Ўзбекистон | 12:35
1040
2 дақиқада ўқилади

Тошкент бош режасини ўзгартириш бўйича қарор лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда – қурилиш вазири

Қарор тахминан 1 ой ичида имзоланиши мумкин. Ўзгаришлар бош режа тасдиқлангунга қадар бўлган даврда, яъни 2024 йил декабргача аукционга чиқарилган жойларга тааллуқли бўлади. Бу жойларнинг айримлари конcервация зонасидан чиқарилади, қаватлар бўйича чекловлар юмшатилади, шунингдек, имконсиз ҳолатларда тадбиркорларга аукционда тўлаган пуллари қайтарилади.

Фото: Қурилиш вазирлиги матбуот хизмати

Тошкент шаҳрининг ўтган йили тасдиқланган бош режасини ўзгартириш ҳақидаги ҳукумат қарори тахминан 1 ой ичида қабул қилиниши кутиляпти. Бу ҳақда қурилиш вазири Шерзод Ҳидоятов 17 декабр куни Савдо-саноат палатасида бўлиб ўтган тадбиркорлар билан очиқ мулоқотда маълум қилди.

Мулоқотда “Mustang” бензин шохобчалари тармоғи эгаси Комилжон Исломов сўз олиб, Сергели туманидан аукцион орқали ер сотиб олгани, лекин Тошкент бош режаси қабул қилинганидан кейин бу ер “консервация” тоифасидаги ерлар қаторига тушгани, қурилиш тақиқланганини айтган.

“Бу менимча Тошкент шаҳрида жуда катта муаммо. Бунгаям қанадир ечим бормикан?” – дея сўради Комилжон Исломов.

Қурилиш вазири Шерзод Ҳидоятов бош режа қабул қилиниши (2024 йил 24 декабр)дан олдин аукционга чиқарилган жойлар ё консервацияга тушиб, ёки қават чеклови тўғри келмай турган ҳолатлар борлиги учун, бу борада ҳозир қарор лойиҳаси тайёрланаётганини айтди.

Мумкин бўлган жойларга рухсат бериладиган бўляпти. Мумкин бўлмайдиган жойлар бўйича эса, ҳокимият уларга [аукционда тўлаган] маблағларини қайтариб берадиган бўляпти. Бу қароримиз тахминан 1 ой ичида чиқади. Шунда бош режа чиққунча аукционга қўйилган жойлар бўйича бош режага ўзгартиришлар киритилади”, – деди Ҳидоятов.

Аввалроқ Kun.uz бош режага зид бўлишига қарамай, илгари сурилаётган йирик қурилиш лойиҳаларидан айримлари ҳақида ёзганди. Улар шаҳарнинг марказий нуқталарига оид бўлиб, бош режада рухсат этилганидан каррасига баланд қилиб лойиҳалаштирилган.

Мавзуга оид