Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Россия иқтисодиёти мигрантларсиз яшай оладими?
Россияда меҳнат мигрантларидан олабўжи образи ясалиб, уларни асоссиз ёки арзимас сабаблар билан қамаш, дўппослаш, таҳқирлаш ва урушга жўнатиш одатий ҳолга айланиб қолди. Ҳар ой қайсидир ксенофоб амалдор мигрантлар ҳақида бирор салбий таклиф кўтариб чиқади, натижада меҳнат муҳожирларига чекловлар кўпайиб боряпти.
Хўш, аслини олганда, жорий шарт-шароитларда хорижий ишчиларсиз Россия иқтисодиёти “ўтириб” қолмайдими?
Россия меҳнат бозоридаги вазият
Россия узоқ йиллардан бери жиддий демографик муаммога дуч келяпти: аҳоли қарияпти, туғилиш даражаси паст, меҳнатга лаёқатли ёшлар улуши қисқариб боряпти. Сўнгги йилларда бу муаммо янада кескинлашди. Ҳарбий сафарбарлик, эмиграция ва пандемия натижасида юз минглаб маҳаллий ишчи кучи бозорни тарк этди. Натижада иқтисодиётнинг асосий тармоқларида меҳнат ресурслари танқислиги юзага келди. Айнан шу бўшлиқни мигрантлар, хусусан Марказий Осиёдан келган ишчилар тўлдириб турибди.
Россия Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, мамлакатда расман ишлаётган чет эл фуқаролари сони тахминан 3 млн киши. 2024 йилда патент асосида ишлаётган мигрантлар тўлаган солиқ қарийб 124 млрд рублни ташкил этган. 2025 йилнинг 5 ойида бу кўрсаткич 35 фоизга ошган. Яъни Россия бюджети мигрантлар ҳисобидан катта даромад кўряпти. Мамлакатдаги умумий хорижлик ишчилар сони эса 6-6,5 млн атрофида экани тахмин қилинади. Бу улуш умумий меҳнат бозорининг 7–8 фоизини ташкил қилади.
2025 йилда Россияда ишсизлик даражаси 2,1 фоизгача пасайди. Бу СССР парчаланиб кетган 1991 йилдан кейинги даврдаги энг паст кўрсаткич. Бир қарашда, ишсизлик қанча паст бўлса, шунча яхшидек кўринади, лекин аслида ҳар доим ҳам ундай эмас. Ўта паст даражадаги ишсизлик ҳам чуқур иқтисодий муаммолардан дарак беради. Шу боисдан таҳлилчилар Россиядаги ишсизлик даражасининг ўта пастлигини иқтисодиёт учун ижобий эмас, балки инқироз белгиси сифатида баҳолаяпти.
Гап шундаки, янги ходим топиш имконсиз бўлгани сабабли, компаниялар кадрни ушлаб қолиш учун ойликларни оширишга мажбур бўляпти. Яъни маошларнинг ўсиши меҳнат унумдорлигидан кўра тезроқ юз бера бошлаган. Бу эса истиқболда товарлар ва хизматлар нархининг кўтарилишига, инфляциянинг кутилган даражада пасаймаслигига сабаб бўлади. Якунда иқтисодий ўсиш секинлашади.
Содда қилиб айтганда, ишчи бўлмаса, завод қўшимча линияни ишга туширишни, қурувчи янги бино қуришни бошлай олмайди. Агар меҳнат ресурси тугаса, капитал ва технология бўлган тақдирда ҳам ишлаб чиқариш кенгаймайди. Масалан, завод 10 та янги станок сотиб олиши мумкин, лекин уларни бошқарадиган оператор бўлмаса, инвестиция ўзини оқламайди.
Россияда кадрлар етишмовчилигини ички ресурслар билан тўлдириб бўлмайди. Мамлакат Марказий банки ҳам асосий ставканинг юқори даражада ушлаб турилишига асосий сабабларидан бири сифатида айнан ишсизликнинг пастлиги сабабли одамларнинг қўлидаги пул кўпайиши ва таклифнинг етишмаслигини келтириб ўтган.
Ҳукуматнинг “ишчи кам бўлса, аёллар кўпроқ туғиши керак” деган ғояси узоқ муддатда самара бериши мумкин, лекин қисқа муддатда вазиятни ёмонлаштиради. Чунки туғуруқ арафасида ва ундан кейин аёлларнинг бир муддат меҳнат бозоридан чиқиб кетиши кузатилади.
Мигрантлар нима иш қилади?
Россиядаги умумий ишчи кучида мигрантларнинг улуши 7 фоиздан 10 фоизгача баҳоланса-да, айрим тармоқларда бу кўрсаткич ниҳоятда катта. Масалан, қурилиш – мигрантлар энг кўп банд бўлган ва хорижий ишчи кучисиз тўхтаб қолиши мумкин бўлган асосий тармоқ. Соҳадаги жами ишчиларнинг 35–40 фоизини мигрантлар ташкил қилади. Баъзи йирик мегаполисларда бу рақам 60–70 фоизгача етиши мумкин.
Шунингдек, тозалаш, овқатланиш, савдо, коммунал хизматлар, транспорт ва логистика, иссиқхоналар, ҳосил йиғими, чорвачилик ва қайта ишлаш тармоқларида ҳам мигрантлар асосий ишчи кучи ҳисобланади.
Турли манбаларнинг баҳолашига кўра, Россияда бир хил иш учун йўлланадиган маҳаллий ходим ва мигрант ходимнинг ўртача маоши фарқи тахминан 25 фоиздан 40 фоизгача. Охирги пайтларда бу тафовут нисбатан қисқарган бўлиши мумкин, аммо мигрантларнинг иш вақтлари давомийлиги маҳаллий ишчиларга нисбатан кўпроқлигича қоляпти.
“Россиядан юборилаётган пуллар хайрия ёки садақа эмас”
Иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов “биз Россияга қараммиз” ёки “улар бизни боқяпти” деган иддаолар асоссиз экани ҳақида шундай ёзади:
“Ўзбекистонликлар Россиядан миллиардлаб доллар жўнатишади, тўғри. Лекин бу – россияликларнинг садақаси ёки хайрияси эмас, балки ватандошларимизнинг машаққатли меҳнати эвазига олинган ҳалол иш ҳақи. Маош одатда ходим яратган қийматдан паст бўлади, акс ҳолда, у ишга олинмаган бўларди. Демак, агар ўзбекистонликлар Россияда бир миллиард доллар иш ҳақи олган бўлса, улар бундан ҳам катта иқтисодий қиймат яратишган. Қолаверса, барча пул уйга юборилмайди: Россиянинг ўзида товарлар ва хизматлар кўринишида сарфланади. Бунинг устига, жамғарма ва инвестициялар ҳисобига Россия иқтисодиётида қолади. Буларнинг барчаси иқтисодиётда ижобий мултипликатив таъсир беради. Шу боис ватандошларимизнинг Россия иқтисодиётига ва аҳоли фаровонлигига қўшган ҳиссаси жуда юқори. Менимча, кўпчилик тасаввуридан анча катта мултипликатив таъсирга эга”.
Беҳзод Ҳошимовнинг қўшимча қилишича, ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларини чиқариб юборишга уринишдан биринчи навбатда Россия томонининг ўзи катта йўқотишга учрайди.
“Қисқаси, кўп ўзбеклар муҳожир бўлгани учун, биз Россияга қарам эмасмиз, аксинча, Россия иқтисодиёти бизнинг меҳнат кучига сезиларли даражада таянишга мажбур. Икки тарафлама фойдали алмашув бу, лекин уларда биздан кўра йўқотадиган зарари каттароқ. Алтернатива уларда камроқ.
Биз каби тил биладиган, мослашувчан, контекстни тушунадиган ва маданий жиҳатдан яқин меҳнат муҳожирларини улар ўрта муддатда бошқа жойдан топа олишмайди ва тезда алмаштира олмайди. Шунинг учун мигрантларга тўсиқ қўйишдан кўпроқ зарар кўрадиган томон – айнан Россия”, дейди иқтисодчи.
Умуман олганда, Россияда ишлаётган муҳожирлар боқиманда эмас, улар бир вақтнинг ўзида икки мамлакатни иқтисодий жиҳатдан ривожлантиряпти. Шу сабабли уларга нисбатан бўлаётган муносабатда сиёсий популизм ва эмоциядан кўра, факт ва иқтисодий мантиққа таяниш ҳар иккала томон учун ҳам фойдали бўлади.
Мавзуга оид
10:35
Россияда жазо ўтаётган 3 мингдан ортиқ ўзбекистонлик қайтарилиши мумкин
09:04
Россия бензин экспортини июл охиригача тўхтатди
18:59 / 02.04.2026
Қирғизистонда Россия қирувчи самолётларининг машғулотлари тўхтатилди
09:57 / 02.04.2026