Иқтисодиёт | 22:03 / 10.03.2023
44525
5 дақиқада ўқилади

Супермаркетдан нақд пул, комиссиясиз тўлов, Uzcard ва Humo интеграцияси — нималар кутиляпти?

Йирик супермаркетлар кассаларидан 300-500 минг сўмгача нақд пул олиш мумкин бўлади. Фуқаролар бюджетга тўлов қилишда комиссия тўламайди. Дўкондорлар икки хил терминал ишлатишдек оворагарчиликдан ниҳоят халос бўлади.

Kun.uz президент қарорида ёзилган бу ўзгаришлар нимани англатади, одамларга нима фойда беради каби саволларга Марказий банк департаменти директори Улуғбек Маҳмудовдан жавоб олди.

“Айрим турдаги тўловлар учун аҳолидан комиссия олиш бекор қилиняпти”

— 2023 йил 9 мартда қабул қилинган (88-сонли) президент қарорига мувофиқ, 1 майдан бошлаб бенифициари бюджет ва корпоратив буюртмачи ҳисобланган тўловлар бўйича тўлов хизматларини кўрсатганлик учун воситачилик ҳақи ёки йиғимлар (тўлов шаклидан қатъи азар) аҳолидан ундирилмайди. Энди воситачилик ҳақи маблағларни олувчидан чегириб қолиш йўли билан олинади. Бу барча турдаги давлат божлари, маъмурий жарималар, ёки коммунал тўловларга татбиқ этилади.

Бу нима дегани? Ҳозирги кунда аҳоли банк кассаларига бориб электр энергияси ёки умуман коммунал тўловларга тўлов қилганда, улардан воситачилик ҳақи қўшимча олинаётганди. Масалан, 100 минг сўм электр энергиясига пул тўланганда банк кассалари ёки тўлов ташкилотларининг воситачилик ҳақи аҳолидан ундирилаётганди. Энди аҳоли 100 минг сўм бюджет ташкилотларига тўлов қилганда, ўша 100 минг сўм тўлов амалга оширилади, лекин маблағларни олувчига 1 фоизгача бўлган сумма чегирган ҳолда тўлов амалга оширилади. Аҳоли томонидан тўловлар амалга оширилганда ҳеч қандай воситачилик ҳақи ундирилмайди. Маблағлар олувчидан чегириб қолинади. Жисмоний шахсларга бу қулайлик яратади. Маблағлар олувчи ва банклар ўртасида “аксиверка”, ҳисоб-китобларни тўламаслик ҳолатлари барҳам топади.

“Супермаркет кассаларидан нақд пул олиш мумкин бўляпти”

— 1 майдан ҳуқуқий эксперимент тариқасида виртуал касса тармоғи мавжуд бўлган савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаларида чекланган лимит доирасида нақд пул олиш мумкин бўлади (дастлабки босқичда ушбу амалиётни “Korzinka” савдо тармоғида республика бўйича 100 та супермаркет пилот лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилган).

Ҳозирда республикамизда 12 мингдан ортиқ банкоматлар ўрнатилган. Энди “Korzinka” савдо тармоғига кириб, савдо қилганингизда чекланган лимит доирасида нақд пул олиш имконияти яратиб берилади. [Супермаркетдан] савдо қилгандан кейин 200-500 минг сўмгача нақд пулга эҳтиёж туғилса, савдо нуқталаридан нақд пул олиш мумкин бўлади. Пилот лойиҳа доирасидаги савдо комплекси ўрганилиб, Марказий банк томонидан лимит белгиланади. Кейинчалик виртуал кассаси мавжуд бошқа “Makro”, “Havas” каби савдо нуқталарига ҳам татбиқ этилиши мумкин.

Кассада нақд пул олиш деган хизмат тури йўлга қўйилади. Аммо шарти бор – албатта, ўша супермаркетдан савдо қилиш керак. Қанча нарса сотиб олганининг аҳамияти йўқ. Масалан, кичик миқдордаги товарни сотиб олсангиз ҳам савдо қилиш мажбурияти бор.

Бу нарса Европа давлатлари, Россияда ҳам қўлланяпти.

“Humo ва Uzcard интеграциясидан кейин инфратузилма кенгаяди”

— Humo ва Uzcard тўлов тизими интеграцияси масаласи ҳам бор. Ҳозир республика бўйлаб 12,5 минг дона банкомат бор, аммо 12,5 минг нуқтада банкомат йўқ. Чунки битта жойда ҳам Uzcard, ҳам Humo банкоматлари қўйилган ҳолатлар бор. Банкоматлар ҳар иккала картага хизматлар кўрсатишни бошлагандан кейин банкоматлар тармоғи кенгаяди, қамров даражаси ортади.

Банкоматлар харажатлари ҳисоб-китоб қилиб чиқилди. Ҳозирда бир йилда битта банкоматга 95 млн сўмгача харажат кетса, уларнинг фойдаси – 108 млн сўм. Бир йилда битта банкомат 12-14 млн сўм фойда келтиради. Банкоматлар танлови кенгайиши ҳисобига ҳам аҳолига қулай бўлади, ҳам харажатлар қисқартирилишига эришилади.

Шунингдек, терминаллар хизматларини кенгайтириш учун Uzcard ва Humo терминаллари интеграцияси йил охирига мўлжалланяпти. Ҳозирда республикада 430 мингдан ортиқ терминал бор. Энди битта савдо нуқтасида иккита терминал бўлиши шарт бўлмайди. Битта терминалдан ҳам Uzcard, ҳам Humo карталарига хизмат кўрсатиш имконияти туғилади.

Ҳозирги кунда Humo ва Uzcard тўлов терминаллари Visa, Uzcard, Mastercard, Union Pay каби халқаро тўлов тизимлари карталарини ҳам қабул қиляпти. Лекин Humo ва Uzcard терминаллари бир-бирига хизмат кўрсатиши чекланган. Интеграция тўла таъминлангач, савдо нуқталари ва хизмат кўрсатиш шохобчаларига қулай бўлади.

Мадина Очилова,
Шоҳрузбек Абдурайимов,
Kun.uz

Мавзуга оид