Жаҳон | 18:41 / 25.03.2022
39285
2 дақиқада ўқилади

Россия иккинчи бор Украинадаги қурбонлари сони бўйича маълумот берди

РФ қуролли кучлари бош штаби уруш бошидан буён иккинчи бор Россия армиясининг ҳарбий йўқотишлари бўйича маълумот берди.

Фото: Felipe Dana / AP / Scanpix / LETA

Украинадаги урушнинг бир ойида 1351 нафар россиялик ҳарбий ҳалок бўлиб, 3825 нафари яраланган. Бу ҳақда Россия қуролли кучлари бош штаби расмийси генерал Сергей Рудской томонидан ўтказилган брифингда маълум қилинди.

Рудскойнинг баёнотида Украинанинг ҳарбий йўқотишлари сони 14 мингдан ортиқ экани айтилган.

Бунгача Россия томони урушдаги қурбонлари сони бўйича фақат бир марта маълумот берган, 2 март кунги брифингда Украинада россиялик ҳарбийлардан 498 нафари ҳалок бўлиб, 1597 нафари яралангани маълум қилинганди.

Украина томони эса уруш бошидан буён россиялик ҳарбийларнинг йўқотишлари сони 16 минг нафардан ошгани тўғрисида маълумот берган, бу миқдор ҳалок бўлганлардан ташқари, яраланганлар ва асирга тушганларни ҳам ўз ичига олади.

NYT эса бир ҳафта муқаддам АҚШ разведкаси ҳисобларига кўра Россиянниг йўқотишлари 7 минг киши (ҳалок бўлганлар) атрофида эканини маълум қилганди.

Украина томони ўз йўқотишлари сони тўғрисида охирги бор март ойи ўрталарида маълумот берган, президент Зеленский 1300 нафардан ортиқ украиналик уруш қурбонига айланганини хабар қилганди.

Ҳарбий ҳаракатлар вақти можаро иштирокчиларининг расмий маълумотларини мустақил манбалар орқали текширишнинг имкони йўқ.

Мавзуга оид