Иқтисодиёт | 10:58 / 03.12.2018
14078
5 дақиқада ўқилади

Йил бошидан бери озиқ-овқат маҳсулотлари қанчага қимматлашди?

Фото: Shutterstock

Йил бошидан нархларнинг ўзгариши таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, хизматлар 11 ой давомида 14,3%, озиқ-овқат маҳсулотлари 11,4% ва ноозиқ-овқат маҳсулотлар нархлари 11,1%га қимматлашди. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси хабар бермоқда.

Ноябрь ойи давомидаги нархлар ўзгаришининг структураси таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, нархларнинг кўтарилиши борасида етакчилик хизматлар соҳасига тааллуқли бўлса-да (3,3 %), ҳар бир йирик гуруҳнинг салмоқ вазнларини ҳисобга олган ҳолда таъсир даражаси ва структураси бўйича устунлик озиқ-овқат маҳсулотлари гуруҳига тегишлидир (таъсир 1,2 фоиз даражасида(кейинги ўринларда ф.д.).

2018 йилнинг 11 ойи давомидаги йиғма ИНИ таҳлилига кўра, умумий нархлар даражасининг ошишига таъсир даражаси бўйича ҳам етакчилик озиқ-овқат маҳсулотларига (4,9 ф.д.), кейинги ўринларда эса ноозиқ-овқат маҳсулотлари (3,9 ф.д.) ва хизматларга (3,1 ф.д.) тегишлидир.

Озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари январь (ой давомида 3,5%), сентябр (3,3%) ҳамда ноябрь ойлари давомида (2,6%) сезиларли даражада қимматлашди.

Ноябрь ойида озиқ-овқат маҳсулотларидан асосий гуруҳлари нархларининг кўтарилишида, асосан истеъмол секторидаги озиқ-овқат товарларидан мева-сабзавот маҳсулотлари (нархлар 6,5%га қимматлашганлиги умумий ИНИ кўрсаткичини 0,5 ф.д.га оширди), нон маҳсулотлари (мос равишда 2,8% ва 0,2 ф.д.), гўшт маҳсулотлари (1,5% ва 0,2 ф.д.), тухум (9,2% ва 0,1 ф.д) нархлари қимматлашди. 

Ўтган йилнинг охирига нисбатан картошка ва тухум маҳсулотларидан ташқари қолган барча турдаги озиқ-овқат гуруҳи маҳсулотлари нархлари кўтарилган (картошка ва тухум мос равишда 26,4% ва 0,4%га арзонлашган). 

Нон маҳсулотлари нархларининг қимматлашиши асосан жорий йилнинг сентябр ойида кузатилган бўлиб (ой давомида ўртача 10,9%), бу ўз навбатида ун ва нон маҳсулотлари нархларининг эркинлаштирилиши билан тавсифланади. Октябрь ва ноябрь ойлари давомида нархларнинг ўсиши тенденцияси сақланиб қолган бўлса-да, лекин ушбу кўрсаткич сезиларли даражада кўзга ташланмаган. Ноябрь ойи давомида гуруч 7,1%, мош 3,1%, олий навли буғдой уни ва нони 2,2%, биринчи навли буғдой уни 2,1%, пиширилган нон маҳсулотлари 1,7%, макарон маҳсулотлари нархлари 1,2%га қимматлашди. Шу билан бир қаторда нўхат 3,1%, гречка 0,4%га арзонлашди.

Ўтган 11 ой мобайнида гуручнинг энг юқори даражада қимматлашгани Хоразм вилоятида (1,8 марта), бирмунча паст суръатларда ошганлиги эса Қашқадарё вилоятида (41,8%) қайд этилган

Буғдой уни нархларининг ой давомидаги сезиларли даражада қимматлашиши жорий йилнинг сентябр ойида кузатилган (8,4%). Октябр ва ноябрь ойларида ушбу кўрсаткич мос равишда ойига ўртача 0,5% ва 2,1%га кўтарилган. 

Умумий ҳисобда 11 ой давомида, ун маҳсулотлари нархлари Фарғона (19,4%), Тошкент (16,8%) ва Андижон (15.8%) вилоятларида сезиларли даражада қимматлашган.Нархларнинг минимал даражада кўтарилганлиги Жиззах вилояти (4,8%) ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида (6,4%) рўйхатга олинган.

Йил бошидан тирик ва музлатилган балиқ 35,1%, мол гўшти (суяксиздан ташқари) 26,0%, қўй гўшти 23,5%, суяксиз мол гўшти 14,9%, товуқ болдири ва сон қисмлари 2,0%, бошқа парранда гўшти нархлари ўртача 1,5%га қимматлашди.

Жорий йилнинг 11 ойида гўшт маҳсулотлари нархларининг энг юқори даражада кўтарилиши июнь ойида рўйхатга олинган бўлиб, ой давомида нархлар ўртача 4,3%га ўсди. 

Паррандачилик маҳсулотлари нархлари август ойидан бошлаб барқарор ўсиш тенденциясига эга бўлди. Жумладан, сўнгги тўрт ой давомида тухум нархлари 31,9%, парранда гўшти (сонлардан ташқари) 16,2%, товуқ болдири ва сон қисмлари 8,0%га ўсди.

Йил бошидан ўтган давр мобайнида мева-сабзавот маҳсулотлари нархлари ўзгариши таҳлилига кўра, нархлар кўтарилишининг энг юқори чўққиси жорий йилнинг апрель ойида қайд этилган (2017 йилнинг декабрь ойига нисбатан 19,5%). Энг паст нарх даражаси эса август ойида кузатилган (2017 йилнинг охирига нисбатан 20,5%га пасайган). Май ойидан августгача бўлган вақтда (бозорларнинг янги ҳосил билан тўйиниши даври) мева-сабзавот маҳсулотлари нархи 33,5%га пасайиб, сўнгги уч ой давомида эса нархлар ўртача 19,8%га ошган.

Умумий ҳисобда жорий йилнинг январь-ноябрь ойларида помидор нархи республика бўйича ўртача 34,3%га арзонлашган. Нархларнинг сезиларли даражада пасайиши эса Қорақалпоғистон Республикасида (62,6%) қайд этилган. Бу даврда карам нархлари аксинча, сезиларли даражада қимматлашиб (республика бўйича ўртача 2,5 баравар), ҳудудлар бўйича Наманган вилоятида энг юқори нарх ўсиши даражаси қайд этилган (3,1 баравар). 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда 11 ой давомида инфляция неча фоизни ташкил этгани маълум бўлганди.

Мавзуга оид