Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Сенда шиддатли, билимдон, меҳнаткаш аёл образини кўришни хоҳлардим» — Бибисора Орипова падари бузруквори ҳақида
Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф шайх ҳазратларининг олдиларига бир одам келиб, «ҳазрат, ўғлимга сизнинг исмингизни қўйдим, сизга ўхшаган инсон бўлишини ният қилдим», деганида шайх ҳазратлари ўғлингизнинг менга ўхшашини истасангиз, отам каби ота бўлинг, деган эканлар.
Жамият, инсоният ривожига ҳисса қўшаётган инсонлар билан суҳбатлашсангиз, уларнинг бу даражага етишишида отаси ёки онасининг, оиласининг асосий ўрин эгаллаши гувоҳи бўласиз.
Бугун шундай инсонлардан бири — Абдулла Ориповнинг отаси ҳақида суҳбатлашамиз. Ўзбекистон халқ шоирининг (охиратлари обод бўлсин!) отаси қандай инсон бўлганлиги ҳақида қизи (шоирнинг синглиси) Бибисора Орипова ўз хотиралари билан бўлишди.
Бибисора Орипова, ННТ «Раҳмдиллик» жамияти директори, «Соғлом авлод» ордени билан мукофотланган.
Отам 1905 йилда туғилган. Биз оилада 8 нафар туғишган бўлсак-да, жами 10 дан ортиқ фарзанд эдик. Отам уларни кичкиналигида асраб олган. Онамнинг уларни яхши кўришимиз кераклиги ва тенг ҳуқуқли оила аъзолари эканлигимиз ҳақидаги сўзлари сабабми, хуллас улар билан туғишгандек яшардик ва бир-биримизни яхши кўрардик. Бу борада отам жуда мурувватли, онам эса меҳрибон эдилар.
Оилада отам қаттиққўл, шу билан бирга севимли бошлиқ эди. Биз у кишини кечгача кутиб ўтирар, келсалар олдига югуриб чиқардик. Эрталаб эса сиғганимизча тиззаларига ўтирғизиб олардилар. Ҳаммамизга нисбатан жуда яхши, меҳрибон ота эди. Биз у кишидан қўрққанимиз учун эмас, аксинча жуда яхши кўрганимиз учун хафа қилиб қўймасликка ҳаракат қилардик.
Онамга нисбатан ўта самимий муносабатда бўлиб, ҳурматларини жойига қўярдилар. Уларнинг ўзаро тортишганларини ҳам эслай олмайман. Муносабатларида бачканалик ва ортиқча мулозамат кўрмаганман. Онамнинг оиладаги ролини алоҳида ҳурмат қиларди. Ўзлари меҳрибон бўлиш билан бирга биздан ҳам онамизга шундай муносабатда бўлишни талаб қиларди.
Падарим менинг энг қадрдон кишим эди. Онам ўлганларидан сўнг биз 3 киши отам ва катта акамнинг оиласи билан бирга қолдик. Отам бизнинг сирдошимиз, меҳрибонимиз эди. Ўзаро муаммоларни бемалол ечар эдик. Истакларимизни ҳурмат қилардилар ва муҳокама қилиб ечимини топишга ёрдам берардилар. У кишининг қиёфасини чизганимда бутун ҳаётимдаги ижобий образларни кўраман.
Шахс бўлиб шаклланишимда ва касбий муваффақиятимда ҳам ота-онамнинг роли жуда катта. Чунки улар менинг ўз дунём билан шаклланишимда маънавий озуқа бердилар. Онам инсонларни яхши кўришни ўз тимсолида кўрсатган бўлса, отам шиддатни ўргатди. Доим юксакликка ундарди, интилганга толе ёр, шундай ишлагинки, узатган қўлинг етсин, агар етишига кўзинг етмаса, қўлингни чўзма, дер эди, аммо мен сенда энг шиддатли, билимдон меҳнаткаш ва бошқарувчи аёл образини кўришни хоҳлайман, дер эди.
Ҳаётнинг паст-баландларини ҳам отамдан ўргандим. Озгина ютуғимдан қувонар, янада кўпроқ ва баландроғига эришишимга ундар эди. Онамдан эса нозиклик, оилага муҳаббат, садоқатни, меҳрибонликни ўргандим. Оиламизнинг обрўси отамнинг тинчлиги ва соғлиғи акаларим ва опа-сингилларга меҳр-оқибатли бўлишни ҳам онам ўргатди.
Сизга бир нарса айтаман, отам ўтганларидан сўнг мен ўз ташкилотимнинг бир бўлагини қишлоғимизда очиб, улар билан ишладим ва отам тўғрисида озроқ аноним сўровнома ўтказдим. Ўзим учун, чунки мен Самарқандга ўқишга кетмасимдан олдин 2 йил фельдшер бўлиб ишлагандим узоқ қишлоқларга ҳам борар эдим. Мен у ерлардаги мулоқотлардан сўнг отамнинг буюк инсон эканлиги гувоҳи бўлдим.
Мени шифокор сифатида эмас, отамнинг қизи сифатида қабул қилишарди. Сабабини сўрасам у киши бизнинг оиламизни уруш вақтида сақлаб қолган, дейишарди. Мен эса ўз отамдан ғурурланардим, чунки улар отам тўғрисида меҳр-муҳаббат билан гапирардилар. Кўпчилик отамни «Раис бува», «Убайдуллаев» деб айтсалар яна кўпчилиги «тоға» деб ҳам аташарди.
Ўтганларидан сўнг одамлар тенги йўқ йўлбошчи эди, ўз отасидан ҳам улуғ эди, дейишган. Мана шундай инсоннинг боласи бўлганимдан хурсанд бўлиб, бир умрга у кишига ўхшашга ҳаракат қилдим. Акам Абдулла Орипов «сен отамнинг ишларини давом эттирдинг, мен бундан хурсандман», деб кўп айтардилар.
Ҳозир ҳам отамнинг барча невара-чевараларига улар тўғрисида кунда гапириб бераман, деярли барчаси отамнинг номидаги фамилияда, уларни бу номни улуғлашга чақираман.
Отам энг кучли тарбиячи, энг кучли бошқарувчи, энг садоқатли умр йўлдош, энг меҳрибон ота, узоқни кўра билган, гендерни тан олган энг кучли киши ва қўйингки, мен учун тенгсиз сирдош, йўл кўрсатувчи, соф виждонли бўлишга ундаган одам!
1961 йилда мактабни аъло баҳога битирдим (у вақтларда қизлар мактабни зўрға битиришар, ўқишга бориш қизлар учун мумкин эмас эди). Ўқишни давом эттириш ниятида эдим. Бу масалани фақат отам билан ечишим мумкинлигини билиб, у кишига тушунтирдим. Негадир жим бўлиб қолдилар, аммо юзларида табассум бор эди. Менда умид куртаклари уйғонди.
Кейинги куни у киши рухсат бердилар, Абдулла акам таътилга келгандилар. Ҳужжатларни йиғиб педагогика институтига бордик, аммо мени қабул қилишмади, чунки ёшим етмас экан. Абдулла акам катта акамга маслаҳат солди. У киши туманда катта лавозимда ишлардилар. Уларнинг илтимосига биноан гувоҳномамни бир ойга суриб алмаштириб беришди, аммо яна бир ой етишмайди, дея ҳужжатларимни қабул қилишмади.
Акам юр, техникумга топширамиз, бошқа йўли йўқ. Қишлоққа қайтиб борсанг бир умрга ўқимайсан, дедилар. Шундай қилиб, тиббиёт техникумига ўқишга кирдим. Икки йиллик ўқишдан сўнг имтиёзли диплом билан қишлоғимга қайтиб, бир йил амбулаторияда фельдшер бўлиб ишладим.
Аммо иш мени қониқтирмасди, бу ҳақда онамга айтдим, нега дедилар. «Эна, мен ҳеч фикрламайман, фақат бажараман, бу менга ёқмайди», дедим.
У киши менга насиҳат қилдилар: «қишлоқда шифокор йўқ, сен халққа ёрдам беришинг керак». Мен бунинг учун дорилар йўқлигини айтдим. Онам менга тез ёрдам учун дори олиб келишимга пул берди. Ёқмаса ҳам ишлашда давом этдим.
Талаба акам Тошкентда касалхонага тушиб қолди. Отам уларнинг олдиларига жўнаб кетди. Қайтиб келганидан сўнг менга шифокор бўлишни хоҳлайсанми, дедилар ҳа дедим. Тайёргарлигингни кўр сени ўқишга юбораман, дедилар.
Мен: «ота, кимёни чуқур билмайман», деганимда, «қишлоғимиздаги яқиндагина кимё факультетини битириб келган ўқитувчига илтимос қиламиз, сенга ёрдам беради», дедилар. ТошМИнинг қиз талабалари билан гаплашиб, уларнинг интизомини кўриб, мени ҳам ўқитишга қарор қилган эканлар.
Сени Тошкентга эмас, Самарқандга жўнатаман, дедилар. Чунки учинчи акам Самарқандда аспирантурада ўқир эди. Онамга хавотир олма, акаси қарайди, дедилар. Катта акам норозилик билдирди: «ана, педагогика институти шунда ўқий қолсин», дедилар.
Отам эса «йўқ, бу врач бўлиш учун ўқийди», дедилар.
Акам яна йиқилса, шарманда бўламиз, деб қўрқаётган экан.
Отам «ишидан таътил олади ҳеч кимга айтмаймиз», дедилар ва янгам билан бирга Самарқандга юбордилар.
Мен ҳужжатларимни топширдим. 3 та имтиҳондан ўтиб, 1965 йилда СамМИнинг даволаш факультетига қабул қилиндим. У вақтлар таниш-билиш деган гаплар йўқ эди. Мен уйга қайтдим, онамни жуда соғинган эдим. Эркаланиб, сиз мени соғинмадингиз, дея йиғладим. Қўни-қўшнилар чиқишди, онамни табриклашди, мени мақташди, онам эса ғурур билан аёлларга, уни мен туғганман, дедилар.
Мен онамдан биринчи марта шундай гап эшитганим учун бошқача бўлиб кетдим. Чунки у киши сира мақтамасдилар. Онам жуда суюкли, нозик дидли, фариштадек эдилар, мен у кишини эсласам ҳанузгача йиғлайман...
Ўқишга кетгунимча ота-онам пул беришди ва отам агар сен шу институтни ҳам имтиёзли диплом билан битирсанг барча дугоналарингга зиёфат бераман дедилар. Мен кечаю-кундуз берилиб ўқидим, чунки отамнинг ишончини оқлашим керак эди.
Институтни ҳам имтиёзли диплом билан тамомладим, аммо 6 йил давомида ва кейин ҳам отам бирон марта келмадилар. Шунда у кишига «нега сўз бердингиз-у, бир бор хабар олмадингиз», деганимда «мен сенинг ваъдангни бажаришингни билардим», дедилар. Қизил диплом олганим учун хирургия кафедрасида қолдиришди.
2 йилдан сўнг институт мени Москвага аспирантурага юбормоқчи бўлди. Бу вақтда эса мен турмушга чиққан, бир нафар боланинг онаси эдим. Табиийки, турмуш ўртоғим рози бўлмади. Акаларим, майли, оиланг бузилмасин, дейишди. Аммо отам олти ой мен билан гаплашмади.
Нега бундай қиляпсиз, десам, «сен ўқишга бормаганинг учун хафа бўлдим, мен сенда кучли аёл образини кўришни хоҳлардим», дедилар. «Ота, менинг онам бўлмаса, боламни ўйладим», десам, «борсанг, болангга мен ўзим қарардим», дедилар.
Шу инсон менинг отам эди! Биз яна апоқ-чапоқ бўлиб кетдик ва яна менинг ҳаётимдаги муваффақиятларимга ўзларининг беҳисоб ҳиссаларини қўшдилар. Мен кеча-ю кундуз у кишини эслайман ва шундай одамнинг қизи бўлганлигимдан фахрланаман!
Чарос Маннонова суҳбатлашди.
Мавзуга оид
15:23 / 04.05.2025
“Ёпилган иш” ёхуд отган ўқи ўзига қайтган терговчининг иқрори
14:10 / 09.03.2025
“Касбингизни севсангиз, қийинчиликлари билинмайди” – кранчи, терговчи, поезд ва автобус ҳайдовчи аёллар ҳикояси
13:27 / 03.10.2024
«Дўстимнинг ўлимига сабабчи бўлганман» – «авария» содир этган йигитнинг надоматлари (Ҳаётий ҳикоя)
18:30 / 01.10.2024