Жаҳон | 03:05 / 18.10.2023
20515
5 дақиқада ўқилади

Ғазодаги касалхонага авиазарба оқибатида 800дан зиёд тинч аҳоли ҳалок бўлгани хабар қилинмоқда

Ғазо секторидаги «Ал-Аҳли ал-Маъданий» баптистлар шифохонаси ҳужумга учраши оқибатида, турли манбаларга кўра, тинч аҳоли вакилларидан 500 дан 810 нафаргача инсон ҳалок бўлган.

Фото: Al Jazeera

Фаластин президенти Маҳмуд Аббос шифохонада ҳалок бўлган қурбонлар хотирасига давлатда уч кунлик мотам эълон қилди.

Ғазо бўлгасини назорат қилувчи ҲАМАС ҳаракати ҳужумда Исроилни айблади. Буни рад этган Исроил томони шифохонага Фаластиннинг “Исломий жиҳод” гуруҳи томонидан учирилган ва траекториясидан адашган ракета қулаб тушганини таъкидлади.

Ҳарбий таҳлилчилар ва экспертлар Ғазодаги касалхонага Америкада ишлаб чиқарилган JDAM ракетаси билан зарба берилганини аниқлашган. Бу ҳақда турли давлатлардан ўнлаб йирик экспертлар баёнот берган. Американинг JDAM ракетасининг ўзига хос сифати унинг товуши ҳисобланади. Ракета жуда катта тезликда учгани ва маълум бир шаклга эга бўлгани учун унинг товушини бошқа ракеталардан осонгина фарқлаш мумкин.

Россия ва БАА Ғазодаги шифохонага берилган зарба туфайли 18 октябр куни БМТ Хавфсизлик Кенгашининг шошилинч йиғилишини ўтказишни сўрашди.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған биринчилардан бўлиб Ғазодаги ҳоспиталга авиазарбани қоралаб чиқди ва жаҳон ҳамжамиятини Фаластин анклавидаги «мисли кўрилмаган шафқатсизлик»ни тўхтатишга чақирди.

«Аёллар, болалар ва ҳеч нарсада айбсиз бўлган тинч аҳоли вакиллари бўлган касалхонага зарба бериш — бу Исроилнинг элементар инсоний қадриятлардан холи бўлган ҳужумларининг намунасидир.

Мен бутун инсониятни Ғазо секторидаги бу мисли кўрилмаган шафқатсизликни тўхтатишга чақираман», — деб ёзди Эрдўған X (собиқ Twitter) ижтимоий тармоғида.

Бирин-кетин бошқа давлатларнинг ушбу машъум зарбага нисбатан муносабатлари янграй бошлади.

Пентагон Ғазо секторидаги ҳоспиталга Исроил авиазарбаси тўғрисидаги хабарларга муносабат билдирдириб, «АҚШ Исроилни «уруш қонунлари»га риоя қилишга чақиради», дея баёнот берди.

«Биз Исроил томонидан Ғазо секторидаги Ал-Аҳли баптистлар ҳоспиталининг бомбардимон қилинишини кескин қоралаймиз», — дея баёнот берди Миср ташқи ишлар вазирлиги.

Миср муфтийси Шавқи Аллам Исроилнинг Ғазодаги Ал-Аҳлий баптистлар касалхонасига ҳужумини қоралади ва дунёни «Исроилнинг фаластинликларга қарши жиноятларини тўхтатиш учун аралашиш»га чорлади.

Саудия Арабистони Ташқи ишлар вазирлиги «Ғазодаги шифохонани портлатиш — оғир жиноятдир», деди.

Эрон Ташқи ишлар вазирлиги вакили «Ғазо секторидаги касалхонага ҳужум шафқатсизлик билан амалга оширилган жиноят бўлиб, сионистик режим уруш чоғида асосий халқаро принципларга риоя қилмаслигини намойиш этади», дея баёнот берди.

Иордания қироли Ғазодаги касалхона портлашини «қирғин» ва «ҳарбий жиноят» деб атади.

Бундан ташқари, Иордания Ташқи ишлар вазирлиги 18 октябр куни АҚШ президенти Жо Байден билан ўтадиган олий даражадаги учрашувни бекор қилди.

«Биз Аммонда ўтказиши режалаштирилган тўрттомонлама саммитни эртага ўтказмасликка қарор қилдик», — дейилади Иордания ТИВ баёнотида.

Жо Байден билан учрашувда Иордания президенти Айман Сафадий, Миср президенти Абдулфаттоҳ ас-Сисий, Фаластин мухторияти раиси Абу Мазен иштирок этиши кўзланаётган эди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳам Ғазо секторидаги касалхонага ҳужумни қатъий қоралади. «Тинч аҳоли ва тиббиёт муассасаларини ҳимоялашнинг зудтар чораларини кўришга чақирамиз», дея чиқиш қилди ЖССТ бош директори Тедрос Аданом Гебреисус.

Европа Иттифоқи ташқи сиёсий хизмати раҳбари Жозеп Боррел Ғазодаги ҳоспиталга зарбани «даҳшатли жиноят» деб атади ва «айбдорларни жазога тортиш»га чақирди.

«Ғазодаги касалхонадан келаётган янгиликлар сўнгги кунларда кўз ўнгимизда содир бўлаётган фожиани янада даҳшатли тус олдирмоқда. Яна айбсиз тинч аҳоли катта товон тўламоқда. Бу даҳшатли жиноятнинг айбдорлари битта-битта аниқланиб, жавобгарликка тортилиши керак», — деб ёзган Боррел Х ижтимоий тармоғида.

Мудҳиш фожиа турли давлатларда яшаётган мусулмонларни жунбишга келтирди. Улар Исроилни қоралаш учун кўчаларга намойишга чиқишди. Жумладан, Иордания пойтахти Аммон шаҳрида Исроил элчихонасига ўт қўйилгани айтилмоқда. Истанбул шаҳридаги Исроил консуллиги биноси олдида ҳам кўп минг кишилик норозилик намойиши ўтказилди.

Ғазодаги фожиа туфайли Эрон, Ироқ, Ливан ва бир қатор араб давлатларида 18 октябр мотам куни деб эълон қилинди.

Мавзуга оид