Жаҳон | 23:10 / 21.01.2020
59801
2 дақиқада ўқилади

Тошкентдаги собиқ тўқимачилик комбинати ўрнида баландлиги 230 метрли эгизак миноралар бўлган бизнес марказ қурилади

Тошкентдаги ҳозирда Яккасарой тумани кичик саноат ҳудуди жойлашган собиқ тўқимачилик комбинати ўрнида баландлиги 230 метрли эгизак миноралар бўлган даунтаун (бизнес марказ) қурилади, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Лойиҳа учун зарур инвестиция миқдори 1 млрд доллар деб баҳоланмоқда. Инвестиция лойиҳаси 18та лот кесимида амалга оширилади. Қурилиш майдони 1,2 млн кв. м. турар ва нотурар бинолардан иборат бўлади. Яқин вақт ичида лойиҳага сармоя киритишга тайёр инвесторларни топишга киришилади.

Лойиҳа муаллифларининг фикрича, марказда иккита эгизак минора қурилиб, уларнинг юқори қисмида Қуёш ва Ойни ифодаловчи иккита айланиб турувчи шар жойлашади.

«Тошкент марказида қуриладиган бизнес ва маданият маркази пойтахт яловбардори бўлади. Ҳар икки минора 50 қаватдан иборат бўлиб, баландлиги 230 метрни ташкил этади», – деди Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Шароф Раҳмонов.

«Пойтахтимиз меҳмонлари ва аҳолиси самолётда аэропортга қўнаётганида уларнинг нигоҳи айнан шу ерга тушади. Пойтахт меҳмонларини лойиҳанинг мағзи бўлган миноралар кутиб олади», – деди у. 

Раҳмоновнинг сўзларига кўра, мажмуа кўп тармоқли бўлади. Унинг ҳудудида шаҳар аҳолиси дам олиши ва ишлаши учун барча зарур инфратузилма, жумладан, савдо марказлари, меҳмонхоналар, улкан парк ва кўргазма мажмуаси бўлади.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид