Жаҳон | 08:56 / 22.03.2019
17232
2 дақиқада ўқилади

Екатеринбургда декларацияланмаган 19 минг долларни олиб чиқиб кетмоқчи бўлган ўзбекистонлик ушланди

Фото: Урал божхона бошқармаси матбуот хизмати

Екатеринбургнинг “Кольцово” аэропортида Россиядан декларация қилмаган ҳолда 19 минг долларни олиб чиқиб кетмоқчи бўлган Ўзбекистон фуқаросидан 9 минг доллар мусодара қилинди. Бу ҳақда Урал божхона бошқармаси матбуот хизмати маълум қилди

Маълум қилинишича, Екатеринбург — Тошкент рейсига чипта олган йўловчи аэропортда ушланган. Пуллар унинг юки орасидан топилган.

“Йўловчи нозирларга бу пуллар унинг бурғилаш қудуғида ишлаб топган даромади эканини айтган. У 10 минг доллардан кўпроқ суммага эга йўловчилар “қизил йўлак”да декларация тўлғизишлари кераклиги ҳақида билмаган”, деб айтилган хабарда.

Шу сабабли ўзбекистонликдан рухсат берилган лимитдан кўпроқ сумма, яъни 9 минг доллар тортиб олинган. Энди бу пуллар билан нима бўлишини суд ҳал қилади.

Таъкидланишича, аэропорт божхоначилари йил бошидан декларация қилинмаган валюта ҳолатлари юзасидан 30 дан кўпроқ маъмурий иш қўзғашган. Одатда, бундай қонунбузарликларни содир этишда Грузия, Тожикистон ва Туркияга жўновчи ҳамда Хитой ва Туркиядан келувчи йўловчилар тушганлар.   

Мавзуга оид