Спорт | 16:20 / 25.03.2026
4284
5 дақиқада ўқилади

Салоҳ «Ливерпул»дан кетади

Мисрлик тирик афсона учун клубдаги тўққизинчи мавсуми сўнггиси бўлиб қолади.

Муҳаммад Салоҳ ва «Ливерпул» барибир ажралади. 33 ёшли мисрлик ҳужумчи 24 март куни кечқурун ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида эълон қилган видеосида 2025/26 йиллар мавсуми якунида клубни тарк этишини эълон қилди. Бироз ўтиб мерсисайдликлар клуби матбуот хизмати ҳам бу маълумотни тасдиқлади.

«Бу эҳтирос, тарих ва руҳдир»

Мисрлик футболчи мухлисларга таъсирли мурожаат йўллади.

«Афсуски, бу кун етиб келди. Мен мавсум якунида «Ливерпул»ни тарк этаман. Мен шундан бошламоқчиманки, бу жамоа, шаҳар ва одамлар ҳаётимнинг шундай қисмига айланишини ҳеч қачон тасаввур қилмаган эдим. «Ливерпул» – шунчаки футбол клуби эмас. Бу кимгадир тушунтириб бўлмайдиган эҳтирос, тарих ва руҳдир», – деган Салоҳ хайрлашув нутқи аввалида.

У жамоадошлари ва клуб ходимлари тўғрисида ҳам гапирган.

«Барчага, айниқса, жамоадошларимга – собиқ ва ҳозиргиларга, мухлисларга раҳмат. Менга кўрсатган ёрдамингиз учун миннатдорчилик билдиришга сўз етмайди. Фаолиятимнинг энг яхши даврида ёнимда бўлдингиз ва ҳар доим мен билан елкама-елка турдингиз», – дея қўшимча қилган Салоҳ.

Кўп ўтмай «Ливерпул» ҳам бу борада расмий баёнот берди: қизиллар клуби матбуот хизмати форвард ўз қарори ҳақида имкон қадар эртароқ эълон қилишни хоҳлагани айтилган релизни эълон қилди.

Шу билан бирга, яқин вақтлар ичида футболчи билан хайрлашув учрашуви ўтказилиши кутилмаяпти.

«Бизни ҳали олдинда кўп ўйинлар кутмоқда ва  Салоҳ бор эътиборини «Ливерпул» мавсумни максимал натижа билан якунлашига қаратган. Шунинг учун унинг мероси ва ютуқларини тўлиқ нишонлаш вақти кейинроқ келади», – дея қайд этилади клуб сайтида.

Фаолиятини қаерда давом эттиради?

Муҳаммад Салоҳ мерсисайдликлар клуби билан шартномасини 2025 йил апрелида икки йилга узайтирганди. Аммо мисрлик футболчи бу муддат охиригача клубда қолмаслиги мавсум ўртасидаёқ маълум бўлиб улгурганди.

Декабр ойи бошида ҳужумчи асосий таркибдаги ўрнини бой бериб қўйди ва айрим ўйинларда захирадан ҳам майдонга туширилмади. АПЛнинг 15- турида «Лидс»га қарши кечган учрашувда (3:3) ҳам захира ўриндиғида қолиб кетганидан кейин у журналистлар қаршисига чиқди ва ўз ҳолати ҳақида шов-шувли баёнот берди. Хусусан, жамоа бош мураббийи Арне Слот билан ораси бузилганини айтди.

«Кўп марта айтганман: мураббий билан муносабатларим жуда яхши эди, аммо бирданига ўртамизда ҳеч нарса қолмади. Афтидан, кимдир мени бу ерда кўришни истамаяпти. Яна бир бор айтаман: ўртамизда ҳеч қандай муносабат йўқ... У нималарни ҳис қилаётганимни билади. Бу ҳақда билади», – дея норозилик билдирганди футболчи.

Шундан кейин у Миср миллий жамоаси сафида Африка миллатлар кубогига жўнаб кетди, турнирдан қайтганидан кейин эса кўпроқ майдонга туша бошлади: 2026 йилда у фақат бир марта 60 дақиқадан камроқ ўйнади – бу 15 март куни «Тоттенҳэм»га қарши ўйинда (1:1) рўй берди.

Шунга қарамай, Салоҳ барибир клубини ўзгартиришга қарор қилган. Журналист Пол Жойс қайд этишича, томонлар ўзаро розилик асосида шартномани бекор қилишга келишишган. Бу орқали «Ливерпул» унга товон пули тўлашдан қутулади, форвард эса кейинги фаолияти учун клубни мустақил танлаш имконига эга бўлади.

Футболчининг агенти Рами Аббосга кўра, у ҳамон келгусида қаерда ўйнашини аниқлаб олмаган. Африкалик юлдузли футболчига муқаддам Саудия Арабистонидан катта таклифлар бўлган, аммо энди Яқин Шарқдаги воқеалар туфайли бундай трансфер амалга ошиши даргумон.

Барча совринларни қўлга киритган

Салоҳ «Ливерпул»га 2017 йил июнида «Рома»дан келиб қўшилганди. Тўққиз йил мобайнида мисрлик ҳужумчи Англиядаги барча совринларни қўлга киритди: икки бор Англия чемпиони бўлди, мамлакат Кубоги ва Суперкубогини, шунингдек, Англия лигаси кубогини қўлга киритди.

Халқаро аренада Муҳаммад ўзига хос ҳет-трикка эришди: Чемпионлар лигасида, УЕФА Суперкубогида ва клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ғолиб бўлди.

Унинг шахсий статистикаси ҳам ажойиб: Муҳаммад 435 ўйинда 255 гол урган ва 122 ассист амалга оширган, тўрт бор АПЛнинг энг яхши тўпурари сифатида «Олтин бутса»га эга чиққан ҳамда лига тарихидаги энг яхши легионер тўпурарга айланган. У ёзгача коллекциясини яна тўлдириши мумкин – жамоа ЕЧЛ ва Англия кубогидаги иштирокини давом эттирмоқда.

Азиз Қаршиев
Муаллиф Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид