Аксилкоррупция агентлиги жамоат кенгаши Амрилло Иноятовнинг шифокорлар маоши ҳақидаги сўзларини қоралади
Кенгашнинг таъкидлашича, бемор берадиган пулни шифокорни рағбатлантиришнинг йўли деб кўриш қонунчиликка ва коррупцияга қарши курашиш сиёсатига зид. Бу – коррупциявий жиноятлар кўпайишига, шифокор касби мавқейининг пасайишига, соғлиқни сақлаш тизимига халқнинг ишончи камайишига сабаб бўлади, дейилади кенгаш баёнотида.
Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятовнинг маош борасида шифокорларга берган тавсияси жамоатчилик танқидларига сабаб бўлди.
“Агар беморни меҳр билан даволаб, тўғри ёндашсангиз, рози бўлиб ўзи сизга баракасини бериб кетади. Сўрамасангиз ҳам”, – деганди вазир куни кеча тиббиёт ходимлари билан бўлиб ўтган учрашувда.
Вазирнинг бу сўзларига Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши ҳам муносабат билдирди.
“Жамоатчилик кенгаши Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбариятининг коррупциянинг олдини олиш бўйича бошлаган ишларини қўллаб-қувватлайди.
Шу билан бирга, шарафли касб эгалари – шифокорларни рағбатлантириш йўлларидан бири сифатида беморлар берган маблағнинг эътироф этилишини қонунчиликка ва мамлакатда олиб борилаётган коррупцияга қарши курашиш сиёсатига зид ҳаракат сифатида қайд этади.
Мазкур таклиф тизимда коррупциявий жиноятлар сонининг ортишига ҳамда шифокор касби мавқейининг пасайишига, соғлиқни сақлаш тизимига халқнинг ишончи камайишига сабаб бўлади”, – дейилади кенгаш баёнотида.
Қўшимча қилинишича, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг қўшма баёнотида “тиббиёт ходимларига муносиб меҳнат шароитини яратиш ва даромадини ошириш, шунингдек, уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш бўйича амалий чоралар кўриш, бунда, тиббиёт ходимлари малакасига, кўрсатиладиган тиббий хизмат ҳажми, мураккаблик даражаси ва сифатига қараб меҳнатга ҳақ тўлашнинг тоифаланган замонавий механизмларини жорий этиш” белгиланган.
Жамоатчилик кенгашининг таъкидича, шифокорларни рағбатлантиришда беморлардан пул олиш сингари (ихтиёрий ёки ихтиёрий эмаслигидан қатъи назар) ноқонуний хатти-ҳаракатларни бартараф этиш ҳамда ҳақ тўлашнинг тоифаланган механизмини жорий этиш – ССВнинг асосий мақсади бўлиши лозим.
Аксилкоррупция органи ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши бу масала устидан жамоатчилик назорати ўрнатилишини маълум қилган.
Амрилло Иноятовнинг маслаҳатига “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси, депутат Бобур Бекмуродов ҳам муносабат билдирди. У Twitter'даги саҳифасида тиббиётдаги коррупцияга ишора қилувчи суратни жойлаб, шундай деб ёзди:
“Рози қилиш – коррупция.
Чин кўнгилдан берилган совғани олиш – коррупция.
Меҳр эвазига манфаат олиш – коррупция”.
Мавзуга оид
11:38 / 20.11.2024
Ўртача умр кўриш даражасини 78 ёшга етказиш мўлжалланмоқда
21:17 / 14.11.2024
ССВ ҳузурида «Харидлар маркази» ва унинг 13 та ҳудудий филиали ташкил этилади
22:31 / 17.10.2024
Саида Мирзиёева соғлиқни сақлаш соҳасини рақамлаштириш лойиҳаси билан танишди
22:28 / 25.09.2024