Миллий озодликни қўлга киритган, миллий тараққиётнинг тарихий босқичига қадам қўйган ҳар бир халқ Ватанининг шонли тарихи, бугуни ва келажаги, орзу-интилишларини мужассам этган давлат рамзларини қабул қилади. Бу рамзлар давлат суверенитетининг ўзига хос шаҳодатномасидир.

1992 йил 10 декабрь куни Олий Кенгашнинг Ўн биринчи сессиясида “Ўзбекистон Республикасининг давлат мадҳияси тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди. Давлат Мадҳиясида 130 йил давомида эрк ва ҳуқуқлари поймол этилиб, камситиш ва таҳқирлашлар ичра яшаб келган халқнинг истиқлоли, орзу-умидлари, улуғ мақсадлари ўз тажассумини топди. Диёримиздаги барқарор янгиланишлар боис давлат рамзлари қабул қилинган кунларни йил сайин янада юксак фахр-у ифтихор билан байрам қилиш анъанага айланди.

Мамлакатимиздаги улкан ижобий ўзгаришларни асос қилиб айтиш мумкинки, бугун она Ватанимиз тараққиётнинг янги босқичига қадам қўйди. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигидаги янгиланишлар туфайли нафақат иқтисодий юксалишлар, маънавий тараққиёт сари ҳам қадам ташланди. Миллат чин маънода ўзлигига қайтиб, ўзлигидан куч олмоқда.  

Бугун Республика Маънавият ва маърифат маркази, Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Миллий гвардия, Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, “Ватанпарвар” ташкилоти, Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳамкорлигида Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси қабул қилинганининг 30 йиллиги муносабати билан пойтахтимизда “Шуҳратинг порласин токи бор жаҳон!” шиори остида байрам тадбири ташкил этилди.