“Тизим деярли битган” – Шерматов рақамни сақлаб қолган ҳолда мобил операторни алмаштириш имконияти ҳақида гапирди
АКТ вазири Шерзод Шерматов Kun.uz мухбирининг рақамни сақлаб қолган ҳолда мобил операторни алмаштириш имконияти қачон юзага келиши борасидаги саволига жавоб берди. Вазир бу тизимда бир кишининг рақамидан бошқа киши телефон қилиши хавфи борлиги учун хавфсизлик масаласи устида ишланаётганини айтди.
Халқаро пресс клуб сессиясида АКТ вазири Шерзод Шерматов MNP тизими борасидаги саволга жавоб берди.
Унинг айтишича, тизим деярли битган, фақат интеграция масалалари қолган.
“Бир операторда ишлатаётган рақамингизни бошқа операторга ўтказиш учун технологик ечим деярли ишлаб чиқилган. Интеграция ва хавфсизлик масалалари қолган. Яъни сизнинг номингиздан бошқа одам кимгадир телефон қилиши каби муҳим хавфсизлик жиҳатлари бор. Бошқа давлат органлари билан бу ишларни охирига етказамиз”, – деди вазир.
Шерматовнинг сўзларига кўра, бу тизим айти экспортини ривожлантириш, айти хизматларидан тўлақонли фойдаланиш бўйича ҳуқуқлари қийнайдиган масала эмас.
У шунингдек, “мобил қуллик” атамаси унчалик тўғри эмаслигини таъкидлади.
“Дунёда ҳам MNP тизими бор, аммо у резонанс бўлиб қанақадир айти экспорти ёки айти хабига таъсир қилгани йўқ. Эртага жуда кўп одам рақам алмаштириши қийин. Чунки истеъмолчилар операторлар ўртасида жуда катта фарқ бўлиб кетса ёки бирор компания ёпилиб кетса, рақамини сақлаб қолиш мақсадида бу тизимдан фойдаланиши мумкин. Ишлар охирига етгандан кейин хабар берамиз. Айтганимдек, тегишли органлар билан келишадиган жойларимиз бор”, – деди вазир.
Аввалроқ, Kun.uz “мобил қуллик”ка ҳамон барҳам берилмаётгани, бу борадаги ваъдалар ортга сурилиб келаётгани ҳақида ёзганди.
Маълумот учун, MNP тизими шундай тизимки, бу Ўзбекистоннинг исталган уяли алоқа компанияси абоненти ўзининг телефон рақамини сақлаб қолган ҳолда компанияни ўзгартириши мумкин бўлишини англатади.
Мавзуга оид
14:40 / 24.10.2024
“Кўпроқ инглиз тилида контент қилинг” – Шерзод Шерматов ўзбек ютуберларига кўпроқ даромад олиш учун тавсия берди
18:24 / 15.03.2024
Чет тилини биладиган ёшларнинг юқори маошли ишга жойлашишига ёрдам берилади
09:05 / 15.03.2024
“Америкага қилинган умумий экспортнинг ярмидан кўпи IT кесимига тўғри келади” – Шерзод Шерматов
12:12 / 05.01.2024