Жаҳон | 11:22 / 22.02.2026
15465
3 дақиқада ўқилади

Зеленский: АҚШ ва Россия урушни тўхтатиш учун бир хил талаб қўймоқда

Зеленскийнинг айтишича, АҚШ ва Россия ҳудудий масалалар бўйича ўхшаш позицияни эгалламоқда. У шунингдек Европа тинчликпарвар кучларини фронт чизиғига яқинроқ жойлаштиришга чақирди.

Фото: Yuliia Ovsiannikova / Ukrinform / Future Publishing / Getty Images

АҚШ ва Россия ҳукуматлари украин қўшинлари Донбассдан олиб кетилиши учун Киевга биргаликда босим қилмоқда, деди Украина президенти Володимир Зеленский.

«Америкаликлар ҳам, россияликлар ҳам шундай дейишмоқда: агар сиз уруш эртага тугашини хоҳласангиз, Донбассдан чиқиб кетинг», – деган у AFP учун интервюсида.

Шу билан бирга, Зеленский «Украина урушни ютқазяпти» деб бўлмаслигини қайд этган. «Очиғини айтсам, бизнинг мағлубиятимиз муқаррар эмас. Савол шундаки, биз ғалаба қозона оламизми? Аммо бу жуда қиммат турадиган масала», – деган президент француз журналистлари билан суҳбатда.

2026 йил бошидан буён Россия ва Украина Абу-Даби ва Женевада АҚШ иштирокида тинчлик ўрнатиш бўйича қатор музокаралар ўтказди. Музокараларда ҳудудий масала асосий мавзу бўлиб қолмоқда. ОАВ маълумотларига кўра, бошқа нарсалар қаторида томонлар Донбассда демилитаризация зонасини яратиш имкониятини муҳокама қилган. Ушбу масалада ҳозир ҳеч қандай илгарилаш йўқ.

Ғарб разведкасига кўра, Кремл тез орада тинчлик ўрнатилишидан умуман манфаатдор эмас ва Донбасс устидан тўлиқ назоратни ҳарбий йўл билан қўлга киритишни давом эттиришга тайёр, музокаралардан эса санкцияларни бекор қилиш ва АҚШ билан ишбилармонлик битимларини тузиш учун фойдаланмоқда.

Украина ҳамон Донецк области ҳудудининг бешдан бир қисмини назорат қилмоқда. Зеленскийнинг айтишича, Украина қуролли кучлари жанубий фронтда қарши ҳужумларда қатор муваффақиятларга эришган.

«Мен тафсилотларни келтирмайман. Аммо бугун биринчи навбатда қуролли кучларимизни табрикласам бўлади – чунки бугунги кунда 300 километр квадрат ҳудуд озод этилган», – деган Украина президенти AFP билан суҳбатда. У бу ҳудудлар қайси вақт оралиғида озод этилганига аниқлик киритмаган. 

Ҳудудий талаблардан ташқари, АҚШ ва Россия тинчлик режаси доирасида Украинада президентлик сайловлари ўтказилишини талаб қилмоқда.

Зеленский илгари Украинада овоз бериш жараёни фақат уруш тугаганидан кейин ўтказилиши мумкинлигини айтиб келарди. Президент фикрича, Кремл уни ҳокимиятдан четлатиш учунгина тезкор сайловлар ўтказишни талаб қилмоқда. «Ростини айтайлик, руслар шунчаки мени алмаштирмоқчи. Уруш пайтида ҳеч ким сайловга боришни хоҳламайди. Унинг ҳалокатли оқибатларидан ҳамма қўрқади», – деган у AFP журналистларига.

Зеленскийнинг фикрича, Украинадаги сайловлар Киевнинг иттифоқчилари Россия ҳужумларининг олдини олиш учун ишончли хавфсизлик кафолатларини тақдим этган тақдирдагина бўлиб ўтиши мумкин. Украина раҳбари ҳарбий ҳаракатлар тўхтатилган тақдирда Украинага юборилиши мумкин бўлган Европа қўшинлари фронт чизиғига яқинроқ жойлаштирилиши кераклигини таъкидлаган. «Албатта, ҳеч ким олдинги сафда туришни хоҳламайди, лекин украинлар ҳамкорларимиз олдинги сафда биз билан ёнма-ён туришини исташади», – дейди у AFP’га.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид