Амалга ошириш механизми йўқ чеклов. Тошкентда юк машиналари билан қандай “курашилади”?
Тошкент шаҳрида 1 мартдан тиғиз вақт оралиқларида юк машиналари ҳаракати тақиқланди. Хўш, бу чекловни жорий қилишда нималар ҳисобга олинган? Уни амалга ошириш механизмлари қандай бўлади? Энг муҳими, бу кутилган натижани берадими? Мақолада чекловнинг зарурати ва очиқ қолаётган масалалар ҳақида сўз юритилади.
Бу тартиб президент фармони билан тасдиқланган 2024 йилги давлат дастурида акс этган.
Фармонга кўра, 2024 йил 1 мартдан бошлаб Тошкент шаҳрида юк ташиш учун мўлжалланган, рухсат этилган тўла вазни 10 тоннадан юқори бўлган N2, N3, О4 тоифага кирувчи автотранспорт воситаларининг ҳаракати тиғиз вақт оралиқларида тақиқланади.
Келинг, аввал қандай тоифадаги автотранспорт воситаларига чекловлар киритилаётганини аниқлаштириб олайлик.
N2 тоифаси — юк ташиш учун мўлжалланган, тўлиқ вазни 3,5 тоннадан ошиқ, бироқ 12 тоннадан зиёд бўлмаган транспорт воситалари. Буларга “Газел”, “Isuzu” каби кичикроқ юк ташувчи автомобиллар киради
N3 тоифаси — тўлиқ вазни 12 тоннадан зиёд бўлган юк ташишга мўлжалланган автомобиллар. Булар сирасига қурилиш материаллари ташувчи оғир самолсваллар, “Камаз”, “MAN” каби тиркамасиз йирик юк ташувчи транспорт воситалари киради.
O4 тоифаси — умумий массаси 10 тоннадан ортиқ бўлган тиркамалар. Булар энди шаланда, фура, контейнер ташувчи каби узун тиркамали юк автомобилларидир.
Фармонга кўра, чекловлар махсус хизмат, шу жумладан, коммунал хўжалиги, ободонлаштириш ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг юк транспорти воситаларига татбиқ этилмайди.
Фармон ижросини бажариш юзасидан Тошкент шаҳрига кираверишдаги ЙПХ стационар постларида 1 мартдан тиғиз вақт оралиғида (соат 7:00 дан 10:00 гача) юк машиналарининг ҳаракатини Тошкент ҳалқа автомобил йўли орқали ташкил этиш бошлангани, ҳайдовчиларга бу борада тушунтириш ишлари олиб борилаётгани тўғрисида лавҳа ҳам эълон қилинди.
Тиғиз вақт қачон ўзи?
Албатта, бу янгилик Тошкент шаҳрида кейинги вақтларда одатий ҳолга айланиб улгурган йўллардаги тирбандликларнинг олдини олиш мақсадида жорий этилган. Шу сабабли юк машиналарининг шаҳар ичкарисида ҳаракатланишига чеклов фақат тиғиз вақтларга тааллуқли бўлиши белгилаб қўйилган.
Аммо тиғиз вақт деган тушунча жуда мавҳумроқ бўлиб турибди ва у айнан қайси соатларда бўлиши белгилаб қўйилмаган.
Айтайлик, 1 март куни тарқатилган хабарларда эрталаб соат 7:00 дан 10:00 гача тиғиз вақтда юк машиналари шаҳарнинг ички йўлларига қўйилмай, айланма йўлларга йўналтирилаётгани қайд этилган.
Барчамиз биламизки, пойтахтимиз Тошкент шаҳрига ёки бошқа йирик шаҳарларимизда ҳам тиғиз вақт эрталаб одамларнинг ишга боришида ва кечқурун ишдан қайтаётган чоғда рўй беради. Шунингдек, тушлик вақтида ҳам кўчаларда тирбандлик кўпаяди.
Хўш, эрталабги тиғиз вақт соатларида шаҳарга қўйилмаётган учта тоифадаги юк машиналари кечқурун ҳам қўйилмайдими? Ўзи у қандай қилиб аниқланмоқда. Тиғиз вақт диапазони ҳар кун (айтайлик, иш куни учун) маълум бир вақтлар қатъий қилиб қандай аниқланиши муҳим. Юк машиналари ҳайдовчилари бу янгиликни доим ёдда сақлашлари ва шунга қараб ўз ишларини режалаштиришлари учун у доимий бўлиши ва ким(лар)нингдир хоҳишига қараб ўзгариб турмаслиги керак.
Умуман, юк автомобилларининг шаҳардаги тирбандликка таъсири борасида қандайдир илмий асос борми? Айтайлик, бир соатда қанча юк машинаси кириб чиқиши, қанақа тезликда ҳаракатланиб чорраҳаларда тиқилинч ҳосил қилиши борасида. Ёки таклиф “шуларни йўқ қилсак, кўчалар анча бўшаб қолар”, деган хаёлда шунчаки тахминий баҳолашлар билан қабул қилиндими?
Кейин, бу амалиёт қўллана бошланса, тирбандлик даражаси қанчага камаяди? Ёки экология масаласига қанчалик таъсир қилади? Булар ҳисоблаб чиқилганми?
Қолаверса, санаб ўтилган юк машиналари тиғиз вақти шаҳарга кира олмаса, айни шу вақтда ҳаракатланиш учун муқобил йўллар борми? Хариталар қилинганми? Чеклов бундан буёғига доимий характерга эга бўладими ёки маълум бир вақтда амал қиладими?
Мутасаддиларга бу каби саволлар жуда кўп. Қолаверса, юқоридаги амалиёт мавжуд муаммоларга тўлиқ ечим эмас.
Урбанист нима дейди?
Шаҳарларимиз кўчаларидаги транспорт оқимини яхшилаш бўйича кўплаб чиқиш қилиб кетаётган ёш урбанистларимиздан Искандар Солиевга айрим саволлар бидан мурожаат қилдик.
— Умуман, бу чекловларнинг йўллардаги тирбандликларни камайтиришга таъсири борми?
— Тирбандликнининг олдини олиш борасида кўплаб шаҳарларда амалга оширилган изланишларини қарайдиган бўлсак, натижалар ижобий. Ҳатто йўл-транспорт ҳодисалари сони ҳам камайган. Умуман олганда, узоққа бормасдан, Москвани мисол келтирса бўлади. У ерда ҳам соат 7:00–23:00 оралиғида шаҳарга кириш учун чеклов мавжуд. Москвада ҳам чекловлар жорий қилинганидан сўнг тирбандликларда ва ҳавога заҳарли чиқиндилар ажралиб чиқиши борасида сезиларли ўзгаришлар бўлган.
Албатта, таъкидлаш керакки, бу билан тирбандлик умуман йўқолади, деб бўлмайди. Бу фақат бартараф этиш учун чоралардан бири бўлади олади, холос. Қолаверса, адашмасам, бизда ҳозир юк машиналари учун аниқ коридорлар харитаси мавжуд эмас. Бу ҳолатда шундай харита жуда зарур.
— Модомики, чекловнинг фойдаси бўлар экан, Тошкентда тиғиз вақт қачондан қачонга белгиланиши керак? Эрталаб ва кечқурунми ёки фақат эрталаб?
— Кўплаб шаҳарларда чеклов кун бўйи, яъни эрталаб 7:00 дан тунги 23:00 гача давом этади. Баъзи шаҳарларга эса юк машиналари умуман киргизилмайди. Умуман олганда, бу қарор тўғри деб биламан. Кўпчиликда “унда логистика масаласи нима бўлади?” деган ўринли савол пайдо бўлади. Чеклов жорий этилган бошқа шаҳарларда катта ва бесунақай юк машиналари ўрнини нисбатан кичикроқ – 3,5 тоннадан юқори бўлмаган автомобиллар ёки велосипедлар эгаллаган ва бу билан уларда тижорат тўхтаб қолгани йўқ. Бизда эса менимча махсус рухсатномалар бериш керакдир. Балким қурилиш ва савдо билан шуғулланадиган тадбиркорлар аниқ бир жадваллар билан ишлашни ўрганиши керак бўлади. Юк машиналари юрадиган йўллар харитасини тузиш билан янада тартиблаштирса бўлади.
— Бунақа амалиёт хорижий давлатларда ҳам борми?
— Кўплаб давлатларда юк машиналари умуман шаҳар ичига киритилмайди. Фақат махсус рухсатнома билан амалга оширилмаса, бунинг асло иложи йўқ. Нисбатан яқин шаҳарлардан мисол қилсам, юқорида айтганимдек, Москвада соат 7:00 дан 23:00 гача чеклов. Оғир юк машиналар эса умуман кира олмайди. Москва жуда улкан шаҳар, лекин чеклов билан шаҳар ҳаёти тўхтаб қолмади, аксинча, Россияда ижобий натижаларга эришилган.
Яқин хориждаги тажрибалар
Бундай чоралар 2018 йилда Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида ҳам вақтинчалик жорий этилган. Шаҳар ҳокимлиги бундай қарор қабул қилинишига сабаб қилиб юк машиналарининг пойтахтдаги транспорт оқими тезлигини пасайтираётганини кўрсатган.
Ўшанда шаҳарда 200 дан ортиқ қурилиш объектларига кириб чиқаётган юк машиналари тезланиш олиши пастлиги, йирик габаритлари, уларнинг бесўнақайлиги йўлларда авариявий хавфли вазиятлар келтириб чиқараётгани бош сабаб қилинган.
Остонада 2018 йилнинг 14 майидан бошлаб 31 декабргача иш кунлари эрталаб соат 7:00 дан 9:00 гача, кечки 17:30 дан 20:00 гача вазни 3,5 тоннадан ортиқ машиналар ҳаракатига чеклов киритилган.
Россия пойтахти Москва шаҳрида ҳам N2, N3 ва O4 тоифасидаги юк автомобилларининг кириши 2022 йилнинг 1 январидан бошлаб тақиқланган. Қозоғистон ва Ўзбекистондагидан фарқли ўлароқ, N2 тоифасидаги автомобиллар эрталаб соат 7:00 дан тунги соат 23:00 гача Москва ҳалқа автомобил йўлидан ичкарига кира олмаса, N3 ва O4 тоифадаги автомобилларга сутканинг исталган соатига кириш тақиқланган.
Америкада трак ҳайдовчи ўзбекистонликлар ҳам кўпи шаҳарларнинг аҳоли истиқомат қилувчи қисмига оғир юк машиналарининг кундуз куни кириши тақиқлангани ҳақида хабарларини шахсан ўзим эшитганман.
Европа давлатларида ҳам юк автомобилларига чекловлар ўрнатилган. Юқоридаги харитада тунда юк автомобилларининг ҳаракатига ўрнатилган тақиқлар тасвирланган. Турли давлатларда 50 кундан 365 кунгача чекловлар ўрнатилган. Буларда энди бу тирбандлик эмас, шовқинга қарши кураш бўлса керак. Бизда ҳали шовқинга қарши курашиш кун тартибида ҳам йўқ.
Жавобгарлик масаласи ҳам очиқ
Чеклов жорий этилгани билан унга амал қилмаган ҳайдовчига нисбатан чора кўриб бўлмайди. Боиси тиғиз пайт вақтида ҳаракатлангани учун юк автомобили ҳайдовчисига маъмурий чора кўришни назарда тутувчи норма ҳали қонунчиликда мавжуд эмас. Шундай экан, ҳозирча бу чеклов фақат “қўл меҳнати”, яъни ЙҲХБ ходимларининг жисмоний буйруқ ва кўрсатмалари орқали таъминланади.
Шуҳрат Шокиржонов,
журналист
Мавзуга оид
23:47 / 26.11.2024
Тошкентда юк машинаси билан тўқнашган Isuzu ҳайдовчиси ҳалок бўлди
21:14 / 26.11.2024
Тошкентда ҳаракатланиб кетаётган машиналар устига дарахт шохи қулади
21:02 / 26.11.2024
Тошкент шаҳридаги айрим автобуслар ҳаракати йўналиши вақтинча ўзгартирилади
22:20 / 25.11.2024