Дам олиш кунлари ҳаво бироз салқинлашади
Дам олиш кунлари Ўзбекистонга нам ва нисбатан салқин ҳаво массалари кириб келиши кутилмоқда. Ҳаво ҳарорати кечаси +10…+17, кундузи +20…+25 даражагача пасаяди. Жойларда чанг-тўзонлар кузатилиши мумкин.
Дам олиш кунлари республика ҳудудига Каспий денгиз жанубидан нам ва нисбатан салқин ҳаво массалари кириб келиши кутилмоқда, дея хабар берди «Ўзгидромет» агентлиги.
Жума куни кундузи Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида илиқ ва қуруқ об-ҳаво сақланиб туради, фақат Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро, Навоий вилоятларида ва кечга томон Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё вилоятларида айрим жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши мумкин. Ҳаво ҳарорати кундузи +26…+31 даражани ташкил этади, жанубда баъзи жойларда +33 даражагача бўлади.
Дам олиш кунлари эса республиканинг катта қисмида ёғингарчиликсиз об-ҳаво сақланиб туради, фақат марказий ва шарқий ҳудудларда баъзи жойларда ёмғир ёғади, тоғ олди ва тоғли ҳудудларда айрим жойларда кучли бўлиши, баланд тоғларда қорга айланиши мумкин.
6 октябрда республиканинг айрим тоғолди ва тоғли ҳудудларига туман тушиши мумкин. Шамол 7–12 метр/сония тезликда эсади, республика бўйича 15–20 метр/сониягача кучайиши, айрим жойларда чанг-тўзонлар билан кузатилиши мумкин.
Ҳаво ҳарорати кечалари 5 октябрда +12…+17 даражани, 6 октябрда +10…+15 даражани ташкил этади, кундуз кунлари +20…+25 даражагача пасайиши кутилмоқда.
Тошкент шаҳрида 4 октябрда кечқурун бироз қисқа муддатли ёмғир ёғиши мумкин. Шамол шарқдан 3–8 метр/сония тезликда эсади, кечга томон 11–13 метр/сониягача кучайиши мумкин. Ҳарорат +28…+30 даража бўлади.
5–6 октябрда вақти-вақти билан ёмғир ёғади. Ҳаво ҳарорати 5 октябрда кечаси +15…+17, кундузи +22…+24, 6 октябрда кечаси +12…+14, кундузи +20…+22 даража бўлади. Шамол шарқдан 5–10 метр/сония тезликда эсади.