Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Наркожиноятлар учун жавобгарлик чоралари кучайтирилади
Жиноят кодексига “Аҳоли саломатлиги ва миллат генофондига қарши жиноятлар” номли алоҳида янги бўлим киритилади. Айрим турдаги наркожиноятлар учун йигирма йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланади.
Президентнинг “Аҳоли саломатлиги ва миллат генофондини гиёҳвандлик ва наркожиноятлардан самарали ҳимоя қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
Ҳужжат билан гиёҳвандлик ва наркожиноятларнинг барвақт олдини олиш ҳамда уларга қарши кескин курашиш фаолиятини амалга оширишга масъул давлат органлари ва ташкилотларининг устувор вазифалари белгилаб берилди. Улар қуйидагилар иборат:
а) таълим муассасаларида, ўқувчи ва талабалар орасида психофаол моддаларнинг тарқалишига батамом чек қўйиш, ёшларда гиёҳвандлик иллатига муросасиз муносабатни шакллантириш бўйича таъсирчан чора-тадбирларни комплекс равишда амалга ошириш;
б) гиёҳвандлик воситалари, психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддалар ноқонуний айланмасига қатъий жиноий-ҳуқуқий механизмлар орқали барҳам бериш, бу борадаги жазо чораларини кескин кучайтириш ҳамда ёшларга нисбатан содир этиладиган наркожиноятлар учун жавобгарликни оғирлаштириш;
в) гиёҳвандлик воситаларини республика чегарасидан олиб кириш йўналишларини, интернет тармоқлари орқали тарқатиш ҳаракатларини, ноқонуний нарколабораторияларни ва наркожиноий уюшмаларни, шу жумладан, уларга ҳомийлик қилаётган мансабдор шахсларни аниқлаш, улар фаолиятига чек қўйиш ҳамда жазо муқаррарлигини таъминлашга қаратилган кенг қамровли тезкор-қидирув ва тергов фаолиятини йўлга қўйиш;
г) гиёҳвандлик воситаларини тайёрлаш учун фойдаланиш мумкин бўлган кимёвий моддалар (прекурсорлар) айланмаси устидан қатъий давлат назоратини ўрнатиш, гиёҳвандлик воситаларидан тиббиётда фойдаланувчи тиббиёт муассасалари, фармацевтика корхоналари ва дорихоналарнинг фаолиятини назорат қилиш амалиётига рақамли ечимларни жорий этиш;
д) аҳоли, айниқса, вояга етмаганлар ва ёшлар орасида гиёҳвандлик ҳамда заҳарвандликни ташхислаш, даволаш ва тиббий-ижтимоий реабилитация қилиш тизимини тубдан такомиллаштиришга қаратилган манзилли чора-тадбирларни белгилаш.
Қайд этилишича, уюшган наркожиноятчиликка жиноий-ҳуқуқий механизмлар орқали қарши курашиш фаолиятини мутлақо янги босқичга олиб чиқиш мақсадида Жиноят кодексига “Аҳоли саломатлиги ва миллат генофондига қарши жиноятлар” номли алоҳида янги бўлим киритилади. Шунингдек, наркожиноятларнинг янги шакллари, усуллари ва уюшганлик даражасидан келиб чиқиб, қуйидаги қилмишлар учун йигирма йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланади:
- наркожиноий уюшма ташкил этиш ва унинг фаолият юритишини таъминлаш, шунингдек, гиёҳвандлик воситаларини уюшган гуруҳ томонидан трансчегаравий усулларда ёки интернет тармоғидан фойдаланиб ўтказиш;
- гиёҳвандлик воситаларини ноқонуний муомалага киритишга ҳокимият (мансаб) ваколатларини суиистеъмол қилиш йўли билан ҳомийлик (раҳнамолик) қилиш ёки бундай жиноятлар фош бўлишининг олдини олиш мақсадида хабар бериш;
- ғайриқонуний нарколаборатория ташкил этиш ва унинг фаолият юритишини таъминлаш.
Бундан тақшари, гиёҳвандлик воситаларини жамоат жойларида истеъмол қилганлик учун ўн беш суткагача маъмурий қамоқ жазосини қўллашни назарда тутувчи маъмурий жавобгарлик киритилади.
Наркожиноятлар содир этилиши ва қайта содир этилишининг олдини олиш мақсадида қуйидаги қилмишлар учун жиноий жавобгарлик чораларини икки бараваргача оғирлаштирилади:
- гиёҳвандлик воситаларини ўтказиш мақсадини кўзлаб кўп миқдорда тайёрлаш, қайта ишлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки жўнатиш, шунингдек, уларни ноқонуний равишда кўп миқдорда ҳар қандай усулда ўтказиш;
- кучли таъсир қилувчи моддаларни таълим ташкилотларида, озодликдан маҳрум қилиш жойларида, интернет тармоғидан фойдаланиб, хавфли ёки ўта хавфли рецидивист томонидан муомалага киритиш, шунингдек, уларни кўп миқдорда контрабанда қилиш;
- алоҳида тоифадаги кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний муомаласини (ўтказиш мақсадисиз) кўп миқдорда ва такроран содир этиш;
- гиёҳвандлик воситаларини ҳар қандай шаклда истеъмол қилишга жалб этиш одам ўлимига ёки бошқа оғир оқибатларга сабаб бўлганда.
Вояга етмаганларни ва ёшларни наркожиноятлардан ҳимоя қилиш мақсадида ҳар қандай наркожиноятни вояга етмаган шахсларга нисбатан ёки уларни жалб қилган ҳолда содир этиш жиноий жавобгарликни оғирлаштирувчи ҳолати сифатида қайд этилади. Вояга етмаган шахсни кучли таъсир қилувчи моддаларни истеъмол қилишга жалб қилганлик учун тўғридан-тўғри жиноий жавобгарлик белгиланади. Қолаверса, таълим ташкилотлари, талабалар ётоқхоналари, болалар оромгоҳларида ёки таълим ташкилотларига туташ ҳудудларда кучли таъсир қилувчи моддаларни ўтказганлик учун жиноий жавобгарлик чоралари икки бараваргача оғирлаштирилади. Вояга етмаган шахсларни кучли таъсир қилувчи моддаларни айнан таълим ташкилотлари, талабалар ётоқхоналари, болалар оромгоҳларида ёки уларга туташ ҳудудларда истеъмол қилишга жалб қилганлик учун ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазосини назарда тутувчи жиноий жавобгарлик киритилади.
Шунингдек, айрим наркожиноятларни содир этган шахсларни жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилмаслик тартиби жорий этилади.
Фармон билан Гиёҳвандлик ва наркожиноятларнинг барвақт олдини олиш ҳамда уларга қарши курашиш бўйича 2025-2026 йилларга мўлжалланган комплекс амалий ҳаракатлар миллий дастури тасдиқланди. Миллий дастур ижросини тизимли равишда назорат қилиб бориш мақсадида Президент Администрацияси ҳузурида фаолият кўрсатувчи Республика идоралараро мувофиқлаштирувчи ишчи гуруҳ тузилди.
Ҳужжатда 2026 йил 1 июлга қадар Интернет тармоғидаги наркодўконларни ҳамда гиёҳвандлик воситаларини тарқатиш ҳолатларини сунъий интеллект технологиялари ёрдамида аниқлаш ва блоклашга мўлжалланган дастурларни ишлаб чиқиш бўйича ёшлар ўртасида хакатон ўтказиш ҳамда энг мақбул таклифларни танлаб олиб, амалиётга жорий қилиш ҳам назарда тутилган.
Мавзуга оид
17:59 / 11.03.2026
2025 йилда Ўзбекистонда 155 мингдан ортиқ жиноят қайд этилди
09:41 / 03.03.2026
Тошкент ва Сирдарёда наркожиноятлар занжири фош этилди
08:03 / 13.02.2026
Ҳудудларда гиёҳвандликка қарши тезкор тадбирларда йирик партиялар фош этилди
08:48 / 06.02.2026