Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Рубио Исроилда Қатарга берилган зарбаларни қоралади
Фото: Getty Images
АҚШ Давлат котиби Марко Рубио якшанба куни Ғазодаги можаронинг келажаги ва гаровга олинганларни озод қилиш масаласини муҳокама қилиш учун икки кунлик ташриф билан Исроилга келди. Рубио яна бир бор Исроилнинг Қатардаги Ҳамас етакчиларига ҳужумидан норозилигини билдирди, бироқ бу воқеа икки давлат ўртасидаги мустаҳкам бўлиб қолаётган муносабатларга зарар етказмаслигини айтди.
Душанба куни Қатарда кейинги ҳаракатларни муҳокама қилиш учун араб-ислом саммити бўлиб ўтади.
Рубио АҚШ президенти Доналд Трампнинг гаровга олинган исроилликларни бир вақтнинг ўзида озод қилиш ва Ҳамасни мағлуб этиш ҳақидаги истагини такрорлади.
Давлат котибининг сўзларига кўра, Вашингтон гуруҳ томонидан гаровда ушлаб турилган 48 кишини қандай озод қилишни (улардан 20 нафари ҳали тирик деб ҳисобланмоқда) ва секторни қайта тиклашни муҳокама қилмоқчи.
«Бўлар иш бўлди. Биз Исроил раҳбарияти билан учрашамиз, келажакда бизни нима кутаётгани ҳақида гаплашамиз», – деди Рубио сафар олдидан.
У Исроил Ғазо шаҳрига ҳужумини қайтадан бошлагани юзасидан изоҳ бермади.
Рубио Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ҳамда АҚШнинг мамлакатдаги элчиси Майк Ҳакаби билан биргаликда Йиғи деворига ҳам ташриф буюрди.
Художўй католик Рубио ва АҚШнинг Исроилдаги элчиси, евангелист протестант пастор Майк Ҳакаби Нетаняҳу билан бирга бошларига яҳудийлар бош кийимини кийиб, Ғарбий деворга тегиб, ибодат қилишган.
Кейин улар милодий 70 йилда Яҳудиядаги қўзғолонни бостириш пайтида римликлар томонидан вайрон қилинган Иккинчи Ибодатхона қисмларининг қазилган қолдиқлари бўйлаб саёҳат қилишди.
Рубио, Нетаняҳу ва Ҳакаби ўз рафиқалари билан ер остида суратга тушишган, аммо уларга гендер сегрегацияси амал қиладиган Ғарбий девор ёнида турмуш ўртоқларига ҳамроҳлик қилишга рухсат берилмади.
Рубио душанба куни зиёратгоҳга борадиган зиёратчилар учун туннелнинг очилиш маросимида иштирок этиши кутилмоқда.
Нетаняҳу Қўшма Штатлар билан иттифоқ ҳеч қачон ҳозиргидек мустаҳкам бўлмаганини айтди ва Рубиони «Исроилнинг алоҳида дўсти» деб атади. Рубио ва президент Доналд Трамп бошчилигида «иттифоқ ҳеч қачон бунчалик кучли бўлмаган ва биз буни чуқур қадрлаймиз», – деди у.
«Менимча, унинг бу ерга ташрифи Исроил-Америка иттифоқининг мустаҳкамлиги ва кучидан далолат беради, – деди Нетаняҳу журналистларга. – У ҳозиргина биз қўл теккизган Ғарбий девор тошлари каби мустаҳкам ва пишиқ».
Рубио шанба куни бу жойни «дунёдаги энг муҳим археологик ёдгорликлардан бири» деб билишини ва унга сиёсий аҳамият бермаслигини айтди.
Рубио – 2019 йилда Трамп давлат котиби Майк Помпео ташрифидан кейин Ғарбий деворга ташриф буюрган энг юқори мартабали америкалик амалдор бўлмоқда.
Помпеонинг ташрифи рамзий маънога эга эди, чунки АҚШ тарихан мусулмонлар учун муқаддас бўлган Ал-Ақсо масжидини ҳам ўз ичига олган муқаддас жойнинг мақомига нисбатан бетарафликни намойиш этишга ҳаракат қилган.
Рубионинг давлат котиби лавозимидаги ўтмишдоши, асли яҳудий бўлган Энтони Блинкен 2023 йил 7 октябрда Ҳамас ҳужумидан кейин Исроилга тез-тез ташриф буюрган, аммо Ғарбий деворга бормаган ва бунинг ўрнига дунёвийроқ Тел-Авивда қолган.
Бу вақтда Исроил ҳарбийлари шаҳардаги баланд турар жой биноларига зарба беришда давом этмоқда. ЦАҲАЛнинг таъкидлашича, якшанба куни у Ҳамас томонидан кузатув ва разведка маълумотларини тўплаш учун фойдаланилган битта баланд бинони йўқ қилган. Ҳамас бу даъволарни рад этади. Бошқа кўп қаватли уйлар аҳолисига эвакуация қилиш тавсия қилинди.
Исроил ҳарбийлари, шунингдек, сўнгги бир кун ичида ўзлари «террорчилар» деб атайдиган ўнлаб одамларни ўлдирганини айтди. Ҳамас томонидан бошқариладиган фуқаролик мудофааси агентлиги якшанба куни камида етти киши ўлдирилганини маълум қилди.
Мавзуга оид
21:55 / 25.12.2025
АҚШ маъмуриятида бўлиниш: Стив Уиткофф Марко Рубиога қарши
20:52 / 25.12.2025
Фаластинни парчалаш: Ғарбий соҳил харитаси қандай ўзгаряпти?
19:47 / 25.12.2025
Белгия Исроилга қарши геноцид иши бўйича халқаро судда очилган даъвога қўшилди
09:24 / 23.12.2025