Фан-техника | 16:30 / 04.10.2024
4384
2 дақиқада ўқилади

Ўйинчоқлар ва идишлардаги қора пластик саратонга олиб келиши мумкин — тадқиқот

Бир гуруҳ олимлар ўтказган тадқиқот натижасида ошхона анжомлари, ўйинчоқлар ва озиқ-овқат идишларида қора пластмассадан фойдаланиш билан боғлиқ жиддий муаммо аниқланди.

Фото: Grace Cary/Moment RF/Getty Images

Маълум бўлишича, ушбу маҳсулотлар таркибида заҳарли антипиренларнинг (материалларни ёнғиндан ҳимоя қилиш учун уларга шимдириладиган модда) юқори даражаси тўпланган бўлиши мумкин. Бу моддалар электрон чиқиндиларни қайта ишлаш жараёнида маҳсулотга тушади.

Айрим болалар ўйинчоқлари таркибида антипиренлар ҳаддан ташқари кўплиги аниқланган. Баъзиларида, масалан, қароқчилар либоси учун мўлжалланган пластмасса мунчоқларда бу миқдор ўйинчоқ оғирлигининг 3 фоизига тенг экани маълум бўлган.

Мазкур ҳолат жиддий ташвиш уйғотмоқда, чунки болалар кўпинча бундай ўйинчоқлар билан узоқ вақт ўйнайди. Бундан ташқари, тадқиқотчилар суши учун мўлжалланган қора пластмасса идишда кўп миқдорида декабромдифенил эфири (decaBDE) мавжудлигини аниқлади. Бу модда саратон хавфини оширади. decaBDE 2021 йилда тақиқланган бўлишига қарамай, у тадқиқотда синаб кўрилган намуналарнинг 70 фоизида топилди.

Олимларнинг ҳисоб-китобларига кўра, ифлосланган қора пластик ошхона жиҳозларидан фойдаланиш натижасида инсонлар ҳар куни decaBDE таъсирига учраши мумкин мумкин. Мутахассислар озиқ-овқат маҳсулотларида қора пластикдан воз кечишни ва бундай деталларга эга ўйинчоқларни сотиб олмасликни тавсия қилади.

Ёнғинларнинг олдини олиш учун қўлланиладиган антипиренлар ҳавога чиқиб, чанг, озиқ-овқат ва сувга тушиши мумкин. Мутахассислар бу моддаларнинг таъсирини камайтириш учун хоналарни мунтазам тозалаш, яхши шамоллатиш ва қўлларни ювишни тавсия этади.

Тадқиқотчилар зарарли кимёвий моддалардан фойдаланишни чеклаш ҳамда маҳсулотларни хавфсиз қайта ишлашни таъминлаш учун давлат сиёсати ва корпоратив қоидаларни кучайтиришга чақирмоқда.

Мавзуга оид