Жамият | 15:10 / 06.11.2018
19987
5 дақиқада ўқилади

Ҳокимиятларда ҳужжатлар қачон тартиб билан юритилади? Қамашилик фермернинг 15 йиллик ҳасрати

Kun.uz таҳририятига ҳар куни турли-туман мурожаатлар келиб тушади. Бири электрон тарзда, бири қўнғироқ орқали ёки қабулхонага келган фуқаролардан тўғридан-тўғри бўлади. Сайт вакиллари бу мурожаатлар изидан халқ дарди билан ҳамнафас бўлишда давом этмоқда.

Навбатдаги мурожаат ҳам шундай, сайт офисига келган фуқаролардан бири, фермер Сайфуддин ака эди. Унинг мурожаати кишини ҳайрон қилдиргулик эмасди. Бугунги кунда бундай эътирозлар туфайли кўплаб фермер ва тадбиркорлар эшик қоқиб келишмоқда. Эътирозлар учун сабаб ҳокимиятлар органларидаги ҳужжат ишларидаги чалкашликлар бўлмоқда.

Ушбу мақолада бир фермернинг 15 йиллик ҳасрати ҳикоя қилинади. Балки бу бир фермер эмас, кўплаб шундай меҳнаткашларнинг йиллар аро йиғилиб келган дард-у ташвишларидир.

«Кенжа бобо Эргашбек» (А) фермер хўжалиги иш бошқарувчисининг бизга тақдим этган ҳужжатларига кўра, ер майдони кўп маротаба «сарсон» бўлган. Яъни, бу ернинг узоқ ҳикояси бор. Қуйида ушбу тарих қисқача баён этилади:

2003 йил 4 ноябрдаги Х-1224/11-сонли қарор асосида фермерга 50 гектар лалми, 168,1 гектар яйлов, 0,6 гектар сув остидаги ерлар, 0,5 гектар йўл остидаги ерлар жами 222,2 гектар ер майдони 30 йилга ижара асосида ер ажратилади.

Қашқадарё вилояти ҳокимининг 2009 йил 31 декабрдаги Х-471-д/12 – сонли қарори асосида ер участкаларини мақбуллаштириш мақсадида бошқа фермерга (Б) берилмоқда (журналистик сир туфайли номини айтишни лозим топмадик).

Қамаши тумани ҳокимининг 2010 йил 5 ноябрдаги Х-721/11 – сонли қарорига асосан ер А фермерга қайтариб берилган.

Орадан 1,5 ой ўтиб, ҳокимнинг 2010 йил 17 декабрдаги Х-1025/12 – сонли қарори билан яна Б. фермерга қайтарилади.

Шундан сўнг, туман прокурори томонидан Х-1025/12 – сонли қарорга нисбатан протест келтирилган. Протест мазмуни бўйича қарор ноқонуний қабул қилинган.

2011 йил 2 июль куни туман ҳокимининг Х-743/7 – сонли қарори билан прокурор протести инобатга олиниб, ер яна А фермерга қайтарилади.

2012 йил 26 июль кунги Х-508/7 – сонли қарорда эса ушбу ер майдони Б фермер балансида кўрсатилмаган. Демак, ер захирада ёки А фермерда бўлиши керак.

2013 йил 27 май куни Қашқадарё вилоят прокуратурасининг 11-5/2013 сонли протестига асосан Х-721а/11 – сонли вилоят қарори бекор қилинган.

2016 йил 30 май куни Қашқадарё вилоят ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси томонидан туман ҳокимига ҳолатни аниқлаштириш мақсадида тақдимнома киритилади. Шу йилнинг 16 июнь куни туман кадастр бўлими ер А фермерда экани қонунийлигини тасдиқлаб, туман ҳокимига буни эътироф этиш таклифини беради. 21 июнь куни туман Фермерлар кенгаши томонидан ҳам бу бўйича таклиф берилган.

2017 йил 28 сентябрда А фермерга берилган хатда ҳам туман кадастр бўлими ер А фермерга тегишли экани тасдиқланган.

Юқоридаги ҳужжатларда ер А фермерга тегишли эканлиги ўз тасдиғини топса ҳам, туман ҳокимининг 2018 йил 28 февраль кунги Х-296/02 – сонли қарори билан ер Б фермерники сифатида кўрсатилади ва захирага олиш белгиланади.

Шу сабабдан ушбу қарорни қонуний эмас деб ҳисоблаб, бекор қилиш масаласини сўраб, 18 август куни прокурор протест келтиради.

Туман ҳокими ушбу протестни инобатга олиб, 28 сентябрь куни ҳоким протестни қисман қаноатлантириш бўйича қарор чиқаради. Лекин, қарорда қаноатлантириш чоралари белгиланмаган.

Ушбу ҳолатни аниқлаштириш фикри билан туман ҳокими билан боғландик. Ҳоким ер тендерга қўйилгани ва суд орқали ҳужжат олиб келинса, тендерни тўхтатиб туришини айтди.

Ушбу масала юзасидан фермер ҳокимият билан судларда кўп маротаба учрашган.

Диққатимизни тортган масалалардан бири, вилоят судида Қамаши солиқ инспекцияси томонидан маълумот келтирилган. 2018 йилнинг 25 июнидаги 13/Х-411 – сонли маълумотномада, А фермер хўжалиги 2009-2015 йилларда солиқ инспекциясига ҳисобот тақдим этмаган деб келтирилган.

Орадан бироз ўтиб, фуқаронинг ўзи инспекциядан маълумот сўраган. 19 июль кунги 13/4-01265 – сонли хатда фермер хўжалиги солиқ ҳисоботини инспекцияга тақдим этиб келмоқда, дея кўрсатилган.

Бир инспекция томонидан, бир шахс томонидан икки хил мазмундаги хужжат. Қайси бири тўғри эканлигини солиқчини ўзи билар балки?

Фермерлардан бирини ҳақ, иккинчисини ноҳақ дейишдан йироқмиз. Ҳужжатлар сарҳисоб қилинганда, эътироз бошқа томонга қаратилади. Давлат идораларида ҳужжатларнинг тартиб-интизоми юритиладими? Қачонгача бир ер учун икки хил қарор чиқарилаверади?

Ҳозирги кунда фермер судга мурожаат қилишга тараддудланган. Қайси томон ҳақ эканлигини эса одил суд ҳал қилиб беради, деган умиддамиз.

Маълумот учун, юқоридаги ҳужжатлар таҳририят ихтиёрида сақланмоқда.

Баҳодир Аҳмедов
Kun.uz мухбири

Мавзуга оид