Жамият | 10:22 / 24.09.2025
5318
6 дақиқада ўқилади

“Ўрнатилганидан бери ишлаганини кўрмадик” – метроларда электрон кўтарувчи қурилмалар нега ишламаяпти?

Яқинда Тошкентнинг айрим метро бекатлари ва ерости йўлакларида Osten брендининг махсус кўтариш қурилмалари ўрнатилганди. Зинадан тушишга қийналувчи йўловчиларга ёрдам бериши керак бўлган бу ускуналар номаълум сабабларга кўра ишламаётгани айтилмоқда. Kun.uz вазиятни ўрганиб кўришга уринди.  

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Пойтахтда айрим метро бекатларининг киравериши ёки ерости йўлакларда “Osten” ёзуви туширилган кўтариш ускуналарига кўпчиликнинг кўзи тушган бўлса керак. Асосий вазифаси кекса, ёш болали ёки ногиронлиги бор – умуман зинадан пастга тушишга қийналувчи ёки имконияти йўқ йўловчиларга ёрдам бериш керак бўлган бу қурилмалар ўрнатилганига ҳам тахминан 2 ой бўлиб қолди.

Kun.uz'га мурожаат қилган йўловчилардан бири жойларда ускуналар ишламаётганидан шикоят қилди. Таҳририят 4 та: Халқлар дўстлиги, Беруний, Ҳамид Олимжон ҳамда Буюк Ипак йўли метро бекатларида бўлиб, қурилмалардан қанчалик фойдаланилётгани ва бу борада одамларнинг бохабарлигини ўрганишга уринди.

Аксарият юртдошларимиз метродан ҳаракатланиш давомида тез-тез қурилмани кўриб туришлари, аммо ундан ҳеч ким фойдаланмаслигини билдиришди. Қуйида сўровномадан айрим иқтибослар келтирилади.

“Доим метродан фойдаланаман, лекин бирор марта ишлатилганини кўрмадим. Менимча, бу ё қўшилган, ё қўшилмаган ҳали. Қўйилган-у, ишга туширилмаган бўлса керак. Ёки фойдаланиш учун қийинроқ бўлиши мумкин, яъни демоқчи бўлганим: кимнидир чақириб, буни айтиб, қўштиргунча ундан кўра кимдир кўтариб тушириб қўяди. Фойдаланишга қулай қилиб қўйиш керак”.

“Кўп метро бекатларидан юрганман, бошқа метро бекатларда [ҳам]. Лекин унақа юришганини кўрмадим. Билишмаса керак-да, тушунишмаса керак қанақа ишлатишни”.

“Бу кўпинча ишламайди. Мен кўрганман бир-икки марта [одамларни пастга кўтариб] олиб тушишган, лекин унчалик ишламайди кўпинча. Бу токда ишлайди, ток бу ерда йўқ. Нимадир билан буни зарядка қилиш керак”.

“Чунки ҳали аҳоли билмайди. Лекин ўргатиб, шуни тушунтириб ўтиш ҳам керак-да. Агар ишламаса, керак эмас. Лекин ҳам мана бу ногиронларга қулайлик яратилаётгани бу жуда ҳам яхши. Керакли нарса. Одамларга мана шу нарса нима эканини ўргатиш керак-да, нимага фойдаланиш кераклигини. Чунки ҳамма шундай ўтиб кетяпти-да”.

“Ногиронларнинг тушишини қаранг, вақти келса, оёғи оғриётган одамларнинг тушиши қийин бўлади. Аравада ким уларни олиб тушиб қўяди? Ё бўлмаса “коляска”ли болалиларни кўрасиз. Кимдир кўтариб олиб чиқиб қўйиши керак. Уларни ҳам олиб тушишга, масалан, шунга (қурилмага) “коляска”ни қўйса ҳам, бирпасда тушиб олади-да”.

“Энди менга ўхшаб тушунмагани учун ишлата олмайди-да. Бирорта одам тушганини кўрсак, жон деб мазза қилиб турамиз, ўзи олиб тушиб қўйса, қандай роҳат. Масалан, мен тушишга осон тушаман, чиқишга қийналаман, оёғим оғрийди. Шу оёғи оғриганга, ёш болали борларга жудаям керак нарса.

Ишламаса, тураверади шундай. Давлатимизга, бюджетига зарар. Шунинг учун миллион-миллион пул кетди. Унинг ўрнига бошқа кераклироқ нарса ишлатган бўлардик”.

“Ишласа, албатта керак нарса. Чунки одамлар ҳар хил бўлади, ёрдам берадиган бўлади, бермайдигани бўлади”.

Йўловчилар билан гаплашиш давомида бу қурилмаларни ўзимиз ҳам ишлатиб кўришга уриндик. Аммо бунинг имкони бўлмади. Халқлар дўстлиги бекатидагисининг симлари узилган ҳолатда турганига ҳам гувоҳ бўлдик. Огоҳлантириш қоғозига кўра, айни бекатнинг кўтариш ускунаси монтаж ва созлаш жараёнида.

Айтиш керак, дастлабки ўрганишимизда Буюк Ипак йўли метро бекатида қурилма ишламаётганди. Ўшанда ногиронлиги бўлган йўловчилардан бири ускунадан фойдаланолмай, пастга тушириб қўйишларини анча кутиб қолганди. Кейинги чиқишимизда айни бекатдаги ускуна ишлай бошлаганини кўрдик.

16 та метро бекатда 45 дона кўтариш ускунаси ўрнатилган – Тошкент метрополитени

Ўзи нечта бекатда бундай қурилмалар бор? Нима сабаб ундан фойдаланиб бўлмаяпти? Қачонда тўлиқ ишлай бошлайди? Қурилмалар ўрнатилишида буюртмачи ким? Kun.uz айни саволларга жавоб олиш учун Тошкент метрополитени ДУК билан боғланди.

Корхона берган маълумотларга кўра, 16 та ерости бекатида жами 45 дона шундай электрон кўтаргичларни ўрнатиш режа қилинган. Ҳозирги кунда уларнинг сони 32 дона экани, шунинг 15 тасидан йўловчилар фойдаланаётгани, 17 тасида эса монтаж ишлари олиб борилётгани айтилди. Аммо бу қайси бекатлар кесимида экани очиқланмади.

Қайд этилишича, кўтаргичлар Тошкент шаҳар ҳокимлиги буюртмаси билан ҳокимлик бюджет маблағлари ҳисобига “Технопарк” МЧЖ томонидан ўрнатилмоқда. 2026 йилда яна 30 та электрон кўтаргич қўйилиши кутиляпти.

Таҳририят қурилма учун қанча маблағ ажратилгани, бунинг учун тендер бўлганми ёки йўқ ва улар қачон тўлиқ ишга туширилишига оид саволларга жавоб олиш учун Тошкент шаҳар ҳокимиятига сўров юборди. Сўровга ҳозирча жавоб берилмади. Шу тариқа нафақат имконияти чекланганлар, балки умуман пиёдаларни ёқтирмайдиган Тошкентда пастга туширувчи махсус қурилмалар билан вазият шундай.

Мавзуга оид