Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Фарғонада шундай директор бор: у 2500 ўқувчини ҳар куни эшик олдида ўзи кутиб олади
Шарофиддин Ҳусанов Фарғона шаҳридаги 5-мактабнинг директори. Ўқувчилар уни худди ўз отасидек ҳурмат қилади. Директор деярли ҳар бир ўқувчининг исм-шарифини ёддан билади. У ҳар куни ўқувчиларини мактаб эшиги олдида кутиб олиб, уларнинг ҳол-аҳволини сўрайди. Болалар ҳам бунга кўникиб кетган.
Шарофиддин Ҳусанов ўзи раҳбарлик қилаётган мактабда ўқиган.
“Ўз касбимни, болаларни, ўқувчиларимни яхши кўраман. Ўқувчиларнинг мактабдаги отасиман. Мен буни қўрқмай айтаман, сабаби, кўпчиликнинг отаси ёки онаси тирикчилик мақсадида чет давлатларига бориб ишлашади. Ўқувчилар мени ўз отасидек кўришади. Эрталаб мактаб остонасида болалар қаршимга югуриб келгандан кейин қандай бағримни очмай?
Дарс пайтида давомат олгани кирганимда мен сизларнинг отангизман деб ўқувчиларга кўп айтаман. Улар ҳам мени ўз отасидек кўришади. Менга ишонишади. Дардинг бўлса айт, қизимсан ёки ўғлимсан, дейман. Ўқувчилар гапимдан хурсанд бўлишади.
Мактабда психолог ҳам бор. У ҳам ўз ишини қилади. Лекин асосан ўзим психолог вазифасини бажараман. Мактаб дарвозаси қаршисида ўқувчиларни кутиб олишни бошлаганимга 16 йил бўлибди. Бундан 16 йил аввал раҳбар бўлган бўлсам, 500 ўқувчим бор эди. Бугунги кунда ўқувчиларим 2,5 минг нафар. Директорлик лавозим ёки амал эмас. Бу халқ хизматчиси дегани.

1990 йилдан 2000 йилгача шу мактабда ўқидим. Ўқишни тамомлаб жисмоний тарбия ўқитувчиси бўлиб ишладим. Маълум вақт ўтиб директор бўлдим. Умримнинг кўпи мактабда ўтди. Чорак асрдан бери мана шу мактабдаман.
100 фоиз демайман, лекин 95 фоиз ўқувчиларимнинг исмини биламан. Ота-онаси кимлигигача, оилавий шароитигача биламан. 2,5 мингга яқин ўқувчи... айтишга осон. Ҳар биттаси билан гаплашаман, эринмайман.
Бозорга борсам, қўлимда юким бўлса ўқувчиларим кўриб қолиб, юкимни олиб ташқаригача олиб чиқиб беришади. Хурсанд бўлиб кетаман. Фахрланаман”, – дейди мактаб директори.

Эътиборимизни 4-синф ўқувчиси Шоҳнура Саидалиеванинг югуриб келиб директор бағрига отилганию, севинганича қўл бериб сўрашиб ичкарига кириб кетгани тортди. Шоҳнура директор билан суҳбатлашиб турганимиздан нимадандир хавотирланди чоғи ёнимизга келиб директорни бошқа мактабга олиб кетманглар, у жуда яхши инсон, дея йиғлаб юборди.

Маълум бўлишича, Шоҳнуранинг отаси Европада мухожирликда ишлар, у директорни худди ўз отасидек ҳурмат қиларкан. Айтишларича, бундан бир муддат аввал директор бошқа мактабга ишга ўтаётганда шу қизалоқ дод-вой қилиб йиғлаб унинг ўз ўрнида қолишига сабабчи бўлган экан.
Сарвар Зиёев,
Сардор Мамиров,
Kun.uz
Мавзуга оид
20:14 / 16.12.2025
Тошкентда 75 тадан мактаб ва боғча етишмаяпти
11:00 / 11.12.2025
Инсон органлари савдоси билан шуғулланган уюшган жиноий гуруҳга ҳукм ўқилди
08:42 / 08.12.2025
Синфни ўзгартириш: ота-оналар қандай тартибда мурожаат қилади?
08:22 / 05.12.2025