Ўзбекистон | 12:40 / 24.01.2020
90781
3 дақиқада ўқилади

«Бу тизимни фуқароларимизнинг оёғига кишан қилганмиз» — Президент пропискани ислоҳ қилиш бўйича топшириқ берди

Парламент ва ҳукумат 2020 йил 1 апрелга қадар прописка тизимини ислоҳ қилиш бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқади.

Президент парламентга мурожаатномасида ҳукуматга прописка тизимини ислоҳ қилиш бўйича топшириқ берди.

«Урбанизация жараёнларини жадаллаштирган ҳолда ҳудудларни комлекс ривожлантириш ва аҳоли учун муносиб турмуш шароитларини яратиш зарур. Ана шу ишлар доирасида еттита йирик шаҳар - Андижон, Бухоро, Самарқанд, Қарши, Фарғона, Наманган ва Нукус, Нукусга йўлдош бўлган 12та шаҳарча танлаб олиниб, уларни ривожлантириш юзасидан комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилади.

Шунга боғлиқ яна бир масала. Асосий ишчи кучи яшайдиган ва иш ўринлари яратилаётган ҳудудларимиз ўртасида жуда катта тафовут мавжуд. Бунинг ечими ички миграцияни эркинлаштиришдир.

Шу боис, парламент ва ҳукумат 2020 йил 1 апрелига қадар прописка тизимини ислоҳ қилиш бўйича халқаро тажрибани ўрганиб чиқиши ва аниқ таклифларни ишлаб чиқиши лозим», деди президент.

Президент бу муаммо шу вақтга қадар фуқаролар оёғида кишан бўлиб келаётганини қайд этди.

«Бу масала қандай қийинлигини ҳаммамиз биламиз. 30 йил фуқароларимизнинг оёғига кишан қилиб бу масалани ҳал қилмадик.

Фуқароларимиз Ўзбекистон Республикасининг хоҳлаган жойида пропискадан ўтиб, хоҳлаган жойида ишлашининг қонуний асосини яратмасак, қуруқ гап билан ишлар амалга ошмайди», деди президент.

Давлат раҳбари «Ўзбекистондаги ҳар бир инсон ўз уй-жойига эга бўлиши»ни исташи ҳақида ҳам гапирди.

«Қайси қурилиш ташкилоти арзон, сифатли, муддатини таъминлаб, одамларга маъқул таклиф билан чиқса, аукцион орқали ўзи ютиб олсин. Молияда, банкда ўтирганлар у 4 триллион сўмни хоҳлаган одамга бериш замони ўтди, коррупцияни йўқ қилишнинг битта-ю битта йўли — аукцион.

Юрагимдаги бир ниятимни сизларга айтмоқчиман. Ҳаммамиз ҳам ўз вақтида уй олиш, пропискага ўтиш бўйича муаммоларга дуч келганмиз, 50-60 ёшдаги ўрта ёш вакилларини, айниқса, Тошкентга ёки катта шаҳарларга келиб ишлайман деганларни ҳаётида энг қийнаган нарса — уй ва прописка эди. Менинг энг катта ниятим шуки, ватанимиз ичра ҳар бир инсон, ўзининг кичик ватанига – уй-жойига эга бўлса, биздан халқимиз ҳам, Яратган ҳам рози бўлади», деди Шавкат Мирзиёев.

Мавзуга оид