Ўзбекистон | 11:21 / 10.12.2020
7112
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон давлат мадҳияси қабул қилинганига 28 йил тўлди

Бугун, 10 декабр куни, Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси қабул қилинганига 28 йил тўлди.

Ўзбекистон Давлат мадҳиясининг матни ва мусиқаси 1992 йил 10 декабрдаги 768-ХII-сонли «Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси тўғрисида»ги қонуни билан тасдиқланган.

Мадҳия сўзлари Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов томонидан ёзилган, унинг мусиқаси эса Мутал Бурҳонов томонидан басталанган.

Қонунга кўра, давлат мадҳияси Ўзбекистон Давлат суверенитетининг рамзи ҳисобланади ва қуйидаги ҳолларда ижро этилади:

  • Ўзбекистон президенти лавозимига киришиш чоғида — у қасамёд қабул қилганидан сўнг;
  • Олий Мажлис Қонунчилик палатаси сессияларининг ва Олий Мажлис Сенати ялпи мажлисларининг очилиши ҳамда ёпилиши чоғида;
  • Ўзбекистонда нишонланадиган умуммиллий байрамларга бағишланган тантанали йиғилишлар ва мажлисларнинг очилиши чоғида;
  • давлат телевидение ва радиоэшиттириш компаниялари томонидан ҳар куни — кўрсатув ва эшиттиришлар бошланишидан аввал ва тугаганидан сўнг;
  • республика ҳаётидаги муҳим тарихий воқеаларни нишонлаш юзасидан, атоқли сиёсий, давлат, ҳарбий арбоблар, халқ қаҳрамонлари, фан, адабиёт ва санъат арбоблари шарафига ўрнатилган ҳайкаллар, шунингдек монументлар, ёдгорликлар ва бошқа иншоотларнинг очилиши чоғида;
  • давлат органлари, бошқа ташкилотлар томонидан ўтказиладиган маросимлар ва бошқа тантанали тадбирлар вақтида Ўзбекистон Давлат байроғини кўтариш чоғида;
  • расмий сафар билан Ўзбекистонга ташриф буюрган хорижий давлатлар давлат ва ҳукумат бошлиқларини кутиб олиш ва кузатиш чоғида — тегишли хорижий давлатнинг давлат мадҳияси ижро қилиб бўлинганидан кейин;
  • ҳарбий маросимларни ўтказиш вақтида — Ўзбекистон Қуролли Кучларининг умумҳарбий уставларига мувофиқ;
  • умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълим муассасаларида — янги ўқув йили бошланиши ва ўқув йили тугаши маросимлари чоғида;
  • спорт майдонларида — Ўзбекистон чемпионатларини, миллий терма командалар иштирокида халқаро спорт мусобақаларини ўтказиш вақтида ҳамда халқаро спорт мусобақаларининг Ўзбекистон спорт терма командаларининг вакиллари бўлган ғолибларини мукофотлаш маросимларини ўтказиш вақтида;
  • Ўзбекистон президенти, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, халқ депутатлари Кенгашлари депутатлари сайловлари ёки референдум кунлари — овоз бериш ўтказиладиган биноларда соат 8:00да ижро этилади.

Давлат мадҳияси кўпчилик ҳузурида ижро этилганда, ҳозир бўлган кишилар мадҳияни тик туриб ва ўнг қўл кафтини кўкракнинг чап томонига қўйиб, ҳарбий ёки давлатнинг бошқа хизматидаги махсус кийимдаги шахслар эса қўлини бош кийимига қўйиб тинглайди.

Халқаро спорт мусобақаларини ўтказиш вақтида мадҳияни ижро этиш маросими халқаро спорт ташкилотларининг мавжуд амалиётини инобатга олган ҳолда, хорижий давлатлар ҳудудидаги тадбир вақтида эса ўша мамлакат тажрибаси ва маҳаллий урф-одатларини инобатга олган ҳолда ижро этилади.

Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 203-1-моддаси ва Жиноий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 215-моддасида давлат рамзларига ҳурматсизлик қилиш юзасидан жавобгарликлар белгиланган.

Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид