Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Сузиб юрувчи аэродром – замонавий авиаташувчи кемалар палубасига нечта ҳарбий самолёт сиғади?
Бундан бир неча кун олдин Фаластиннинг ҲАМАС ташкилоти ва Исроил ўртасида навбатдаги можаро бошланди. Ғарб арабларни айбламоқда, мусулмон дунёси эса Исроилни. Ана шундай вазиятда АҚШ Ўрта Ер денгизиниг Исроил қирғоқлари яқинига иккита йирик авиаташувчи кемасини юборди. Бу кемалар ҳарбий самолётларни ортиб юради ва уларга аэродром вазифасини ўтайди.
Бугун дунёнинг йирик ва қудратли давлатлари ҳар йили ҳарбий харажатлар учун юз миллиардлаб доллар маблағ сарфламоқда. Агар уларнинг ҳарбий техникалари рўйхатига қаралса, радарга кўринмайдиган самолётлардан тортиб, йирик авиаташувчи кемаларгача бор.
Улар орасида ҳарбий харажатлар учун эг кўп маблағ сарфлайдиган АҚШ алоҳида ажралиб туради.
Бу давлат кўплаб сўнгги русумдаги F-35 ҳарбий самолётлари билан бирга йигирмадан ошиқ йирик авиаташувчи кемага ҳам эгалик қилади. Бундай кемаларнинг ҳар бирига 100 га яқин ҳарбий самолётлар жойлашади.
Бундан бир неча кун олдин Фаластиннинг Ғазо секторини назорат қилувчи ҲАМАС ва Исроил ўртасида навбатдаги қуролли можаро бошланди. Бу сафар ҳужумни араблар бошлади ва аксарият давлатлар ташкилотнинг бу ишини қоралаб чиқишди. Дунё мусулмонлари эса Исроил фаластинликлардан қаттиқ ўч олади деб хавотирга тушди.
Шундай вазиятда Исроилнинг энг яқин иттифоқчиси бўлган АҚШ дарҳол Ўрта Ер денгизида, Исроил қирғоқлари яқинида «Жералд Форд» авиаташувчи кемасини юборди.
АҚШнинг бу иши бир қанча мамлакат раҳбарлари томонидан танқид остига олинди. Жумладан, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған АҚШ авиаташувчиси фаластинликларни қиришда Исроилга ёрдам бериш учун келаётганини айтиб чиқди.
2023 йил 13 октябр куни АҚШдан Ўрта Ер денгизига қараб иккинчи авиаташувчи «Дуайт Эйзенхауэр» номли кема йўлга чиққани маълум бўлди.
Бу авиаташувчи кемалар АҚШ ҳарбийларининг энг кучли техникалари ҳисобланади. Уларнинг ҳар бири АҚШга 10 млрд доллардан ошиқроққа тушган ва уларга 100 га яқин самолёт ва вертолётлар жойлаша олади.
Бундай йирик авиаташувчи кемалар жаҳоннинг яна бир нечта давлатида бор холос. Қуйида авиаташувчиларнинг яратилиш тарихи ва уларнинг имкониятлари ҳақида сўз юритамиз.
www.alamy.com
Авиаташувчи кемалар тарихи
Агар авиаташувчилар тарихига назар ташланса, иккинчи жаҳон урушигача Британия бундай кемалар сони кўплиги бўйича биринчи ўринда турган. Урушдан сўнг АҚШ ҳарбий харажатларни кескин оширган ва самолётларни ташийдиган ўнлаб йирик кемалар ясаган.
Авиаташувчилар тарихи ХХ аср бошларига бориб тақалади. Кемадан илк парвозни 1910 йил 14 ноябр куни америкалик Южин Б. Эли амалга оширган. У «Бирмингем» крейсери палубасидан кичик самолёт билан парвоз қилган.
Орадан икки ой ўтиб, 1911 йил 18 январ куни Южин бошқа бир кема, «Пенсилвания» крейсерига қўнади. Ҳар икки крейсер палубасида самолёт қўниши учун вақтинчалик жой қилинган эди.
Биринчи махсус ясалган авиаташувчи HMS Ark Royal кемаси ҳисобланади. У британияликлар томонидан 1915 йилда ясаб чиқилган ва биринчи жаҳон урушида Ўрта Ер денгизида туркларнинг позицияларини бомбардимон қилишда қатнашган.
Кейинроқ, 1917 йилда британияликлар HMS Argus крейсерини ясашади. Унинг узунлиги 172,5, эни 20,7 метр бўлган. Бир йилдан сўнг британияликлар янада каттароқ ва узунроқ бўлган авиаташувчини сувга туширишади. HMS Furious деб номланган бу крейсернинг узунлиги 239, эни 26,8 метр эди. Ушбу кема британияликларга 1948 йилгача хизмат қилган.
Америкаликлар илк авиаташувчи USS Langley кемасини 1920 йилда сувга туширишади. Ҳарбий қудратини ошириб бораётган Япония ҳам ўша йили ўз авиаташувчисини ясаб чиқади.
www.alamy.com
Агар ХХ аср бошларида авиаташувчи кемалар қуриш бўйича Британия олдинда бўлса, кўп ўтмай америкаликлар уларни қувиб ўтади.
Иккинчи жаҳон уруши бошланиши арафасида АҚШда 150 дан ошиқ турли ўлчамдаги авиаташувчи кемалар, Британия ва Японияда эса ўндан ошиқ авиаташувчи кема бор эди. Франция биринчисини тайёрлаётганди. Германияда эса бундай кема бўлмаган.
Иккинчи жаҳон урушида томонлар 180 та авиаташувчидан фойдаланган. Уларнинг энг кўп АҚШга тегишли бўлган – 143 та.
Британия 18 та, Япония 19 та авиаташувчисидан фойдаланган. Уруш тугагунча японлар барча кемаларини йўқотишган. Британия 8 та, АҚШ 11 та кемасидан айрилган. АҚШ ўз авиаташувчиларидан асосан Тинч океанида Японияга қарши жангларда фойдаланган.
Иккинчи жаҳон урушидан кейин ҳарбий авиация янада ривожланади ва шунга қараб авиаташувчи кемаларнинг ўлчамлари ҳам катталашиб боради.
1960-90 йилларда авиаташувчиларни қуришда АҚШ устунлик қилишда давом этади ва бу масалада ўзининг асосий рақобатчиси СССРни катта фарқ билан ортда қолдиради.
www.alamy.com
СССРнинг авиаташувчиларни ясаб чиқишда ютқазганининг асосий сабаби ҳарбий самолётларнинг мукаммал эмаслиги ва маблағ билан боғлиқ эди. Яъни СССРда ишлаб чиқарилаётган ҳарбий самолётлар қисқа масофада учиб қўна олмасди.
Улар учиб қўна оладиган жуда катта ўлчамдаги авиаташувчиларни қуриш учун ўн миллиардлаб доллар керак бўларди. Шундоқ ҳам иқтисодий қолоқ бўлган советларда битта кема қуриш учун бунча пул топилмасди. Шу сабабли СССРда бор-йўғи бир нечта авиаташувчи ишлаб чиқарилади. Бироқ улардан ҳам тузук-қуруқ фойдалана олишмайди.
Америкаликлар эса иккинчи жаҳон уруши тугаган пайтдан бошлаб авиаташувчиларнинг палубасига бемалол учиб қўнадиган замонавий самолётларни ясай бошлашади. Шунга ҳамоҳанг яна кўплаб авиаташувчи кемалар ҳам ясалади.
Қисқа масофада учиб қўна оладиган ҳарбий самолётлар билан боғлиқ муаммо Россияда ҳалигача бор. Шу сабабли ҳам бугун бу давлат ҳарбийларида биронта авиаташувчи кема йўқ. Бори ҳам таъмирталаб.
Масалан, Россияда ишлаб чиқариладиган замонавий Су-30 самолёти қўниши учун минимал тарзда 550 метр масофа керак. АҚШ ҳарбий самолётлари эса 250-350 метр масофага ҳам қўна олади.
www.alamy.com
Авиаташувчиларнинг техник тавсифи
Ҳозирда бир қатор давлатлар фойдаланаётган авиаташувчи кемаларнинг узунлиги 182 метрдан 342 метргача етади. Яқин йилларда узунлиги 400 метр бўлган кемалар ясалиши режалаштирилмоқда.
Аксарият авиаташувчи кемаларнинг юқори қисмида фақат самолёт ва вертолётларни сақлаш учун жой ҳамда учиш-қўниш йўлаги қилинган. Палубанинг ўртасида антенна ва радар ускуналари жойлашган.
Кеманинг бошқарув пункти, машина бўлими, экипаж учун ётоқхона, дам олиш ва овқатланиш хоналари ва бошқа турли ускуналар пастда жойлаштирилган.
Анча йиллардан буён авиаташувчи кемаларда учиш йўлагининг охирида трамплин қилинмоқда. Бунда йўлакнинг бир қисми тепага кўтарилиб боради ва тез борган самолёт бирданига ҳавога кўтарилиб кетади.
Қуйида АҚШ Ўрта Ер денгизига юборган авиаташувчиларидан бири, АҚШнинг 38-президенти номи билан аталган «Жералд Форд»нинг техник характеристикаси:
- Узунлиги – 337 метр;
- Эни – 41 метр (қўшимча ускуналар билан 78 метр;
- Баландлиги – 76 метр;
- Двигател – иккита ядро реакторли;
- Ҳаракатлантирувчи – 4 та;
- Максимал тезлиги – соатига 56 км;
- Узоқ масофага сузиши – чекланмаган;
- Автоном ҳолда сузиши – камида 100 сутка
- Экипаж аъзолари сони – 4 660 нафар;
- Қуроллари – турли ракеталар, радарлар ва бошқа қуроллар;
- Авиация гуруҳи – 90 та F-35C, F/A-18E/F, EA-18G, E-2D, C-2A, MH-60R/S каби самолёт ва вертолётлари жойлаша олади.
www.alamy.com
Жералд Форд» 2013 йил 9 ноябр куни сувга туширилган. 2017 йил 31 майдан бошлаб АҚШ денгиз кучлари фойдалана бошлаган. Уни қуришга 12,8 млрд, уни қўшимча жиҳозлашга 4,7 млрд доллар сарфланган.
АҚШнинг 34-президенти номи билан аталган «Дуайт Эйзенхауэр» авиаташувчиси 1975 йил 11 октябрда сувга туширилган. АҚШ ҳарбий денгиз кучлари 1977 йил 18 октябрдан фойдалана бошлаган.
Ушбу кемага 3 200 нафар экипаж аъзоси хизмат кўрсатади. Унга 90 та самолёт ва вертолёт жойлаша олади. Кеманинг узунлиги 340, эни 76,8, метр бўлиб, у ракеталар, радар мосламалари ва бошқа қуроллар билан жиҳозланган.
Кема иккита реактор ва тўрт турбинали двигател билан жиҳозланган. У 260 минг от кучига эга бўлиб, соатига 56 км тезликда ҳаракатлана олади.
www.alamy.com
Ҳозирда хизматда бўлган энг йирик авиаташувчилар
Бугунги кунда энг кўп авиаташувчи АҚШда. Шунингдек, Британия, Хитой, Франция, Ҳиндистон, Италия, Туркия ва Тайландда турли русумлардаги авиаташувчилар бор.
АҚШ:
- «Нимиц» – 1968 йилдан фойдаланиб келади;
- «Дуайт Эйзенхауэр» – 1970 йилдан фойдаланиб келади;
- «Карл Винсон» – 1980 йилдан фойдаланиб келади;
- «Теодор Рузвелт» – 1980 йилдан фойдаланиб келади;
- «Авраам Линколн» – 1984 йилдан фойдаланиб келади;
- «Жорж Вашингтон» – 1986 йилдан фойдаланиб келади;
- «Жон Стеннис» – 1993 йилдан фойдаланиб келади;
- «Ҳарри Трумэн» – 1993 йилдан фойдаланиб келади;
- «Роналд Рейган» – 2001 йилдан фойдаланиб келади;
- «Жорж Буш» – 2006 йилдан фойдаланиб келади;
- «Жералд Форд» – 2013 йилдан буён фойдаланиб келади.
Британия
- «Куин Элизабет» – 2009 йилдан фойдаланиб келади;
- «Уэлс шаҳзодаси» – 2011 йилдан фойдаланиб келади.
Хитой
- «Шандун» – 2017 йилдан фойдаланиб келади;
- «Ляонин» – 1985 йилдан фойдаланиб келади (Бу кема Украинаники бўлиб, 1998 йилда хитойликлар уни сотиб олишган ва номини ўзгартириб, қайта жиҳозлашган.
Франция
- «Шарл де Голл» – 1994 йилдан фойдаланиб келади.
Ҳиндистон
- «Викрамадитя» – 1982 йилдан фойдаланиб келади (Бу кемани ҳиндлар 2013 йилда Россиядан сотиб олишган ва «Адмирал Горшков» номини ўзгартиришган);
- «Викрант» – 2011 йилдан фойдаланиб келади.
Италия
- «Кавур» – 2007 йилдан фойдаланиб келади;
- «Жузеппе Гарибалди» – 1985 йилдан
Тайланд
- «Чакри Нарубет» – 1995 йилдан буён фойдаланиб келади.
www.alamy.com
Бу рўйхатда Россия йўқ. 2019 йилда русларнинг ягона «Адмирал Кузнецов» авиаташувчисини енгил таъмирлаш чоғида ёнғин содир бўлади. Оқибатда, икки киши ҳалок бўлади, кўплаб одамлар жароҳатланади. Кемага жиддий зарар етади.
Шундан сўнг кема таъмирлаш учун юборилади. Бироқ 2022 йилда авиаташувчи таъмирланаётганда унда яна ёнғин содир бўлади. Унинг қачон таъмирланиши ва фойдаланишга топширилиши аниқ эмас. Шунингдек, АҚШнинг иккита, Хитойнинг битта авиаташувчиси ҳозир таъмирда.
Ҳозирда АҚШ иккита, Хитой битта янги авиаташувчи кема қурмоқда ва уларни яқин 5-10 йилда сувга тушириш мўлжалланяпти. Россия ҳам иккита авиаташувчи қуришни режалаштирган, бироқ уларнинг қурилиши ҳали бошланмаган. Қачон фойдаланишга топширилиши ҳам номаълум.
www.fxingw.com
Универсал десант кемалари (енгил авиаташувчилар)
Бундай кемалар йирик авиаташувчилардан бироз кичиклиги ва универсаллиги билан ажралиб туради. Уларга камроқ самолёт ва вертолётлар жойлашади.
Жумладан, енгил авиаташувчи кемаларга 10 тадан 60 тагача турли русумдаги учувчи қурилмалар жойлаштириш мумкин.
Бугун дунёда 30 га яқин енгил авиаташувчи кема бўлиб, уларнинг ўндан ошиғи АҚШга тегишли. Японияда тўртта, Хитой ва Францияда учтадан, Австралия ҳамда Мисрда иккитадан, Бразилия, Жанубий Корея, Испания, Туркия, Италияда биттадан бор. Россияда йўқ. Руслар иккита енгил авиаташувчи қураётганини айтган, бироқ уларни қачон фойдаланишга топшириши номаълум.
Қуйида Туркиянинг TCG Anadolu (L-400) универсал десант кемаси техник тавсифини кўриб чиқамиз:
- Сувга туширилган санаси – 2019 йил 30 апрел;
- Ҳарбийлар фойдаланишни бошлаган сана – 2023 йил 10 апрел;
- Узунлиги – 232 метр;
- Эни – 32 метр;
- Баландлиги – 58 метр;
- Двигателлар сони – 5 та дизелда ҳаракатланувчи дизел;
- Двигател қуввати – 85 000 от кучи;
- Экипаж сони – 261 киши;
- Авиация гуруҳи – 4 та T-129 ATAK, 8 та As532 ёки CH-47F, 2 та S-70B, 2 та Anka Bayraktar учувчисиз қурилмалари.
www.pronews.gr
Бундан ташқари, туркларнинг кемасига бир қанча қуроллар, десантлар фойдаланадиган моторли қайиқлар, радарлар ва бошқа ускуналар ўрнатилган.
2015 йилда Туркия ушбу енгил авиаташувчи кемани қуришга 1 млрд доллар сарфланишини маълум қилганди. Кейинчалик қўшимча жиҳозлар билан унинг қиймати янада ошган. Бугунги кунда Туркия янада каттароқ бўлган TCG Trakya номли иккинчи авиаташувчини қурмоқда.
АҚШ ўз авиаташувчиларининг Японларга қарши урушда, Корея яриморолидаги фуқаролар урушида, Ветнам урушида, 1990 йилдаги Ироққа қарши Саҳродаги бўрон операциясида, 1990 йиллар охирида собиқ Югославияни бомбардимон қилишда, 2001 йилда Афғонистонга, 2003 йилда Ироққа бостириб киришда фойдаланган.
www.alamy.com
Авиаташувчиларда юз берган ҳалокатлар
Иккинчи жаҳон урушидан сўнг авиаташувчилар билан боғлиқ бир нечта йирик ҳалокат туфайли кўплаб одамлар ҳалок бўлган.
1966 йил. АҚШга тегишли «Орискани» авиаташувчисида матрослардан бирининг эҳтиётсизлиги оқибатида ёнғин келиб чиқади. Олов кемада бўлган ракеталарга етиб боради ва улар портлаб учади ҳамда кеманинг тепа қисмидаги ангарда турган самолётларга бориб урилади.
Оқибатда кема палубасидаги барча самолётлар ёниб кетади. Ҳодисада 44 киши ҳалок бўлади, 156 киши жароҳатланади.
1967 йил. Ветнам яқинидаги Тонкин қўлтиғида турган АҚШ ҳарбий-денгиз кучларига қарашли «Форрестол» авиаташувчисида ёнғин келиб чиқади ва бунинг оқибатида 134 киши ҳалок бўлади, 161 денгизчи жароҳатланади.
Ёнғин 17 соат давом этади ва кема палубасида бўлган 21 самолёт бутунлай ёниб кетади. Ёнғин бошланган пайтда кемада тўққизта авиабомба бўлган ва улар дарҳол зарарсизлантириб қўйилган. Ҳалокатдан сўнг авиаташувчи бутунлай яроқсизга айланган.
1969 йил. Ҳавай ороллари яқинида Ветнамга жўнашга ҳозирланаётган АҚШнинг «Энтерпрайз» авиаташувчисида ҳалокат содир бўлади. Самолётлардан бири кема палубасига қўниш пайтида ракеталар билан тўқнашади.
Оқибатда ракеталар тартибсиз равишда отилиб кетади ва кемада ёнғин келиб чиқади. Ёнғин ёқилғи сиғимигача етиб боргандан сўнг портлаш содир бўлади ва кема палубасида турган самолётлардан 15 таси ёниб кетади.
Ҳодисада 27 нафар одам ҳалок бўлади, 120 нафар денгизчи жароҳатланади. Авиаташувчи яроқсиз ҳолга келади.
navysite.de
1981 йил. «Нимиц» авиаташувчиси палубасига қўниш пайтида самолётлардан бири вертолётга урилади ва ёнғин келиб чиқади. Оқибатда кема палубасида бўлган 19 та самолёт ва битта вертолёт ёниб кетади. Ҳодисада 14 киши ҳалок бўлади, 39 киши жароҳатланади.
«Нимиц» авиаташувчисида кейинроқ, 1988-1991 йилларда яна иккита ҳалокат содир бўлади ва уларда бир қанча самолётлар ёниб кетади. Одамлар ҳалок бўлади.
2019 йил. Россияга тегишли «Адмирал Кузнецов» авиаташувчисида енгил таъмир ишларини олиб бориш пайтида пайвандчи эҳтиётсизликка йўл қўяди. Учқун ёқилғи сиғимига тушади ва ёнғин юз беради.
Ўт ўчирувчилар оловни бир сутка деганда зўрға ўчиришади. Бироқ унгача кемага жиддий зарар етиб бўлганди. Шундан сўнг авиаташувчи таъмирлашга юборилади.
2022 йилда «Адмирал Кузнецов»ни таъмирлаш жараёнида яна ёнғин юз беради. Оқибатда кемага жиддий зарар етади. Ҳозир Россиянинг ягона авиаташувчисини таъмирлаш ишлари қачон тугаши ва кеманинг жанговар сафга қайтиш санаси аниқ эмас.
www.alamy.com
Умумий ҳисобда авиаташувчилар билан боғлиқ юздан ошиқ ҳалокатлар содир бўлган ва уларда кўплаб одамлар ҳалок бўлган.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади.