган бўлим ёки бўлинма мавжуд эмас экан.

Бундан ташқари, Жиноят кодексининг 1881-моддасида пул маблағларини ёки бошқа мол-мулкни жалб этишга доир ноқонуний фаолиятни амалга ошириш, мазкур фаолиятда иштирок этишга жалб қилиш мақсадида ушбу фаолиятни реклама қилиш бўйича жавобгарлик белгиланган. Бироқ фирибгарлар томонидан Ўзбекистонга олиб кирилаётган аксарият молиявий пирамидалар крипто-активларда маблағларни жалб қилаётгани ноқонуний фаолиятни исботлашни мураккаблаштирмоқда.

Молиявий пирамидаларга қарши хориж тажрибаси

Кўплаб давлатларда шабҳали операцияларни амалга оширувчи фирмалар агар уларнинг шубҳали молиявий ҳаракатлари сезилса, дарҳол аниқлаш ва текшириш учун ваколатли ҳуқуқ органига бериш амалиёти бор. Шунингдек, молиявий пирамида бўлган лойиҳалар рўйхати юритилади.

Масалан, Қозоғистонда алоҳида давлат ташкилоти – Молиявий мониторинг агентлиги мавжуд ва айнан улар томонидан молиявий пирамидалар рўйхати юритилади.

Россиянинг Марказий банки веб-сайтида ҳам молиявий бозорда ноқонуний фаолият белгилари аниқланган компаниялар рўйхати юритилади. Сайтда деярли ҳар куни 10 га яқин сохта лойиҳалар ва платформалар бўйича материаллар жойлаштирилади. Ушбу компаниялардан маълум муддат ичида эътироз келиб тушмаса (одатда эътироз бўлмайди, чунки бу турдаги компанияларни манфаати ортидан бирор шахс ўзини очиқлаб келмайди) улар фаолияти тўғридан тўғри ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан текширувга олинади. Бу орқали одамларнинг сохта лойиҳалар, молиявий пирамидалар бўйича хабардорлиги ошириб борилади.

Ўзбекистонда ҳам шу каби чоралар кўрилиши, молиявий пирамида бўлган лойиҳаларнинг “бошини силаш” ўрнига уларга қарши огоҳлик тарғибот тадбирлари билан чекланиб қолмасдан, кескин курашиш вақти аллақачон етиб келган.

Kun.uz қўлга киритган маълумотда айни кунда республика ҳудудида 500 мингдан ортиқ фуқаролар 60 дан зиёд ана шундай катта ва кичик алдов лойиҳаларга чув тушиш арафасида турибди.

Kun.uz юртдошларимизни яна бир бор кафолатланмаган ва хавфли лойиҳаларга пул тикмасликка чақиради. Шу билан бирга, асосий вазифаси халқни турли қонунсизликлардан, муттаҳам ва ўғри-фирибгарлардан асраш бўлган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг виждонли раҳбарлари, ходимлари ҳали ҳам борлигига умид билдириб қолади. Яна ҳам ким билсин...

Руслан Сабуров,
Kun.uz

Top