Жамият | 09:41 / 03.03.2026
3201
2 дақиқада ўқилади

Тошкент ва Сирдарёда наркожиноятлар занжири фош этилди

Пойтахтда гиёҳванд моддаларни “закладка” усулида тарқатиб келган шахс қўлга олиниб, унинг яшаш манзилида нарколаборатория аниқланди. Шунингдек, Сирдарё вилоятида катта миқдорда прекурсорлар мусодара қилинди.

Фото: ДХХ

Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ҳамда ички ишлар органлари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир натижасида синтетик гиёҳванд моддалар тайёрлаш ва тарқатиш билан боғлиқ жиноий фаолиятга чек қўйилди.

Тезкор тадбир давомида 1979 йилда туғилган шахс Тошкент шаҳри ҳудудидаги кўп қаватли уйлар йўлаклари ва бошқа жойларга хориждан олиб келинган гиёҳвандлик воситаларини беркитиб кетаётган вақтида ушланди.

Холислар иштирокида унинг ёни ва автотранспорт воситаси кўздан кечирилганда, 15 дона кичик бўлакларда “Алъфа ПВП” ва 24 дона бўлакларда “Мефедрон” гиёҳвандлик воситалари борлиги аниқланди.

Шунингдек, унинг яшаш хонадони кўздан кечирилиб, уйнинг ертўла қисмида нарколаборатория ташкил этилгани маълум бўлди. Тезкор тадбирлар натижасида жами 2,8 кг гиёҳванд моддалар, 11,5 литр прекурсорлар ҳамда нарколаборатория учун зарур анжомлар ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинди.

Бундан ташқари, гумонланувчининг телефонидаги геолокация маълумотлари асосида Сирдарё вилояти Ховос тумани ҳудудида хуфия жойга яшириб қўйилган, синтетик наркотиклар тайёрлашда фойдаланиладиган 49,9 кг ва 48 литр прекурсорлар ҳам топилиб, мусодара қилинди.

Ҳозирда мазкур шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 28, 246-моддаси 2-қисми ва 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бу каби қонунбузилиш ҳолатларига дуч келинса, Давлат хавфсизлик хизматининг 1520 қисқа рақамига қўнғироқ қилиш мумкин. Шахснинг сир сақланиши кафолатланади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид