Ўзбекистон | 20:42 / 24.12.2021
5314
2 дақиқада ўқилади

“ОАВ ва ижтимоий тармоқлардаги “негатив” бизни чиниқтиради” — Ортиқхўжаев

“[Интернетда] Тошкент шаҳар ҳокимлигига бўлаётган “негатив”лар бизни албатта чиниқтиради”, деди Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев. У ҳокимлик матбуот хизмати “ҳамма вақт ҳаммага очиқ”лигини таъкидлади.

24 декабрь куни пойтахт ҳокимлигида Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашининг 53-сессияси бўлиб ўтди. Сессиянинг савол-жавоб қисмида депутат Ҳусниддин Эргашев ҳоким Жаҳонгир Ортиқхўжаевга ҳокимликнинг матбуот хизмати фаолияти қанчалик талаб даражасида экани ҳақида савол берди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Ҳоким саволга жавобан ўз матбуот хизматининг фаолиятидан қониқишини билдирди.

“[ОАВ ва ижтимоий тармоқларда] Тошкент шаҳар ҳокимлигига бўлаётган “негатив”лар бизни албатта чиниқтиради. “Негатив” бўлмаса, биз чиниқмаймиз, ишламаймиз, [улар] бизга куч-қудрат беради. Лекин мен бу билан Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати ишламаяпти деб айтолмайман. Яъни ишлашни хоҳлаган оммавий ахборот воситалари билан, блогерлар билан тўғридан тўғри ишлаб келяпти. Ишлашни хоҳлаганлари билан. Лекин айримларига жавоб беролмай қолаётган бўлиши ҳам мумкин.

Тўғри, камчилигимиз бор. Камчилик ҳар доим бор. Ҳеч қачон биз ҳаммадан зўрмиз, илғормиз, деб айтиш Тошкент шаҳри ҳокимлигига ярашмайди. Бундай нарсани айтиш ҳам керакмас. Тўғри айтдингиз, камчилик бўлса, бирга ишлашга ҳаракат қилиб кўриш керак. Лекин Тошкент шаҳар ҳокимлигининг матбуот хизмати ҳамма вақт ҳаммага очиқ. Ҳамкорликда ишлашга тайёр”, деди Жаҳонгир Ортиқхўжаев.

Аввалроқ шаҳар ҳокими Тошкент ёшлар форумининг ёпилиш маросимидаги чиқишида интернетда танқид ёзадиганларни танқид қилиб, “ундайлар ватаннинг келажагига ишонмаслиги”ни айтганди.

Маълумот учун, 2019 йили Тошкент шаҳар кенгаши депутати этиб сайланган Ҳусниддин Эргашев Раҳмонбек Усмонов ҳоким бўлган вақтда унинг матбуот котиби бўлиб ишлаган, Усмонов ўрнига Ортиқхўжаев тайинланганидан кўп ўтмай ушбу лавозимни тарк этганди.

Тайёрлаган:  Жамшид Ниёзов

Мавзуга оид