Ўзбекистон | 18:41 / 20.12.2020
64050
3 дақиқада ўқилади

Қорақалпоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги янги раҳбари ишни Malibu-2 хариди билан бошлаган

Бир ой аввал Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири лавозимига тайинланган Мурод Қурбонов хизматда фойдаланиш учун Malibu-2 автомобилини харид қилди. Шунингдек, давлат маблағлари ҳисобига қимматбаҳо машиналарни харид қилиш давом этмоқда.

Мурод Қурбонов

Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Мурод Қурбонов «UzAuto Motors» компанияси томонидан ишлаб чиқарилган Malibu-2 русумли машинани 311 миллион 124 минг 67 сўмга сотиб олиш бўйича шартномани 11 декабр куни имзолаган, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Вазирлик янги автомобил харидидан кўзланган мақсад шартномада очиқланмаган.

Мурод Қурбонов вазирликда эгаллаб турган лавозимига 9 ноябр куни киришгани ҳақида хабар берилганди.

Шунингдек, Қурилиш вазирлиги иккита Malibu-2 харид қилишга розилик олиб, 16 декабр куни автомобилларни 324 миллион 450 минг сўмдан харид қилган.

Бундан ташқари,  Вазирлар Маҳкамаси аппарати Хўжалик фаолияти бошқармаси Автохўжалиги 27 ноябр куни Malibu-2 сотиб олиш бўйича шартнома имзолаган.

Маълумот учун, 12 ноябр куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан қарийб 883 млн сўмга Toyota Prado автомобили сотиб олинганНаманган вилоят ҳокимлиги 2 июлда 1 млрд 579 млн сўмга Tоуоtа LC 200 автомобилини, 23 сентябрда 398 млн сўмга Trailblazer LTZ AT русумли автомобилни сотиб олган.

Поп ва Учқўрғон туман ҳокимликлари томонидан 9 ва 13 октябр кунлари Trailblazer LTZ AT русумли автомобиллар сотиб олинган.

Жиззах вилоятининг Зарбдор ва Мирзачўл туманлари ҳокимликлари томонидан 9 ва 16 октябр кунлари 370 млн сўмдан Trailblazer LTZ AT русумли автомобил харид қилинган. Самарқанд вилоятининг Қўшработ ва Нарпай тумани ҳокимликлари ҳам қатордан четда қолмай, 7 феврал ва 4 сентябр кунлари 398 млн сўмлик Trailblazer LTZ AT’га мурожаат қилишган.

Қашқадарё вилоятида вилоят ҳокимлиги томонидан 30 сентябр куни 349 млн сўмга Equinox-АТ, 21 октябр куни 206 млн сўмдан жами 620 млн сўмга 3 дона Tracker харид қилинган. Сурхондарё вилоятида вилоят ҳокимлиги томонидан 6 ва 26 октябр кунлари 3та Trailblazer LTZ AT автомобили жами 1 млрд 194 млн сўмга; вилоят ички ишлар бошқармаси томонидан 23 сентябр куни 398 млн сўмга Trailblazer LTZ AT ва 380 млн сўмга Isuzu D-MAX (IRBIS-AT) пикапи харид қилинган. Вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси томонидан 14 сентябр куни 398 млн сўмга Trailblazer сотиб олинган.

Аввалроқ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармаларининг 9 ойдаги ижроси ҳақида ҳисобот берган молия вазири Тимур Ишметов ҳам ушбу масалага муносабат билдирганди. Вазир ўз нутқида пандемия пайтида маҳаллий ҳокимликларнинг қиммат автомобиллар харид қилишига танқид назари билан қарашини таъкидлаган.

Мавзуга оид