Ўзбекистон | 08:28 / 26.05.2021
2956
3 дақиқада ўқилади

Тошкент вилоятида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш учун 100 млн доллар ажратилади

Президентнинг “Тошкент вилоятида тадбиркорликни янада қўллаб-қувватлаш ва муҳандислик-коммуникация тармоқларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ҳужжатга асосан, Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳисобидан қуйидагилар учун йўналтириладиган 100 млн доллар эквиваленти миқдорида маблағ ажратилади:

  • Президентнинг 2021 йил 27 мартдаги ПҚ-5041-сон қарори талаблари доирасида "Ҳар бир оила - тадбиркор" дастури учун тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга - 50 млн доллар эквиваленти;
  • иссиқлик таъминоти тизимини, ичимлик суви таъминоти ва оқова сув тармоқларини яхшилаш, автомобиль йўлларини қуриш-таъмирлаш ишлари ҳамда Тошкент вилоятининг туман (шаҳар) ободонлаштириш бошқармалари моддий-техника базасини мустаҳкамлашга - 50 млн доллар эквиваленти.

Шу жумладан, қуйидагиларга:

а) иссиқлик таъминоти тизимини тиклаш ва ривожлантиришга - 19 млн доллар эквиваленти;

б) ичимлик суви таъминоти ва оқова сув тармоқларини яхшилашга - 17 млн доллар эквиваленти;

в) автомобил йўлларини қуриш-таъмирлаш ишларига - 10 млн доллар эквиваленти;

г) Тошкент вилоятининг туман (шаҳар) ободонлаштириш бошқармаларини қўшимча замонавий махсус транспорт воситалари билан таъминлашга - 4 млн доллар эквиваленти.

"Ҳар бир оила - тадбиркор" дастури учун ажратиладиган маблағлар ваколатли тижорат банкларига қайтариш шарти асосида 7 йил муддатга, 3 йиллик имтиёзли давр билан тенг улушларда МБнинг асосий ставкасидан 4 фоиз паст ставкада ажратилади.

50 млн доллар эквивалентидаги маблағ фоизсиз, ўн йил муддатда қайтариш шарти билан Тошкент вилоятини ободонлаштириш ва фаровонлигини ошириш жамғармасига ажратилади.

Тошкент вилояти ҳокимлигига "Ҳар бир оила - тадбиркор" дастурини амалга ошириш доирасида қуйидагилар бўйича чоралар кўриш топширилди:

  • имтиёзли кредитлар белгиланган тартибда оилаларнинг хоҳиш ва истакларини, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун етарли шароитлари мавжудлигини чуқур ўрганиб, ҳар бир оиланинг таклиф этаётган лойиҳаларига кредит ажратиш мақсадга мувофиқлиги тўғрисидаги хулосалари асосида ажратиш;
  • вилоятнинг туманлар ва шаҳарларида фаолият кўрсатаётган хўжалик юритувчи субъектлар томонидан аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига мақбул нархларда мини-технологиялар, асбоб-ускуналар, чорва моллари (наслдор қорамол, қўй, эчки), парранда, балиқ, асалари уяси, чорва озуқаси ҳамда бошқа зарур хомашё ва материалларни етказиш, ихчам иссиқхоналар қуриб бериш ва бошқа хизматлар кўрсатиш.

Шунингдек, 2021 йилда Тошкент вилоятининг туман (шаҳар) ободонлаштириш бошқармаларини замонавий махсус транспорт воситалари билан жиҳозлаш параметрлари тасдиқланди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид