Ўзбекистон | 17:04 / 22.12.2020
19814
15 дақиқада ўқилади

Писанд қилинмаётган депутатлик сўровлари: бунинг учун ким жавоб беради?

Сўнгги вақтларда давлат ташкилотларида очиқликка, ОАВ ва жамоатчиликка нисбатан қарашлар бирмунча яхши тарафга ўзгарди. Лекин ижро ҳокимияти – вазирликлар, давлат органлари ва маҳаллий ҳокимликлар халқнинг қонуний вакиллари ҳисобланган депутатларнинг сўровларига бепарволик билан қараш ҳолатлари ҳозир ҳам анчагина кўп учрамоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси девонининг Kun.uz'га берган маълумотларига кўра, 2020 йилнинг 9 декабрига қадар палата депутатлари томонидан турли вазирлик ва ташкилотларга 285 та депутатлик сўрови юборилган.

«Аслида бу рақамлар кўпроқ бўлиши ҳам мумкин, чунки, ҳудудларда юрган вақтида баъзи депутатлар сўровни рўйхатга олмасдан ўзлари имзолаб тегишлилиги бўйича бериб юборишади. Натижада, депутатлик сўрови қайсидир мансабдорнинг иш столида назоратга олинмасдан ҳам қолиб кетиши мумкин», – дейилади маълумотда.

Депутат сўровини менсимаслик – қонунни менсимаслик билан баробар

Аввало таъкидлаш ўринлики, бюджетдан маош олиб, қимматбаҳо машиналар ва бошқа имтиёзлардан фойдаланувчи амалдорлар ўз фаолияти борасида халқ вакилларига ҳисоб беришга, сўровларига жавоб йўллашга ҳам виждон, ҳам қонун олдида мажбурдир.

«Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси тўғрисида»ги конституциявий қонуннинг 12-моддасига кўра, Қонунчилик палатаси депутати давлат органларининг, хўжалик бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига сайловчиларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш билан боғлиқ масалалар юзасидан асослантирилган тушунтириш бериш ёки нуқтайи назарини баён этиш талаби билан сўров юборишга ҳақли.

Қонунчилик палатаси депутати сўровига жавоб 10 кундан кечиктирмай ёзма равишда берилиши ва у кимнинг номига юборилган бўлса, ўша мансабдор шахс ёки унинг вазифаларини вақтинча бажараётган шахс томонидан имзоланиши шарт.

Шу каби нормалар «Парламент назорати тўғрисида» ва «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида»ги қонунларда ҳам белгилаб қўйилган.

«Кўпчилик раҳбарлар депутатлик сўровига бепарво»

«Бизга аҳолидан жуда кўплаб мурожаатлар бўлади, пандемия даврида асосан телефон ва телеграм орқали мурожаатлар билан ишладик. Мурожаат келдими, энди биз уларни тўплаб, ижро ҳокимияти вакилларига мурожаат қиламиз», – дейди парламент аъзоси Наврўз Ризаев.

«Вазирликларга юбораётган депутатлик сўровларимиз ичида баъзилари амалга ошмоқда, лекин бу борада бизни мулоҳазага чорлаётган масалалар ҳам йўқ эмас. Масалан, кўпчилик раҳбарлар депутатлик сўровига бепарво қарайди.

Қонунчиликда сўров қайси раҳбар номига юборилган бўлса, шу мансабдор томонидан жавоб берилиши кераклиги қатъий белгилаб қўйилган. Лекин кўпинча вазирларга юборган сўровларимизга вазир ўринбосарлари, ҳаттоки бўлим бошлиқлари имзо қўйиб жавоб бериб юборади.

Наврўз Ризаев

Масалан, Соғлиқни сақлаш вазирига бундан 2-3 ой аввал 600 мингга яқин аҳоли яшайдиган Самарқанд вилоятининг Ургут тумани туғруқ комплексига атиги 50 ўринли жой ажратилгани ҳақида сўров юборганмиз. Яна иккита ҳудуддаги қишлоқ врачлик пунктларини таъмирлашга маблағ ажратишни сўрадик. Яна Жўробтепа деган ҳудудимизда 80 минг кишига хизмат қилган катта касалхона бўлган ва ҳокимият бу бинони захирасига олиб қўйган. Биз ишчи гуруҳ тузайлик, бу масалани ҳал қилайлик деб ҳам мурожаат қилдик.

Лекин ҳеч қайси масалада Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан амалий ҳаракат кўрмадик, юборган жавоблари ҳам «шаблон» жавоблар: Масалани ўрганиб чиқдик, дейилади; кейин важлар келтирилади ва: «Биз сизни туман ҳокими ёки вилоят ҳокимига мурожаат қилишингиз лозим деб топдик, масалани улар ҳал қилади».

Кечирасиз, сиз нима қилиб ўтирибсиз, жаноб вазир? Агар бу муаммо ечиш имконияти ҳудудий раҳбарларда бўлганида биз вазирга мурожаат қилиб нима қилардик», – дейди депутат.

«Дастурга киритамиз»

Наврўз Ризаев электр энергияси ва сув муаммолари ҳақида ҳам тўхталди.

«Электр энергияси соҳасида ҳам шу аҳвол. Ургут қишлоқларидаги симёғочларнинг аҳволи жуда ёмон. Шуни вилоят масъуллари ҳеч қачон бориб кўрмаган. Ҳозирги кунда булар ҳам алмашди, лекин ҳалигача бу масалада ҳеч ким депутат сўровига жавоб бермади.

Ёки эскириб кетган трансформаторлар ва сув масаласи. Ҳеч ким ўрганиб ҳал қилайлик, келинглар, демайди. Ҳаммаси келаси йилдан дастурга киритамиз, дейди. Нима учун бугун қилмаймиз шуни, болажонларимиз мактабларда совуқда ўтирибди, шифохоналар совуқ. Яна 10-15 йил кутиб яшаш керакми?» – дейди Олий Мажлис депутати.

«Молия вазирлиги ва Халқ таълими вазирлиги кўпинча жавобларни кечиктиради ёки шаблон жавобларни беради»

Қонунчилик палатасининг бошқа бир депутати Ғайрат Абдиев ҳам мавзу юзасидан ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

«Вазирлик ва ҳокимликларнинг аксариятида депутатларнинг сўровига нисбатан муносабат ижобий тарафга ўзгарди, лекин шундайлари бор – ҳалиям бу масалада бепарво. Масалан, ҳудудимда (Самарқанд вилояти Ургут тумани) 3–4 йил аввал иккита спорт биноси қурилиши бошланган. Кейинчалик, Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси тугатилгач, молиялаштириш тўхтаб қолган. Давлат бюджети эвазига қурилиши бошланган бинолар шу ҳолича неча йилдан бери ёмғир ва қорларда турибди. Молия вазирлиги бу масалада қилган мурожаатимга жавоб бермади.

Ғайрат Абдиев

Ҳар куни камида 5-10 та оғзаки ва ёзма мурожаатлар бўлади. Электр энергияси, газ ва суюлтирилган газ, йўлларнинг аҳволи масалаларида 10дан ортиқ вазирликларга депутатлик сўровларини юбордик. Ҳаммасида муносабат ҳар хил, ижобий натижалар ҳам бўлди. Масалан ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов ақлли светофор ўрнатилишида амалий ёрдам бериб, шахсан хатга жавоб берди. Лекин Молия вазирлиги ва Халқ таълими вазирлиги кўпинча жавобларни кечиктиради ёки шаблон жавобларни беради.

Суюлтирилган газ вақтида берилмаслиги ва етишмаслиги тўғрисида бизга Ургут туманининг қишлоқларидан тинимсиз равишда мурожаатлар бўлади. Сўров берган кунимизда эса «Ҳудудгазтаъминот» корхонаси шу куниёқ далолатнома тузиб, бизга ҳисобот қилиб беряпти. Унда маҳалла раиси ва масъуллар газ тарқатилгани ва бу ерда муаммо бўлмаганини айтиб имзо қўйяпти. Маҳалла ким кўпроқ шикоят қиладиган бўлса ёки кимлардан кўпроқ қўрқишса, ўшаларга суюлтирилган газ бериб, «андишани оти қўрқоқ» деб ўтирган қариялар ва ночорларга деярли суюлтирилган газ етиб бормаяпти», – дейди Ғайрат Абдиев.

«Биздан ёрдам сўралган ҳолатларнинг бирортасида сўров жавобсиз қолмаган» — ҳукумат вакили

Мавзу юзасидан ҳукуматнинг парламентдаги ваколатли вакили Маъруфжон Тожибоевнинг фикрлари билан ҳам қизиқдик. Унинг айтишича, депутатлар ва сенаторлар сўровлари ваколатли вакил томонидан мунтазам умумлаштирилиб борилади.

«Умумлаштириш натижасига кўра, депутат сўровларидан айримларига белгиланган муддатдан бир неча кун кечикиб, шунингдек, давлат идорасининг биринчи мансабдор шахси имзоламасдан берилаётганлари мавжуд. Мазкур камчиликлар доимий муҳокама қилиниши билан бирга, мансабдор шахслар раҳбарият томонидан жиддий огоҳлантирилган.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси томонидан депутат сўрови билан ишлаш тартиби қайта такомиллаштирилган ҳолда тасдиқланиб, барча давлат идоралари ва маҳаллий ҳокимиятларга юборилган. Тартибга асосан, агар айрим мансабдор шахслар депутат сўровига жавоб юборилаётган санада иш жойида бўлмаса (беморлиги, хизмат сафарида), сўровнинг ўзида мансабдор шахснинг иш жойида бўлмагани ва унинг ўрнига ўринбосар имзолаганига изоҳ берилиши амалга киритилган.

Шунингдек, ҳар бир давлат идораси ва ҳокимликда парламент билан ишлаш бўйича масъуллар белгиланди.

Депутат сўрови бўйича жорий йилнинг 9 декабр санасидаги таҳлилларга эътибор берадиган бўлсак, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан давлат бошқарув органлари ва маҳаллий ижро этувчи органларнинг мансабдор шахсларига 254 та депутат сўрови юборилган. Шундан 167 таси вазирликларга, 24 таси давлат қўмиталарига, 38 таси маҳаллий ҳокимиятларга ва 25 таси бошқа ташкилотларга юборилган.

Мазкур юборилган сўровларнинг энг катта қисми Халқ таълим вазирлиги тизимидаги мансабдор шахсларга – 30 та, Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги мансабдор шахсларга – 22 та, молия вазирига – 19 та, Уй-жой вазирлиги ва Энергетика вазирликларига 18 тадан; маҳаллий ҳокимликлардан эса Қашқадарё вилоятига – 12 та ва Тошкент вилоятига 7 та депутат сўровлари юборилган.

Мазкур сўровларга турли муддатларда, жумладан, Молия ва Энергетика вазирликлари томонидан сўровларга 1 кундан 20 кунгача вақтида жавоб берилмаган.

Бироқ, шу билан бирга, таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, гарчи бизнинг назорат ҳужжатларимизда баъзи сўровлар муддати бузилиб ижро этилган деб кўрсатилган бўлса-да, мазкур сўров аслида юборилган мансабдор шахсга етиб бормаган, бу каби ҳолатлар ҳам учраб турибди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси назорат таҳлил бўлими томонидан етказиб берилган барча депутат сўровлари қатъий назоратга олинган, бироқ депутатлар томонидан тегишли равишда қайдловдан ўтказмасдан юборилган сўровларни назоратга олиш имкони мавжуд эмас.

Агар депутат томонидан сўровга жавоб олишда ёрдам бериш сўралса, шу куннинг ўзидаёқ депутат юборган сўров ким томонидан ўрганилаётгани ва қачон жавоб берилиши аниқланади. Бу ҳақда депутат хабардор қилинади.

Амалда депутатлар томонидан шундай мурожаатлар бир неча маротаба бўлган ва қисқа муддатларда жавоби олинган. Айрим ҳолатларда эса жавоб берилган, лекин депутатга етиб бормаган ҳолатлар ҳам бор.

Ҳозирда мен томонимдан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси назорат таҳлил бўлими масъул ходими билан қатъий тизим ўрнатилган бўлиб, унга асосан ҳар ҳафтада депутат сўровлари ва уларга берилган жавоблар бўйича маълумот алмашинуви йўлга қўйилган.

Депутат юборилган сўровнинг нусхаси бўлим орқали менга етказиб берилган куннинг ўзидаёқ Ваколатли вакил котибиятида ижроси назоратга олинади.

Бизга нусхаси юборилган ёки депутат томонидан жавоб берилишига ёрдам бериш сўралган депутат сўровдан бирортаси жавобсиз қолмаган», – дейди Вазирлар Маҳкамаси вакили.

«Депутатлик сўровлари ва олинган жавобларни интернетда эълон қилиб бориш керак»

Вазиятга Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти бўлим бошлиғи Отабек Тошевдан ҳам изоҳ олдик.

«Депутат ва сенаторлар сўрови қонунчилигимизда парламент назорати ўрнатишнинг бир усули сифатида мавжуд. Ушбу тартиб 8 та норма билан тартибга солинади.

Депутат ёки сенатор сўровига белгиланган вақтида жавоб бермаганлик учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 193-моддаси билан жавобгарлик белгиланган. Унга кўра, давлат органларининг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, мулкчилик шаклидан қатъи назар корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг мансабдор шахслари томонидан парламент сўровини, депутат, сенатор сўровини кўриб чиқмасдан қолдириш ёки уларни кўриб чиқиш муддатларини узрли сабабларсиз бузиш ёхуд улар юзасидан била туриб нотўғри маълумотларни қасддан тақдим этиш – мансабдор шахсларга БҲМнинг 3 бараваридан 7 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Отабек Тошев

Бизнинг институт томонидан таҳлил ўтказилганида депутат сўровларига ижро ҳокимияти ва давлат бошқарув органлари томонидан юзаки ва вақтида жавоб берилмаслик ҳолатлари аниқланди. Бу депутатлик сўровига эътиборсизлик қилинаётганидан далолатдир.

Бундан ташқари, вилоят, туман ва шаҳар кенгаши депутатлари томонидан юборилган сўровлар кўп бўлса ҳам сифат жиҳатдан яхши тузилмаган, баъзилари қонунчилик талабларига ҳам тўғри келмайди. Тўғри, бу ерда депутатлар юрист эмас, кўпчилиги фермер, тадбиркор ёки бошқа соҳа вакили бўлиши мумкин. Лекин депутатлик сўровида унинг предмети, кўтарилаётган масаланинг аниқ ҳолати ва у тўғри ташкилотга йўналтирилган бўлиши керак.

Баъзида мурожаатларга депутатлик сўрови сифатида қаралмоқда. Шунингдек, асосан ҳокимлар бошчилик қиладиган маҳаллий кенгаш депутатларининг кўпчилиги ижро бўғинида ишлайдиганлар, корхона раҳбарлари ҳам бўлади. Булар кўпинча ҳокимларга тобе ҳисобланади ва бу уларнинг депутатлик сўрови самарадор эмаслигига олиб келади.

Бизнингча, депутатлик сўрови муҳокамаларини қонунчилик палатасининг расмий сайтида эълон қилиб бориш керак. Келган жавобларнинг эълон қилиниши шаффофлик ва талабчанликни оширади.

Депутатлик сўровига вақтида жавоб беришни назорат қилиш депутатнинг ўзида қолади. Агар сўровга муддатида ёки асослантирилган ҳолда жавоб берилмаса депутат тегишли тартибда прокуратура органларига мурожаат қилади.

Бундан ташқари, депутатлар оқибатлар билан эмас, сабаблар билан ҳам курашиши керак. Кўтарилган муаммоларни умумий жамлаб қонунлар қабул қилишга ташаббус билан чиқишлари лозим.

Институтимиз томонидан таҳлил қилганимизда, сон жиҳатидан сўровларни кўпайтириш учунгина депутатлик сўровларини юборишаётганига ҳам дуч келмоқдамиз. Ўрганганларимиз ичида қисқа мурожаатларни ҳам депутатлик сўрови сифатида юбораётганларини кўрмоқдамиз», – деди Отабек Тошев.

«Бош прокурорга юборган сўровимизга жавоб беришларини сўраб охири ялиндик...»

Ўтган ойда парламентнинг бошқа бир аъзоси Расул Кушербаев депутатлик сўрови жавобсиз қолса, мансабдорга жиноий жавобгарлик белгилаш таклифини билдирган эди.

«Қонун қабул қилганимиз билан кўряпмиз, бу нарсалар амалда ишламаяпти-ку! Масалан, 5-6 нафар депутат бош прокурор номига юборган сўровимизга 3 ойдан кейин жавоб берилди. Ўзимиз ялиндик охири чиқиб: эй, жавоб беринглар илтимос, деб…

Менинг таклифим, жавобгарлик масаласини ҳам олиб кирсак, керак бўлса, депутатлик сўровига жавоб бермагани учун жавобгарликни Жиноят кодексига киритайлик. Жиноий жавобгарлик масаласини қўяйлик. Қолган соҳаларда бор-ку, мурожаатлар тартибини бузадиган бўлса, шунақа чоралар кўрилади. Буни ҳам киритайлик», – деган эди Кушербаев.

Мавзу долзарблиги, айтилиши ва ҳисобга олиниши керак бўлган жиҳатлар талайлигидан, мақоламиз ҳажми ҳам салмоқли бўлди. Хулосани эса муштарийларнинг ўзига ҳавола этсак. Зеро, мақсадимиз – муаммо ва уни ҳал этиш зарурати борлиги, шу билан бирга, унинг ичида турли мураккабликлар ва албатта, ечим ҳам йўқ эмаслигини кўрсатиш.

Фаррух Абсаттаров, Kun.uz мухбири.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Дониёр Яқубов.

Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров

Мавзуга оид